Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини икки қисмга ажратиш мумкин:
- Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ваҳий қилинган суннатлар;
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ижтиҳод қилган суннатлар.
Ваҳий орқали Қуръони карим нозил бўлганидек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари ҳам ваҳий орқали нозил бўлади. Аммо Қуръони карим мўжиз (ожиз қолдирувчи) этиб нозил қилинган. У зотнинг суннатлари эса унинг маъносини тўлдириб, мукаммаллаштиради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Огоҳ бўлинглар! Албатта менга Китоб (Қуръон) ва у билан бирга унинг мислича нарса берилди. Бир киши ўз ўриндиғига суянган ҳолда ушбу Қуръондан гапиради. Унда ҳалол деб топган нарсангизни ҳалол денг, ҳаром деб топганингизни ҳаром денг…” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Ҳасан ибн Атийядан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом суннатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни қандай олиб тушган бўлса, худди шундай олиб тушдилар ва у зотга Қуръонни таълим берганларидек таълим берди” (Доримий ривояти).
Макҳулдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло менга Қуръонни ва унинг мисличалик ҳикматни берди” (Бу ердаги ҳикмат ҳам суннатдир).
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 4 хил кўринишда ваҳий нозил қилган:
- Илҳом бериш орқали. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига маъноларни тушириш билан. Бунинг мисоли қуйидаги ҳадисдир:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муқаддас руҳ (Жаброил алайҳиссалом) қалбимга бирор бир нафс ризқи ва ажали тўлиқ бўлмагунича ҳаргиз вафот топмаслигини илҳом қилди. Шундай экан, Аллоҳга тақво қилинг ва сўрашда чиройли бўлинг. Ҳалол нарсани олинг, ҳаром нарсадан четланинг”, дедилар”.
- Жаброил алайҳиссалом одам қиёфасида тушишлари билан. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга ўтирганларида Жаброил алайҳиссалом келиб, одамларга динларини ўргатиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ислом, иймон, эҳсон ва соат (қиёмат) ҳақида сўраганлари бунга мисол бўлади.
- Кўзга кўринмайдиган суратда ваҳийнинг тушиши билан. Бунга кўп ишлар мисол қилиб келтириш мумкин.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан. Қуръони карим нозил бўлганда уни баён қилиш учун қилган ижтиҳодлари Қуръони каримга шарҳ ҳисобланади. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм қилган масалаларнинг барчаси Қуръони каримдан фаҳмлаган нарсалардир”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суннат Аллоҳ таоло томонидан бўладими, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ижтиҳод қилинганми, барибир, унга амал қилиш лозим ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийдан бошқа ишни қилмаганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зот ҳақида шундай деган: “У ҳаводан гапирмайди. У айтган гап ваҳийдан бошқа нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4-оятлар).
Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло томонидан қилинадиган ваҳий икки қисм экан. Биринчиси мўжиза бўлиб, у тиловат билан ваҳй қилинган. Иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берилган илҳом тарзида ваҳий қилинган.






