“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида соҳа мутахассисларини жалб этиб “Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш ҳамда адашган оқимларга раддия бериш кўникмалари ва услублари” номли махсус курс доирасида семинар-тренинг машғулотлари олиб бориш йўлга қўйилган. Бугун, 20 апрель куни мазкур махсус курсни Тошкент давлат юридик университети “Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупсияга қарши кураш” кафедраси дотсенти Маъруфжон Қурбонов “Ўзбекистонда Давлат ва дин муносабатлари” ва ““Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги) Қонунининг ўзига хос жиҳатлари ва диний бағрикенгликни таъминлашдаги ўрни” мавзуларида олиб борди.
М.Қурбонов ўз маърузаси давомида қуйидаги маълумотларни талабалар билан ўртоқлашди:
Инсон ва фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишларида диний ташкилотларнинг муҳим ўрни бор. Давлат билан дин ўртасидаги муносабатларда субъект сифатида бир томондан эътиқод қилувчилар, яъни фуқаролар, иккинчи томондан давлат ва учинчи томондан диний ташкилотлар қатнашади.
Бугунги кунда дин билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчи фуқаролар ва давлатнинг ўрни ва аҳамияти бирмунча ойдин бўлса-да, диний ташкилотлар ҳақида, уларнинг мақоми ва вазифалари, фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлиш виждон эркинлиги соҳасидаги билим ва кўникмаларнинг янада ортишига хизмат қилади.
Республикамизда давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланган.
Баъзи ҳуқуқий адабиётларда “виждон эркинлиги” ўрнида “эътиқод эркинлиги” тушунчасини ҳам учратиш мумкин. Aслида “эътиқод” (арабча “иътақада” феълидан) сўзи ҳам кўп маъноли сўзлар жумласига кириб, ишонч, иймонли бўлиш, кўнгилда тасдиқлаш каби бир неча маъноларга эга. Биз учун керакли бўлган маъносига келадиган бўлсак, Худога ёки умуман ғайритабиий кучларга имон келтиришни англатади.
Эътиқод эркинлиги ҳам виждон эркинлиги сингари шахснинг бирор динни ихтиёр этиб, унга эътиқод қилиш ҳуқуқини англатади. Лекин бу ҳуқуқ виждон эркинлиги қоидалари рухсат берадиган даҳрий бўлиш ҳуқуқини кафолатламайди. Шу каби фарқлар сабабли айрим давлатлар қонунчилигида виждон эркинлиги эмас, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга асосан агар инсон амал қилиб турган динидан чиқадиган бўлса, айрим ҳолларда қонуний жазо санксияларининг қўлланилиши ҳам эътиқод эркинлигининг ўзига хос хусусиятини кўрсатади.
Шунга кўра, айтиш мумкинки, виждон эркинлиги эътиқод эркинлигидан кенгроқ тушунча ҳисобланади.
Виждон эркинлиги тушунчаси халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам атрофлича баён этилган. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида шахснинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган. Унда айтилишича, “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”.
Мазкур нормага кўра виждон эркинлиги шахсга қуйидаги ҳуқуқларни кафолатлайди:
— шахснинг ўз дини ёки эътиқодига эга бўлиш;
— шахснинг ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш;
— таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш;
— ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш.
Давра суҳбати шу ва шу каби барчанинг ҳаётида сув ва ҳаводек зарур бўлган маълумотларга бой бўлди. Талабалар керакли маълумотларни олиш билан бирга мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.
А.Ғаниев
Кўкалдош ЎМИБЮ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи