24 апрель куни «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курсининг навбатдаги босқич машғулотларини бошлаган тингловчилар учун давра суҳбати ташкил этилди.


Давра суҳбатида билим юрти ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев, билим юрти ўқув ва услубий бўлими бошлиғи Ж.Холмўминов, «Қуръон карим ва тажвид» бўлими бошлиғи А.Давлетов ва устозлари қатнашдилар. Шунингдек, давра суҳбатига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мутахассиси Фарруҳ Элмирзаев таклиф этилди. Ф.Элмирзаев ўз маърузаси давомида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти, ноқонуний диний таълим олиш ва беришнинг қонун томонидан тақиқланганлиги ва қандай оқибатларга олиб келиши, бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари, диний ислоҳотларнинг жадал суратларда ривожланаётгани ва бошқа масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.


Давра суҳбати давомида Ж.Холмўминов сўзга чиқиб, Қуръони Каримнинг фазилатлари, Қуръонни ўрганишда нималарга алоҳида эътибор бериш кераклиги ҳақида тингловчиларга ўз маслаҳатларини берди.
Ўқув курси раҳбари А.Давлетов ўқув курси тингловчиларининг тартиб-интизомга риоя қилишлари, ўз вақтида дарсга келишлари, белгиланган дарсларга мунтазам иштирок этишлари ва бошқа интизомга оид масалаларда гапирган бўлса, Ф.Элмирзаев тингловчиларга бу курснинг ҳуқуқий жиҳатлари ва бошқа масалаларда керакли маълумотларни бериб ўтди.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти бўлим бошлиғи А.Ғаниев





