SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
13.04.2018 / Bo‘limda Islom tarixi, Maqolalar, Yangiliklar

Пайғамбарларнинг бир-бирларидан афзаллиги ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг алоҳида хусусиятлари

Бутун инсониятга юборилган пайғамбар ва набийларнинг бир-биридан афзаллиги Аллоҳнинг шариати ва илоҳий дастурида айтиб қўйилган. Улул азм (сабот, матонат эгалари бўлган) пайғамбарлар – Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Бу зотлар  пайғамбарларнинг энг афзалларидир. Айниқса, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Тур тоғида, Муҳаммад алайҳиссалом билан Меърож кечаси нур мақомида бевосита мулоқот қилиши ҳар бирлари алоҳида-алоҳида фазилатга мушарраф бўлганини англатади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Булар Пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазллик қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган»[1]. Муфассирлар айтишича, Аллоҳ таолонинг «баъзиларининг даражасини кўтарган», деган сўзида Муҳаммад алайҳиссалом назарда тутилган. Чунки у зот араб ва ажамларга, бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборилган ва қўлларида кўплаб мўъжизалар содир бўлган. Олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ўлжалар у зотга ҳалол қилиниб, у зотга берилган фазилат ёки каромат бирон пайғамбарга ато этилмаган. У зот мушарраф бўлган энг улуғ фазилатлардан қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин: Аллоҳ таоло у зотдан олдинги пайғамбарларга: «Эй Одам, эй Нуҳ, эй Иброҳим, эй Мусо, эй Исо», деб исмларини айтиб мурожаат қилган бўлса, Пайғамбаримизга: «Эй Набий, эй Росул» дея хитоб қилиб, мўминларга у зот билан сўзлашганда росуллик сифати билан мурожаат қилиш лозимлигини буюради. Аллоҳ таоло: «Пайғамбарнинг орангиздаги чақриғини бир-бирингизнинг чақириғингизга ўхшатманг»[2], дейди. Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: «Албатта, Иброҳим ҳам унинг гуруҳидандир»[3], деган оят ҳақида: «Унинг гуруҳидан» дегандаги «унинг» замири (олмоши) Муҳаммад алайҳиссалом дини ва йўлига далолат қилади», дейди. Бу оятнинг умумий маъносига диққат қаратсак, Иброҳим ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг гуруҳидан, деган маъно чиқади. Замирнинг лафзан олдин зикри ўтмаган сўзга қайтиши араб тилида жоиз ҳисобланиб, кенг тарқалган баён услубидир. Бунга мисол қилиб Аллоҳ таолонинг «У деди: Албатта мен Роббимнинг зикридан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто у(қуёш) парда ила беркинибди-ку»[4], деган оятини келтириш мумкин.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам Сарвари оламнинг хусусятларига далолат қилади. У киши айтади: «Улар (саҳобалар): «Эй Аллоҳнинг Росули, сизга пайғамбарлик қачон вожиб бўлган?», дейишди. У зот: «Одам руҳ ва жасад орасидалигида», деб жавоб қилдилар». Бошқа ривоятда «Одам лойидалигида», дейилган.

Қуръони каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари улуғлиги, мақомлари юксаклиги ва бошқа Пайғамбарлардан афзал эканларини баён қилувчи бир талай хабарлар келган. Шулардан бири Аллоҳ таолонинг:

«Аллоҳ Пайғамбарлардан: «Сизга китоб ва ҳикмат берганим учун ортингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз, деб аҳду паймонларини олиб туриб: – Иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми?» деганини эсла. У : «Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман», деди»[5], деган сўзидир. Абул Ҳасан Қобисий роҳматуллоҳи алайҳ бу оят ҳақида: «Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа бирон кишига ато этмаган фазилатни бериб, уни аниқ-тиниқ айтиб қўйган. Бу фазилат Аллоҳ таолонинг мана шу оятида зикр этилган», дейди. Муфассирлар сўзига кўра, Аллоҳ таоло аҳду паймонни ваҳий орқали олган. Қайси пайғамбарни юбормасин, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг сифатини билдириб, агар у зотга замондош бўлиб қолгудек бўлса, албатта иймон келтириб эргашиши шартлиги тўғрисида ундан аҳд олган. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар жиҳатдан афзалликларини ўз ичига қамраб олган кўплаб оятлар борки, шулардан бири Аллоҳ таолонинг:

«Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам. Биз улардан салмоқли аҳду паймон олдик»[6] деган сўзи ва яна бири: «Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Пайғамбарларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик», оятидан бошлаб, «Гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур»[7], деган маънодаги оятгачадир. Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг йиғлатган сўзида шундай деганди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Росулуллоҳ, Аллоҳнинг ҳузуридаги фазилатингиз шу даражада юксак эканки, сизни охирги пайғамбар қилиб юборган бўлса ҳам, уларнинг аввалида зикр этди. «Набийлардан аҳду паймонларини олганимизни эсла! Сендан, Нуҳдан, Иброҳимдан, Мусодан ва Ийсо ибн Марямдан ҳам» дея дастлаб муборак номингиз келтирди. Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Росулуллоҳ, У Зот ҳузурида мақом ва мартабангиз улуғлигидан, дўзах аҳли унинг табақаларида азобланар экан, сизга итоат этмаганликларидан афсус-надомат чекиб: «Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Росулга итоат қилсак эди», дейдилар»[8]. Яъни, бундай азобга йўлиқмаган бўлар эдик, дейишади. Пушаймонлик зинҳор фойда бермайдиган пайтда ахтарилган илж асқотмайди.

Қатода роҳматуллоҳи алайҳ келтирган ривоятда Росулуллоҳ алайҳиссалом: «Яратилишда Пайғамбарларнинг аввалгиси, юборилишда охиргиси бўлдим»,[9] дейдилар. Шу боисдан ҳам мазкур оятда номлари Нуҳ ва бошқа пайғамбарлардан олдинда  қайд этилган. Абу Лайс Самарқандий айтади: «Бунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзаллигини билдириш бор. Чунки охирги пайғамбар бўлишларига қарамай, номларини улардан олдин хослаб зикр қилинди». Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло уларни Одам алайҳиссаломнинг умуртқасидан чиқарганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш ва эргашиш ҳақида улардан аҳд-паймон олган. Демак, Пайғамбарлардан Аллоҳ таолонинг: «Роббингиз эмасманми?»- деганида», «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!», деган сўзида ишора қилинган умумий аҳддан ташқари пайғамбарликни етказиш тўғрисида ҳам алоҳида аҳд олинган. Келтириб ўтилган Қуръоний оятлар Пайғамбаримизнинг барча пайғамбарлардан афзаллигига далолат қилади. Агар юборилган замони жиҳатидан қаралганда улардан кейин келган бўлсалар ҳам.

Мазкур оятларни кўплаб ҳадислар ҳам тасдиқлайди. Шулардан бири Имом Термизий Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло мени пайғамбарларнинг афзали қилди. Бизлар учун ўлжаларни ҳалол қилди», деган сўзлари фикримиз далилидир. Яна Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг халили ва унинг шундай экани ҳақ. Албатта, Мусо Аллоҳнинг нажий(сирдош)идир ва унинг шундай экани ҳақ. Албатта, Ийсо Аллоҳнинг руҳи ва Унинг калимаси ва унинг шундай экани ҳақ. Албатта, Одамни Аллоҳ танлаб олган ва унинг шундай экани ҳақ. Шак-шубҳа йўқки, албатта мен Аллоҳнинг ҳабибиман, фахрланиш йўқ. Мен Қиёмат куни «ҳамд байроғи»ни кўтарурман, фахрланиш йўқ. Мен Аллоҳнинг ҳузурида аввалгилару охиргиларнинг энг ҳурматлисиман, фахрланиш йўқ. Мен Қиёмат куни биринчи шафоат қилувчи ва биринчи шафоати қабул қилинувчи бўламан, фахрланиш йўқ. Жаннат ҳалқаларини биринчи бўлиб мен ҳаракатлантираман, шунда Аллоҳ менга очади ва унга мени ҳамда мен билан бирга мўминларнинг камбағалларини ҳам киргазади, фахрланиш йўқ» дедилар.


[1] Бақара сураси, 253-оят.

[2] Нур сураси, 63-оят.

[3] Соффат сураси, 83-оят.

[4] Сод сураси, 32-оят. Сулаймон алайҳиссаломнинг тилидан айтилган бу сўзлардан олдинги оятларда «қуёш» сўзи учрамайди. «Ҳатто у» деганда олдин қуёш сўзи ўтмаган бўлса ҳам қуёшни назарда тутилган.

[5] Оли Имрон сураси, 81-оят.

[6] Аҳзоб сураси, 8-оят.

[7] Нисо сураси, 163-166-оятлар.

[8] Аҳзоб сураси, 66-оят.

[9] Ибн Абу Ҳотим «Тафсир»ида, Ибн Лол «Макоримул Аҳлоқ»ида, Абу Нуъайм «Далоил»ида Қатода роаҳматуллоҳи алайҳдан мурсал ҳолда ривоят қилган.

What you can read next

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар ўртасидаги суҳбат
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга энг яқин банда
Муҳим ақидавий масалалар (1-қисм)
Муҳим ақидавий масалалар (1-қисм)
photo 2022 06 10 16 14 09

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP