Толиби илм илм ўрганишдан олдин қиладиган бир нечта амаллар мавжуд. Агар толиби илм бу амалларни қунт билан ўрганиб, амал қиладиган бўлса Аллоҳ таоло унинг илмига барака бериб, зеҳнини бақувват қилади.
Биринчи навбатда қалбини кир-ифлосликлардан тозаломоқлиги лозим. Бу унга илмни яхшилаб ўрганиб, ўзида сақлаб қолиши ва ундан манфаат олиши учун жуда зарур ҳисобланади. Имом Бухорий ва Муслим роҳимаҳумуллоҳларнинг саҳиҳ китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Албатта жасадда бир парча гўшт бор. Агар шу гўшт яхши бўлса, жасад яхши бўлади. Агар шу гўшт бузилса жасад ҳам бузилади. Огоҳ бўлинглар бу қалбдир”. Уламолар айтишади: “Қалбни илм учун поклашлик ерни зироат учун тайёрлаш кабидир”.
Илм ҳосил қилишда унга халақит берадиган нарсалардан узоқлашмоқлиги, озгина овқатга ҳам рози бўлмоқлиги ва ҳаётнинг машаққат ва қийинчиликларига сабр қилмоқлиги лозим бўлади.
Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Илмни киши мол ва азизлик учун талаб қилиб нажот топмагай. Кимки уни нафсни поклаш, қийинчиликда сабр ила яшаш ва уламолар хизмати учун ўрганса нажот топибди. Илм хорликка сабр қилиш билангина юқади”.
Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши бу илмдан ҳоҳлаганига фақирлик унга зарар бериб, кўп нарсаларга уни уринтиргандагина эриша олади”.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Фиқҳни ўрганишга киши бор ҳоҳиш-истагини йўналтириш билан эришади. Эҳтиёж пайтида ози билан кифояланиб, зиёда қилмаслик билан чалғитувчи нарсалардан нажот топади”.
Иброҳим Ажурий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки илмни камбағаллик билан талаб қиладиган бўлса фаҳм-фаросатни мерос қилиб олибди”.
Хатиб ал-Боғдодий роҳимаҳуллоҳ “Жоме ул-одобир ровий вас сомий” номли китобларида шундай деганлар: “Толиби илм имкони бўлса бўйдоқ бўлмоқлиги керак. Чунки уни хотиннинг ҳуқуқлари ва кун кечириш машаққатлари илм ўрганишдан тўсиб қўяди”. Ушбу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирганлар: “Иккиюзтадан кейин сизларнинг энг яхшингиз бели енгилидир. У оиласи ва боласи йўқ кишидир”.
Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кимки аёллар билан овора бўлса нажот топмагай”.
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Агар фақиҳ уйланадиган бўлса кемага минибди. Агар фарзандли бўлса кемаси синибди”.
Суфён роҳимаҳуллоҳ бир кишига “Уйланганмисан?” дедилар. У киши “Йўқ” деб жавбоб қайтарди. Шунда у зот “Сен қандай бир офият узра эканлигингни билганингда эди” дедилар.
Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кимки аёлларга муҳтож эмас экан Аллоҳга тақво қилсин ва аёлларга улфат бўлмасин”.
Буларнинг бари мазҳабимизга мувофиқдир. Чунки бизнинг мазҳабимизда кимнингки никоҳга эҳтиёжи йўқ экан уни тарк қилиши мустаҳаб бўлади. Шунингдек, муҳтож бўлсаю, аммо боқа олмаса ҳам. Икки саҳиҳ китобда келишича:
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ўзимдан кейин эркакларга аёлларданда кўра зарарлироқ фитнани қолдирмаяпман”.
Имом Муслимнинг саҳиҳида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта бу дунё лаззатланадиган ердир. Аллоҳ таоло сизларни у ерга халифа қилиб қўйди ва сизларни нима қилаётганингизга боқади. Дунёга тақво қилинг. Аёлларга тақво қилинг. Чунки Бани Исроил биринчи маротаба аёллар борасида фитналанган”.
Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм ато қилсин! Ўқиган нарсаларимизга амал қилишни насиб айласин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ






