Ислом оламида Имом Муслим номи билан танилган зот – Абул Ҳусайн Муслим ибн ал-Ҳажжож ибн Варад ибн Каршон ал-Қушайрий ан-Найсобурий бўлиб, милодий 821-йил, ҳижрий 206-йилда Хуросоннинг Нишопур шаҳрида туғилди. Ҳозирда Эрон ҳудудига тўғри келувчи ушбу шаҳар ўша даврда илм-фан ва маданиятда илғор бўлиб, Ёқут Ҳамавий у ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Нишопур – азим шаҳар ва турфа хил фазилатларга бой, фозилу фузалонинг кони, олиму уламонинг манбаи бўлиб, унингдек зиёрат қилинадиган шаҳарни ҳеч кўрганим йўқ».
Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг болалик йиллари ҳақида манбаларда маълумотлар оз келтирилган бўлиб, у дастлабки таҳсилни ўз отаси ал-Ҳажжож ва бошқа уламолардан олади. Қуръони Каримни ёшлик чоғидаёқ ёд олган. Ибн ал-Асокир «Дамашқ тарихи» асарида ёзишича, Муслимнинг отаси ўз даврининг етук олимларидан бўлган. У ўн икки ёшидан бошлаб, диний илмларни ўргана бошлади. Машҳур тарихчи ал-Хатиб Бағдодий (1002—1071) ўзининг “Тарихи Бағдодий” асарида шундай дейди: “Илмий мажлисларнинг бирида Муслим ибн ал-Ҳажжож олдин сира эшитмаган Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир ҳадисларини зикр этилганида, у дарҳол мажлисни тарк этиб чиқиб кетди. Уйига келгач, шамни ёқиб, уйдагиларига: «Менинг ҳузуримга сизлардан биронтангиз ҳам кирманглар», — деди. Улар: «Бизга бир сават хурмо ҳадя қилганлар» (келтирганлар) дейишди. «Саватни менга келтиринглар,—дегач, улар саватни унга тақдим қилдилар», — деб ёзади. Бу воқеа Муслим ибн ал-Ҳажжож ҳаётининг охирларида, унинг вафотидан бирмунча муддат олдин юз берган. Бу маълумотлардан сезилиб турибдики, Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг оилали бўлганлигига ишора.
Илм билан бир қаторда Муслим ибн ал-Ҳажжож кийим-кечак сотиш билан ҳам шуғуллангани ҳақида манбаларда маълумотлар учрайди. У Нишопурда тижорат билан шуғулланиб, ўзига тегишли кўпдан-кўп мол-мулк, бойликларга эга эди, деб ёзади араб тарихчиси Ибн ал-Имод ўзининг «Шазарат уз-заҳаб» («Олтин бўлакчалари») номли тарихий асарида.
Муслим ибн ал-Ҳажжож ўзига тўқ, бадавлат киши бўлиб, барча молу дунёсини илм олиш ва тарқатиш учун сарфлаган. У киши ўз ҳаёти давомида Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Миср каби мамлакатларда бўлган. Ҳадислар тўплаш иштиёқи кучли бўлганлигидан Муслим иби ал-Ҳажжож бир қанча юртларга сафар қилади, кўпдан-кўп устозу муршидларнинг мажлисларида бўлиб, улардан илм олади, ҳадис эшитади. Хусусан, Хуросоннинг турли шаҳарларида бўлиб, Қутайба ибн Саъийд, Яҳё ибн Яҳё ан-Найсобурий, Исҳоқ ибн Рахвия Башар ибн ал-Ҳакам кабилардан ҳадис илмини ўрганади. Райда Муҳаммад ибн Маҳрон ал-Жамол, Иброҳим ибн Мусо ал-Фарра, ал-Ҳофиз Абу Ғассоғ, Муҳаммад ибн Амр ар-Розийлар билан кўришди. Ироқнинг Бағдод, Куфа, Басра шаҳарларида бўлиб, Аҳмад ибн Ҳанбал, Убайдуллоҳ ал-Каворий, Халаф ибн Ҳишон ал-Базор, Абдуллоҳ ибн Аван ал-Ҳарроз, Сурийж ибн Юнус, Саъийд ибн Муҳаммад ал-Ҳурмий, Абдуллоҳ ибн Муслим ал-Каънабий, Абу Рабийъ аз-Заҳроний, Умар ибн Хафис ибн Ғиёс, Абу Ғассон Молик ибн Исмоил, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юнус кабилар суҳбатида бўлади. Шомда эса Муҳаммад ибн Холид ас-Саксакий, ал-Валийд ибн Муслимлар билан учрашади. Ал-Ҳижозга қилган сафари давомида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварани зиёрат қилади. Бу муқаддас шаҳарларда Исмоил ибн Абу Увайс, Абу Мусъаб аз-Заҳравий, Саъийд ибн Мансур, Муҳаммад ибн Яҳъя ибн Абу Умар, Абдулжаббор ибн ал-Аълолар билан кўришади. — Мисрда бўлганида эса Муҳаммад ибн Рамаҳ, Исо ибн Ҳамад ва Хармада ибн Яҳё кабилар билан танишади. Бу буюк зотлардан ҳадис илмини ўрганади, янги-янги ҳадислар эшитади. Манбаларда Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг ушбу сафарларининг тартиби, яъни қайси шаҳарда қачон бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тахминларга кўра зикр этилган шаҳарларнинг баъзиларида бир неча мартадан бўлган ва ўз юртига қайтгач, ҳадислардан дарс берган уламо мажлисида бўлиб, яна сафарларини давом эттирган. Чунончи, унинг Бағдодга келиши ҳақида кўпгина тарихчилар: «Муслим ибн ал-Ҳажжож Бағдодга бир неча марта келиб, ҳадислардан дарс берган. У Бағдодга (259) 872 йилда охирги марта келганди», деб ёзишган. Шунингдек, манбаларда у 220 йилда ҳаж қилганлиги ва Маккаи мукаррамада ал-Қаънабий ва унинг табақалари билан учрашганлиги ҳақида маълумотлар бор. Демак, у 14 ёшида ҳаж ибодатини адо этган, бундан кейин яна Маккани зиёрат қилгани ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Унинг шайхлари, яъни у ҳадис тинглаган устозлари, уламо тоифасига, ал-Ҳайсам, ибн Хорижа, Шайбон ибн Фарух Абу Шайбанинг ўғиллари Аби Бакр ва Усмон кабиларни ҳам киритиш мумкин.
