Луғавий маъноси: “Мусалсал” сўзи “Салсала” сўзининг исми мафъули бўлиб , боғланган деган маънони билдиради. Араб тилида “Салсала” деб бир нарсанинг бошқа нарсага занжир каби боғланишига айтилади.
Истилоҳий маъноси: Ровийлари ўзидан олдинги ровийларга ёки ривоятга бирон сифат ёки ҳолатда эргашган ҳадисга мусалсал ҳадис дейилади[1].
Мусалсал ҳадиснинг турлари кўп бўлиб, ровийларнинг ёки ривоятнинг ҳолатлари ва сифатларига қараб турли шаклда бўлади.
Ровийларнинг ҳолатларига келадиган бўлсак, бу уларнинг айтган гаплари ёки қилган ишларига ё бўлмаса бир пайтнинг ўзида ҳам гаплари, ҳам ишларига боғлиқ бўлиши мумкин. Ровийларнинг сифатлари ҳақидаги гап ҳам ҳудди шу кабидир.
Мусалсал ҳадис бир неча турларга бўлинади:
I. Ровийларнинг ҳолатига боғлиқ мусалсал:
- Ровийларнинг айтган сўзларининг ҳолатларига кўра мусалсал бўлиши. Бу турдаги мусалсал ҳадисга қуйидаги ҳадисни мисол қилишимиз мумкин.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига шундай дедилар: “Эй Муоз, албатта, мен сени яхши кўраман. Ҳар бир намознинг кетидан: “Аллоҳим, сенга зикр айтишга, сенга шукр қилишга ва ибодатингни гўзал қилишга менга ёрдам бер” деб айтгин”.
Бу ҳадиснинг ҳар бир ровийси ўзидан кейинги ровийга ҳадисни етказиш асносида ҳудди Пайғамбаримиз алайҳиссалом Муоз ибн Жабалга айтганларидек “Эй Фалончи, мен сени яхши кўраман, шундай дегин” деб айтган.[2] Мана шу ҳолат сабабли бу ҳадис мусалсал бўлган.
- Ровийларнинг феълий ҳолатлари билан мусалсал бўлиши.
Мисол: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимни бирлаштирдилар (ушладилар) ва: “Аллоҳ Ерни шанба куни яратди” дедилар. Бу ҳадиснинг ровийлари кейинги ровийларга ҳадисни қўлларини худди шундай қилган ҳолда ривоят қилганлар[3].
- Ровийларнинг айтган сўзлари ва қилган ишларининг ҳолатларига кўра биргаликда мусалсал бўлган ҳадис.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Банда тақдирнинг яхшисига ва ёмонига, ширинига ва аччиғига иймон келтирмагунча иймон ҳаловатини топмайди”. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз соқолларини ушладилар ва “Тақдирнинг яхшиси ва ёмонига, ширини ва аччиғига иймон келтирдим” дедилар”.
Ушбу ҳадисни ривоят қилган ҳар бир ровий ҳадисни ривоят қилганидан сўнг соқолини ушлаб юқоридаги гапни айтган.[4]
II. Ровийларнинг сифатига боғлиқ мусалсал:
Ровийларнинг сифатлари мусалсал бўлган ҳадислар. Бу турдаги ҳадисларда ровийларнинг сифати қовлий ёки феълий жиҳатидан мусалсал бўлиши мумкин:
Масалан, “Соф” сурасининг қироати ҳақида мусалсал ҳадис келтирилади. Унда ҳар бир ровий: “Фалончи мана бундай қироат қилди” дейиш билан мусалсала қилади. Шунингдек, уларнинг исми бир хил бўлиши мумкин. Худди “Муҳаммад” исмли кишиларнинг ҳадисига ўхшаш. Ёки ровийларнинг ҳаммаси фақиҳ бўлиши ёки барча ровийлар ҳуффоз бўлиши ёки бир жойдан бўлиши мумкин. Худди Басраликлар ва Дамашқликлар ривоят қилган ҳадислар каби.
III. Ривоятнинг сифатига боғлиқ мусалсал:
Ривоятнинг сифатига боғлиқ нарсалар адо қилиш сийғаси ёки замон ёки маконга кўра мусалсал бўлиши мумкин.
Масалан, ровийларнинг барчаси бирор ҳадисни “Эшитдим” деган лафз билан ривоят қилиши мумкин. Ёки барча ровийлар бир ҳадисни фақат ҳайит куни ё бўлмаса фақат бир маконда туриб ривоят қилишлари мумкин.
