7 март куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчи ва талабалари орасида ички туризмни ривожлантириш, мамлакатимиздаги муқаддас қадамжолар ва маданий меросимиз бўлган обидаларни зиёрат қилиш мақсадида Самарқанд вилоятининг тарихий ва диққатга сазовор жойларини кўриш учун зиёрат ташкил этилди. Зиёрат Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Зиёрат туризмни ривожлантириш илмий сектори” билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Режа бўйича дастлаб Самарқанд вилоятидаги имом Бухорий илмий марказида бўлиб, марказ фаолияти ва ундаги музей билан танишдилар. Ҳадис мактабида таълим жараёни ҳамда устоз ва талабалар учун яратилган шарт-шароитларни ўз кўзлари билан кўрдилар. Мисрлик устоз, ҳадис фанлари доктори шайх Маҳмуд Абдуллоҳ “Кўкалдош” талабаларига илм ва унинг фазилатлари ҳақида мазмунли маъруза қилди.
Самарқанд шаҳрига етиб боргач Регистон майдонида бўлиб, Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларини ичкаридан томоша қилдилар. Саёҳатчилар Регистондан чиқиб Ўрта Осиёдаги энг биринчи масжид – Хўжа Хизр масжидига борганларида масжид имоми билан кўришдилар. Имом Маҳмуджон домла меҳмонларга масжиднинг тарихи ҳақида сўзлаб берди. Саёҳатчилар масжид ёнидаги И.Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилинганидан сўнг Шоҳи Зинда мажмуасида бўлдилар. Аср намози ўқилгач, Мотуридий зиёратгоҳига йўл олдилар. У ердаги масъул шахс бу ҳудуднинг тарихини айтиб берди. Қадим замонлардан мавжуд бўлган “Чокардиза” қабристони Самарқандликлар “Турбати Муҳаммадия” деб ҳурмат билан тилга оладиган маскан бўлгани, Муҳаммад исмли катта-катта олимлардан 400 таси шу қабристонда қўним топгани, урушдан кейинги йилларда бу ерлар бузилиб, маҳаллага айлантирилгани, ўтган асрнинг охирги йилларида эса маҳалла кўчирилиб, тарихий аҳамиятга эга қадамжо сифатида бўй кўрсатгани ҳақидаги ҳикояларни талабалар қизиқиб тингладилар.
Илм толиблари бир умрлик улкан таассуротлар билан Тошкентга қайтдилар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