Муслим ибн ал-Ҳажжож ғоятда обрў-эътиборли, муҳтарам, ўта ҳақиқатгўй, илм аҳли ва уламонинг энг буюк пешволаридан бири эди. Алломанинг бир қанча замондошлари ва шогирдлари бу хусусда ишонарли маълумотлар қолдирганлар. Кўпчилик олимлар Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг илму ирфонда, хусусан, ҳадис ва фиқҳ илмларида энг юқори даражага етишганини якдиллик билан таъкидлаганлар. Ҳадисларни чуқур билишда энг машҳурлардан, унинг арконларидан бири ҳисобланиб, ҳатто баъзилар саҳиҳ ҳадисларни билишда бирор кимсани ундан илгари қўймаган. Бу ҳақда «Саҳиҳ Муслим»га шарҳ ёзган машҳур олим ан-Нававий «Муслимдан кейин ўтган уламодан биронтаси ҳам унинг даражасига етиша олмадилар, унинг даврида яшаган замондошларидан камдан-камларигина унга баробар келмасдан, фақат бир қадар яқинлашишга муваффақ бўлганлар», деб таъкидлаган. Ҳадисларни ёд билишда унга ҳамма бир овоздан тан бериб, ҳатто унга «ҳофиз» лақабини ҳам берганлар. Дарҳақиқат, Муслим ибн ал-Ҳажжож дунёга машҳур тўрт ҳофиз (яъни Абу Заръа, Абдуллоҳ ад-Доромий, имом Исмоил ал-Бухорий, Муслим ибн ал-Ҳажжож)дан бири ҳисобланарди. Ҳадисларни ёд билганларидан «ҳофиз» лақабини олганлар. Ўша даврдаги тартибга кўра энг ками минг, энг кўпи уч минг ҳадисни ёд билишлари шарт эди. Комил илм олишга Муслим ибн-Ҳажжож астойдил ихлос билан киришган, бу хайрли йўлда бутун вужудини бағишлаган, бор иқтидорию умрини сарфлаган эди. Кунлардан бир кун унга умрида! эшитмаган бир ҳадис ҳақида айтиб қолдилар. Шу заҳоти у уйига бориб, дафтар-дафтар қайдлари, ёзувлари ичидан ўша ҳадисни қидира бошлаган. Шу пайт мухлисларидан кимдир унга бир сават хурмо келтириб қолади. У хурмодан битта-битта олиб ер, ўзи эса, бутун вужуди билан ўша ҳадисни қидирарди. Ниҳоят, саватдаги хурмоларни еб, тугатаёзгандагина ўша ҳадисни топади. Тарихчи ал-Шофиъий у ҳақда «ҳадис илмининг аркон (устун)ларидан бири, саҳиҳ ва бошқа кўп китобларнинг муаллифи бўлиб, унинг фазилатлари машҳур, сийратлари ҳар қандай ҳурмат-эътиборга лойиқ зот эди», (Миръат ул-жинон, 2-жилд, 174-бет) деб ёзади. Унинг замондошларидан кўпдан-кўп уламо Муслим ибн ал-Ҳажжождан ҳадис илми бўйича таълим олганлар, унга таяниб ривоят қилганлар. Улардан Муҳаммад ибн Мухаллад, Имом ат-Термизий, Аҳмад ибн Салма, Абу Амду ал-Мусталами, Муҳаммад Абдулраҳоб, ал-Фарра. Йаҳйа ибн Саид, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Суфён, (у «Саҳиҳ Муслим»нинг ровийси) Абу Аввана ал-Исфарайиний ва Маккий ибн Абдон ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Муслим ибн ал-Ҳажжож бошқа баъзи уламолар каби узоқ умр кўрмади, эллик бешларда вафот этди. Вафотидан атиги икки йил аввал Имом Муслим Бағдодга келиб, илмий-ижодий фаолиятини давом эттирди ва она юрти Нишопурда яшади. Муҳаддис 261-ҳижрий йил 24-ражаб (875 йил 5-май) якшанба куни шомда дунёдан кўз юмиб, эртаси душанба куни дафн этилган. Олимнинг қабри Нишопур ташқарисидаги Насробод қабристонидадир.
Ш.Камолов, “Кўкалдош” ислом билим юрти мударриси.