Мусалсал ҳадиснинг фойдаси. Ибн Салоҳ роҳимаҳуллоҳ “Улумул ҳадис” китобининг 24- саҳифасида шундай деб айтган: “Мусалсал ҳадиснинг энг яхши фойдаси ҳадиснинг эшитишнинг муттасил эканига, ҳамда тадлиснинг йўқлигига далолат бордир. Тасалсулнинг фазилатларидан яна бири ровийлар зобтининг зиёда эканини билдиради”[5].
Мусалсаллик ровийларининг барчасида топилиши шарт эмас. Баъзида мусалсаллик ровийлар санадининг ўртасида ёки охирида топилмай қолиши мумкин. Шундай ҳолатларда бундай ҳадисга нисбатан “Бу ҳадис фалон одамгача мусалсал” дейилади.
Ривоят қилинган мусалсал ҳадислар ичида энг саҳиҳларидан бири “Соф” сурасини қироат қилиш борасида Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис ҳисобланади.
Мусалсал ҳадиснинг ҳукми: Мусалсал ҳадисларнинг ҳаммаси саҳиҳ бўлавермайди. Уларнинг баъзиси саҳиҳ, баъзиси ҳасан, баъзиси заъиф бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳадис саҳиҳ бўлиши учун ҳадис уламолари шарт қилган шартларнинг тўлиқ бўлишига кўра бўлади. У шартлар топилмаса, бу ҳадис саҳиҳ дейилмайди.[6]
Мусалсал ҳадис бўйича бир қанча китоблар тасниф қилинган. Улар қуйидагилардир:
- Жалолиддин Абу Бакр Суютий роҳимаҳуллоҳнинг (911-ҳижрий йилда вафот этган) “Ал Мусалсалут кубро” китоблари бўлиб, бу китоб 85 та ҳадисни ўз ичига олган.
- Жалолиддин Абу Бакр Суютий роҳимаҳуллоҳнинг (911-ҳижрий йилда вафот этган) “Жиядул мусалсалот” китоби.
- Муҳаммад Абдулбоқий Айюбий роҳимаҳуллоҳнинг (1364- ҳижрий йилда вафот этган) “Ал маноҳилус салсалату фил аҳодисил мусалсала” китоби.
- Имом Шоҳ Валийюллоҳ ибн Абдурроҳийм ад-Деҳлавий роҳимаҳуллоҳнинг (1176-ҳижрийда вафот этган) “Ал-Фазлул мубийну фил мусалсали мин ҳадисин Набиййил Амийн” китоби.
- Ибнут Тойласану Абул Қосим ал-Қосим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг (246-ҳижрийда вафот этган)“Ал-Жавоҳирул муфаззолату фи аҳадийсил мусалсалоти” китоби.
Манбалар асосида «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон тайёрлади
[1] .Маърифату улумул ҳадис, 29-бетга, Улумул ҳадис, 248- бетга қаранг. Ат-Тақрибу маъат тадриб 2/187.
[2] Абу Довуд “Витр китобида 2/86, фақатгина 2 та ровийга мусалсал бўлган ҳолида келтирган. Имом Насаий эса, намоз китобида “зикрдан кейинги дуо бобида” 1/192, мусалсала бўлмаган ҳолида келтирган. “Ал маноҳилус салсалату фил аҳодисил мусалсала” китоби 13-15-бетида мусалсала ҳолида келтрилган.
[3] Имом Ҳоким “Маърифату улумул ҳадис” китобининг 33-34- бетида, Муҳаммад Абдулбоқий Айюбий роҳимаҳуллоҳ “Ал маноҳилус салсалату фил аҳодисил мусалсала” китобининг 31-33-бетида бу ҳадиснинг мусалсал ҳолида келтиришган.
[4] Имом Ҳоким “Маърифату улумул ҳадис” китобининг 31-32- бетида, Муҳаммад Абдулбоқий Айюбий роҳимаҳуллоҳ “Ал маноҳилус салсалату фил аҳодисил мусалсала” китобининг 35-38-бетида бу ҳадиснинг мусалсал ҳолида келтиришган.
[5] “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.
[6] Ал-Ийзоҳу фи улумул ҳадис, 661-663-бетлар. “Муъжамул мусталаҳотул ҳадийсийя”, Саййид Абдул мажид ал-Ғоврий.






