Билим юртимизда талабаларнинг касбий маҳорати бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, муомала маданияти ва ўз касбига бўлган масъулиятини янада ошириш мақсадида уламолар ва тажрибали имом-хатиблар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган. Шу режага мувофиқ 26 февраль куни билим юртида мударрислар ва талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбатига Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири, “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов таклиф этилди. Тадбирни тарбиячи-мударрис Рустам Ахунджанов олиб борди. Устоз Раҳимберди домла ўз сўзларини талабаларга илм олишда аввало одоб бўлиши лозимлигини таъкидлаб бошладилар. Ёшликда билим олиб, ғайрату шижоатга тўла пайтда бор имкониятни эзгуликка сафарбар этиш, инсон умрининг мазмун-моҳиятини белгилаб беришлиги, бу ҳақида буюк аждодларимиз меросида, жаҳон алломалари ижодида қайта-қайта уқтирилганлиги, бежиз ҳикматларда: “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — дея айтилмайди, дея таъкидлаб ўтдилар. Қуръони Карим оятлари ва муборак ҳадиси шарифлардан мисоллар келтириб мавзуни тушунтирдилар.
Устоз Раҳимберди домла талабаларга илмга амал қилиш лозим эканлигини, илмига амал қилмаган кишининг оқибати ёмон бўлиши ҳамда устозларга доимо ҳурмат-иззатда бўлиб, уларнинг хизматида қоим бўлиб назаридан қолмасликни таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, устоз Раҳимберди домла ўз нутқида юртимиздан етишиб чиққан етук алломаларимизнинг ибратли ҳаёт-фаолиятларидан мисоллар келтирди ва намуна ўрнак сифатида ўзларининг ёшликдан илм олганликлари, устозлари, шу кунгача бўлган фаолиятларини талабаларга сўзлаб бердилар.
Давра суҳбати якунида, ҳар бир миллатнинг истиқболи маълум маънода билимдон ва маърифатли ёшлар қўлида эканлиги, илм-маърифатга, таълим-тарбияга эътибори юксак бўлган халқ фарзандлари эса маънан пок, руҳан соғлом бўлиб етишишларини таъкидладилар. Давра суҳбати сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларини бердилар ва ташриф буюрган меҳмон саволларга етарлича жавоб бердилар.
Тадбирнинг якунида билим юрти мудири Зиёвуддин Мирсадиков мавзуга оид ўз фикрларини билдирдилар ва билим юртига ўз вақтларини аямай ташриф буюрган меҳмонга самимий миннатдорчилик билдирдириб, хайрли дуолар қилдилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати