Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ўзининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Каримда: “Расул сизга нимани берса олинг ва сизни нимадан қайтарса, қайтинг”, деб марҳамат қилган Роббимиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин.“Менинг гапимни эшитиб, сингдириб, ёдлаб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деган икки дунё сарвари бўлмиш набийимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловату саломларимиз бўлсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннам эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар”.
(Насоий ва Байҳақийлар ривоят қилишган.)
Рамазон муборак ой эканлиги ҳақида хабар бергувчи бу ҳадисда Рўзанинг бир қанча фазилатлари санаб ўтилган бўлиб, аввало, унинг фарз қилинганлигидир. Зеро, Аллоҳ таоло:
“Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз”, деган. (Бақара сураси, 184-оят)
Ояти карима сўнггида Аллоҳ: “Шоядки тақво қилсангиз”, деб, рўзадан асосий кўзланган мақсадни баён қилмоқда. Рўза ҳавойи нафснинг ноўрин қўзғалишларини тартибга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга ҳизмат қилади ва инсонни нафс аммора балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажралиб чиқишига ёрдам беради.
Ҳадиси шариф давомида эса мазкур муборак ойда рўза тутиб, нафсини тарбия қилаётган мўминларга хушхабар ўлароқ осмонларнинг эшиклари очилишини баён этмоқдалар. Ўша эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати ва хайр-баракалари ёғилади ва Аллоҳнинг раҳмат фаришталари тушади. Муборак ой ҳурмати сабабидан дўзах эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча тўхтатилиб турилади. Рўзадорларни васваса ва иғво қилмасликлари учун, ўзбошимча шайтонлар занжирбанд этиб қўйилади. “Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир”. Ким шу муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Аллоҳ таоло “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақатгина рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биронтаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандчилик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай”, дедилар”.
Бошқа бир ривоятда:
“Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилар. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шаҳватни ва таомни Мен учун тарк қилур”, деди”, дейилган.
Субҳаналлоҳ! Демак, инсоннинг рўзадан бошқа барча қилган амали ўзи учундир. Фақат тутган рўзаси Аллоҳ учундир. Чунки, рўзадан бошқа амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз риё аралашади. Мисол учун, намоз ўқигувчи кишини одамлар таҳорат қилганини, жойнамоз солиб, намоз ўқиётганини кўрадилар. Аммо, рўзада эса ундай эмас. Кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилиб, кундузи ҳамма билан баробар юради. Ҳеч кимсиз, ёлғиз қолганида рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб оғзини очиб юбормайди. Бу эса рўзанинг Аллоҳ учун тутилганининг белгисидир.
Рўзанинг яна бир фазилати унинг сақловчи эканидадир. У рўзадорни турли ёмон ишлардан, гуноҳлардан, касалликлардан, ахлоқсизликлардан, энг муҳими, дўзахга тушишдан сақлайди. Шу жумладан, “Ким рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биронтаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, “Мен рўзадор одамман”, десин”.
Маълумки, инсон овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб, таом ҳазм бўлиш жараёнида оғзидан турли ҳидлар чиқади. Одатда мазкур ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Аммо, Набийимиз алайҳиссалом рўзадорнинг оғзидан чиқадиган шу ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан афзал эканлигини қасам ила таъкидладилар. Бу ҳам рўзанинг фазли нақадар улуғлигини кўрсатади.
Рўзанинг фазилатлари шулар билан тугаб қолмайди. Кун бўйи рўза тутиб, вақти келганида ифтор қилган инсон ниҳоятда хурсанд бўлади. Аллоҳ амр қилган ибодатни адо этганидан, ҳад-ҳисобсиз савобларга эга бўлганидан, охиратга замин тайёрлаганидан хурсанд бўлади. Охиратда эса Роббига йўлиққанда тутган рўзаси учун жаннатга киритилганидан хурсанд бўлади. Ифторлик вақтидаги ва Роббисига йўлиққандаги хурсандчилик фақат рўза тутган кишилар учунгина бўлади. Бу ҳам рўзанинг буюк фазилатидир.
Аллоҳ таоло барчамизни мазкур ҳадисларга амал қилиб, рўзани мукаммал тутмоқлигимизни ва қиёмат кунида жаннатга рўзадорлар кирадиган эшик Райёндан кирмоқлигимизни Ўзи насиб айласин! Амин!
1-курс талабаси Ҳикматжонов Билолхўжа
(Кўкалдош мадрасаси мақолалар танлови учун.)






