Мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида, аввало, ёшлар — янги Ўзбекистоннинг пойдевори ва келажаги туради. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган “Ёшлар – келажагимиз” ғояси асосида уларнинг таълим олиши, ўз қобилияти ва иқтидорини тўлиқ намоён этиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда уларнинг эҳтиёжларидан хабардор бўлиб туриш – таълим муассасалари фаолиятидаги устувор йўналишлардан биридир.
Билим юртимизда ҳам ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Талабаларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароити ва эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида махсус маълумотлар базаси шакллантирилди. Унга кўра, 2025–2026 ўқув йили ҳолатига 24 нафар талабалар ижара уйларида ёки яқин қариндошлари билан бирга истиқомат қилмоқда.


Талабаларнинг кундалик турмуш шароитини енгиллаштириш, уларга маънавий ва моддий кўмак бериш мақсадида мадраса раҳбарияти ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида навбатдаги хайрли тадбир ташкил этилди. Унда ижарада яшовчи талабаларга кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.


Тадбир давомида мадраса раҳбарияти талабалар билан самимий суҳбат ўтказиб, уларнинг ўқиш жараёни ва яшаш шароити билан яқиндан қизиқди. Ёшларга эзгу тилаклар билдирилиб, уларни илм йўлида шижоат билан ҳаракат қилишга, вақтни самарали фойдаланишга чорлади.
Талабалар бундай эътибор ва ғамхўрлик учун мадраса раҳбарияти ҳамда ҳомийларга миннатдорлик изҳор этишди. Улар бу каби хайрли амаллар ўзларига катта руҳий куч ва илҳом бағишлаётганини таъкидлаб ўтишди.
Ушбу ташаббус ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиб, бундай хайрли ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
А. Ғаниев
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари





