SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Бир ҳадис шарҳи (9-ҳадис)
26.02.2024 / Bo‘limda Hadis

Бир ҳадис шарҳи (9-ҳадис)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан жуда ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. У зотнинг ҳадислари уламолар томонидан ўрганилиб, бошқаларга етказиш мақсадида турли хил шарҳлар ёзилган. Қуйида ушбу ҳадис борасида уламолар томонидан айтилган баъзи шарҳларни келтириб ўтамиз:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَبْدِ الَّرحْمَنِ بْنِ صَخْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ :» مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ ، وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ ، فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِيْنَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلَافُهِمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ .« رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра Абдурроҳман ибн Сохр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: “Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан тийилинглар ва сизларни нимага буюрган бўлсам, қодир бўлганингизча уни бажаринглар. Албатта сизлардан олдинги кишиларни ўз пайғамбарларига кўп савол қилганлари  ва уларга ихтилоф қилганлари ҳалок қилган”, деб айтганларини эшитдим”, деб айтди. Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисни Имом Нававий ўзининг “Ал-Арбаъунан Нававийя” китобида тўққизинчи ҳадис рақами билан келтирган.

Ҳадис ровийси бўлган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳақида:

Бу саҳоба Абу Ҳурайра деб номланиши ҳақида Ибн Абдул Бар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: У киши: “Мен бир куни енгим ичида мушукни кўтариб олган эдим, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриб: “Нима бу”, дедилар. Мен: “Мушук”, деб айтдим. Шунда у зот: “Эй Абу Ҳурайра”, деб айтдилар”, деди. Унинг исми борасида турли хил фикрлар айтилган бўлиб, унинг энг тўғриси Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек Абдурроҳман ибн Сохр бўлган. Жоҳилият пайтидаги исми Абдушшамс ибн Сохр бўлган, у мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг исмини Абдурроҳман ибн Сохр деб ўзгартирганлар. Бу саҳоба Хайбар йили мусулмон бўлган ва бу жангда иштирок этган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу илмга рағбат қилгани боис, қорни тўйишига қаноат қилиб, доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишга ҳаракат қилган. Шу сабабли у киши энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба деб айтилади[1]. У киши 5374 та ҳадис ривоят қилган[2]. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саҳоба ва тобеинлардан саккиз юздан ортиқ киши ҳадис ривоят қилган”, деб айтган. Бу улуғ саҳоба ҳижрий эллик еттинчи йили Мадинада вафот этган ва Бақиъ қабристонига дафн қилинган.[3]

Бу ҳадис ворид бўлиши сабаби:

Бу ҳадисни Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ” ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб: “Эй Инсонлар! Дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди, ҳаж қилинглар”, деб айтдилар. Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, ҳар йилдами ?” (яъни, ҳар йилда бизга ҳаж фарз бўладими), деб айтди. У зот жим турдилар. Ҳатто у уч марта айтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар ҳа, деб айтганимда у  (ҳар йили) фарз бўлиб қолар эди, ҳаргиз тоқатларингиз етмасди”, дедиларда, сўнгра: “Мен айтмаган нарсаларни мендан сўраманглар. Сизлардан олдингилар набийларидан савол сўрайверганлари ва улар билан ихтилоф қилганлари туфайлигина ҳалок бўлишган. Қачон сизларни бирор нарсага буюрсам, кучингиз етганича уни бажаринглар, қачон сизларни бирор нарсадан қайтарсам, ундан четланинглар”, дедилар”.[4]

Бу ҳадисдаги савол сўраган киши Ақроъ ибн Ҳобис экани айтилган. Ибн Можа ўзининг “Сунан”ларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилган: “Ақроъ ибн Ҳобис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, ҳаж ҳар йилдами ёки бир мартами?”-деб сўради. У зот: “Балки, бир мартадир, ким қодир бўлса, у нафлдир”, дедилар.[5]

Ҳадис шарҳи:

Ҳадисдаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан тийилинглар”, деган гаплари ҳаром ва макруҳларни ҳам ўзи ичига қамраб олади. Яъни у зот нимадан қайтарган бўлсалар ўша нарсадан қайтиш, тийилиш лозим бўлади.

Ҳадисдаги  у зотнинг: “Сизларни нимага буюрган бўлсам, қодир бўлганингизча уни бажаринглар”, деб айтган гаплариҚуръони Каримнинг қуйидаги оятларига мувофиқ келади: Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ таоло сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят).Бошқа оятда эса, шундай дейди: “Аллоҳ таоло ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди” (Бақара сураси, 286-оят).

Ушбу ҳадис ва оятлар Қуръони Каримнинг қуйидаги оятини хослайди: Аллоҳ таоло шундай дейди: “Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар” (Ҳашр сураси, 7-оят).

Шунингдек, бу ҳадиси шариф Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига мувофиқ келади: “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят). Баъзилар, бу оят Аллоҳ таолонинг: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят), деган сўзини баёни учун келган, дейишади.

Баъзилар эса, бу оят, яъни Тағобун сураси, 16-ояти Оли Имрон сураси, 102-оятини насх қилган, дейишади. Чунки, бу оят нозил бўлганда саҳобалар машаққатга тушиб қолишган ва: “Қайси биримиз бунга тоқат қила олади”, деб қолишган. Шунда “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят) ояти нозил бўлган, дейишади.[6]

Имом Суютий роҳимаҳуллоҳнинг “Ад-Дуррул мансур” китобида Қуръони Каримдаги “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) оятининг тафсири борасида қуйидагилар келтирилган:

Ибн Жарир Робийъ ибн Анас роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: У киши шундай дейди: ““Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) ояти нозил бўлгач, сўнгра ундан кейин “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят) ояти нозил бўлди ва бу оят Оли Имрондаги ушбу оятни насх қилди”.

Абд ибн Ҳумайд Икрима роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: У киши ““Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” (Оли Имрон сураси, 102- оят) оятини шундай тафсир қилган: “Аллоҳ таолога итоат қилинмоғи ва осийлик қилинмаслиги, Аллоҳ таоло зикр қилинмоғи ва эсдан чиқарилмаслиги”.

Икрима роҳимаҳуллоҳ айтади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Мана шу (яъни, “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг” ояти) мусулмонларга оғир бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло шундан кейин “Аллоҳга қўлингиздан келганича тақво қилинг….” (Тағобун сураси, 16-оят) оятини нозил қилди.[7]

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадис борасида шундай деган: “Бу ҳадисдан қайтариқ буйруқдан кўра қаттиқроқ экани маълум бўлади. Зеро, қайтариқда бирор нарсага рухсат берилмади. Буйруқда эса, “қодир бўлганингизча” қайди билан келди. Шунингдек, бу ҳақида уламолардан бири шундай деган: “Яхши амалларни солиҳ ва фосиқ инсонлар ҳам қилаверади, аммо гуноҳлардан фақатгина сиддиқлар тийиладилар”.

Бу ҳадиси шарифдан, “Зарарларни даф қилиш манфаатларни жалб қилишдан кўра авлороқдир”, деган машҳур қоида ишлаб чиқилган[8]. Бу қоидага қуйидагиларни мисол қилиш мумкин: “Экинингни суғорасанми ёки уйингдаги ёнғинни ўчирасанми? дейилса, албатта дастлаб ёнғин ўчирилади”. Шунингдек, ўзига фойда келтирадиган иш қўшнига зарар етказадиган бўлса, бу иш тарк қилиниши керак. Масалан, тегирмон бор уйнинг атрофи чанг тўзон бўлиб ётади ва бу қўшниларга зарар беради. Бу ҳолатда қўшнилардан изн олиб қилиниши керак.

Демак, зарар билан фойда қарама қарши келиб қолса, зарарини кетказиш фойдасидан кўра афзал саналади. Чунки, шориънинг қайтариқларга эътибор бериши буйруқларга нисбатан кучлироқдир. Бу ҳақида инсоннинг жисмига тегишли бир ҳикматли гап борки, “дори истеъмол қилишдан кўра, касалликни олдини олган яхшироқдир”.

Ҳадисдаги  у зотнинг “Албатта сизлардан олдинги кишиларни ўз пайғамбарларига кўп савол қилганлари  ва уларга ихтилоф қилганлари ҳалок қилган”, деган гапларидан, олдинги қавмлар ўзларига зарур бўлмаган нарсалар ҳақида пайғамбарларидан сўраганлари ва уларга исён қилганлари сабабли ҳалок бўлганлари баён қилинмоқда. Бунга Бани Исроилнинг сигир воқеасидаги ҳолатларини мисол қилиш мумкин.

Бу ҳадис “жавомиъул калим”  яъни “кўп маъноларни қисқа лафзлар орқали баён қилиш” қабилидан бўлган ҳадислардан биридир. Бу ҳадис бир қанча ҳукмларни ўзида қамраб олгандир:

1. Ман қилинган ишларни тарк қилишнинг вожиблиги.

2. Буюрилган ишларни қилишнинг вожиблиги.

3. Ихтилоф ва фитнага олиб борадиган ихтилофларнинг ҳаромлиги.

4. Фитна ва ихтилофга олиб борадиган заруратсиз саволларни кўпайтиришнинг ҳаромлиги.

Чунки, ҳадисда “ҳалок қилди” деган лафз билан таҳдид қилиниб, ўша ишдан қайтариляпти. Қайси ўринда бирор нарса билан таҳдид қилинса, унинг ҳаромлигини тақозо қилади. Шунингдек, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон сураси, 103-оят), деб бўлиниб, тарқоқ бўлиб кетишдан қайтаряпти. Зеро, ихтилоф қилиш қалбларнинг бўлиниб кетишига сабаб бўлади. Бунга Хаворижларни мисол қилиш мумкин. Чунки, ҳаромга олиб борадиган иш ҳам ҳаром бўлади.

Заруратсиз кўп савол бериш ўша инсоннинг қайсар ва ўжарлиги аломати бўлади. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: “У зот қийлу қолдан, кўп савол беришдан ва молни зое қилишдан қайтарардилар”. Бухорий ривоят қилган.[9]

Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул саволлардан қайтардилар””. Абу Довуд ривоят қилган.[10]

Бу ҳадисда келган “мушкул саволлар” деб таржима қилинган лафз ҳадисда “ал-ғолутот” ва бошқа ривоятда эса, “ал-уғлутот” деб келган. Бу лафзнинг маънолари ҳақида уламолар қуйидаги фикрларни айтишган:

Имом Авзоъий роҳимаҳуллоҳ уни “қийин саволлар” деб таърифлаган. Баъзилар уни “нозик саволлар” деб номлаган. Ийсо ибн Юнус роҳимаҳуллоҳ эса, уни “эҳтиёж бўлмаган нарса” деб айтган.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳнинг бандаларини қайғу ғамга солиш мақсадида фитнали, жумбоқли саволлар орқасидан эргашиб юрадиган кишилар Аллоҳ наздида энг ёмон бандалардир.”[11]

Имом Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло бандасини илмнинг баракасидан маҳрум қилмоқчи бўлса, унинг тилига мушкул, фитнали саволларни келтириб қўяди. Мен уларни энг илми оз инсонлар деб ўйлайман”, деб айтган.

Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ва улардан бошқа фозил саҳобалардан бири бирор масала ҳақида сўралса, у: “Бу иш содир бўлганми?” деб айтарди. Агар: “Ҳа”, дейилса, у ўз илми билан жавоб берган ёки ўзидан бошқага тавсия қилган. Агар: “Йўқ”, дейилса, у: “Бу иш содир бўлмагунича, бу саволни тарк қилгин”, деб айтарди.[12]

Юқорида айтилган гаплар бировни машаққатга солиш, уни синаш ёки хижолатга қўйиш ёки сохталик мақсадида сўраладиган саволларга тегишлидир. Аммо, инсон ўрганиш мақсадида савол берадиган бўлса, бу киши савол бергани учун савобга эга бўлади. Зеро, бу шариатимиз кўрсатмасидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранглар”. (Наҳл сураси, 43-оят)

Айниқса савол сўраладиган киши илм ва маърифат соҳиби бўлса, у кишидан саволлар сўраб ўрганиб қолишга интилиш лозим бўлади. Бу ҳақида ажойиб бир ҳикматли гап борки: “Агар сенинг сув ичишдан ўзга чоранг йўқ бўлса, катта денгиздан сув ичишга интил”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, барчамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга эргашишимиз, у зот олиб келган барча ҳукмларга эътироз билдирмасдан иқрор бўлишимиз лозим. Зеро, у зот Аллоҳ таолога муқарраб қиладиган барча нарсага буюрганлар ва Аллоҳдан узоқ қиладиган барча нарсалардан қайтарганлар.

Ушбу мақолани “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон Мулла Алий Қорийнинг “Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн” китоби ва бошқа манбаалар асосида тайёрлади


[1] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 319-бет.

[2]  Тайсийру мустолаҳил ҳадийс. Доктор Маҳмуд ат-Тоҳҳан. 244-бет.

[3] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 319-бет.

[4] Саҳиҳ Муслим, 1337-ҳадис.

[5] Ал-Вофий фи шарҳил арбаъийнан Нававийя”. Мустофа ал- Бағо, Муҳйиддин Мисту. 53-бет.

[6] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 321-бет.

[7] Жалолиддин Суютий “Ад-Дуррул мансур”, 283-бет.

[8] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 322-бет.

[9] Саҳиҳул Бухорий, 7292-ҳадис.

[10] Сунани Абу Довуд, 3658-ҳадис.

[11] Жомиъул улум вал ҳикам би шарҳи хомсийна ҳадисан мин жавомиъил калим.  Ибн Ражаб Ҳанбалий.

[12] Ал-Мубийнул муъийн ли фаҳмил арбаъийн. Алийюл Қорий. 324-бет.

What you can read next

Zahar
Omonat
Ҳурматга сазовор зотлар – олиму уламолар
Суннатнинг ҳақиқати
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар, десангиз...” туркумидан
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматда менга шафоатчи ва гувоҳ бўлсинлар, десангиз…” туркумидан 15- ҳадис

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP