Бу дунёда инсон катта-ю, кичик турли мусибатларга учраши табиий ҳолатдир. Аллоҳ таоло ҳар бир бандани ўзига хос мусибатлар билан синайди. Баъзи инсонлар мусибатлар билан синалса, баъзилар инсонлар қилган гуноҳлари туфайли мусибатланади. Яна кимлар шу мусибатлар сабабли гуноҳларидан покланса, яна кимлар шу мусибат сабаб Аллоҳнинг ҳузурида даражаси кўтарилади. Бунинг ҳикматини Аллоҳнинг ўзи билгувчидир. Шариъатимизда мусибатга учраган киши нима қилиши кераклиги, қайси ишлардан тийилиши лозимлиги батафсил баён қилинган. Шунга кўра қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз. Мусибатланган одам қуйидаги ишларга амал қилиши лозим:
- Мусибатга учраган одам сабр қилиши. Чунки, мусибатга сабр қилиш Аллоҳ таолонинг амридир. Қуръони Каримда шундай дейилган:
يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ
“Эй, ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир”. (Луқмон, 17-оят)
Ушбу оятда Луқмони Ҳаким ўғлини ҳар бир мусулмон киши қилиши лозим бўлган амалларга буюряпти. Шунга кўра, мусибатларга сабр қилиш Аллоҳ таолонинг буйруғи бўлиб, ким бунга итоат этса савоб олади. Яна бир оятда шундай дейилган:
وَالَّذِينَ صَبَرُوا ابْتِغَاءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً وَيَدْرَءُونَ بِالْحَسَنَةِ السَّيِّئَةَ أُولَئِكَ لَهُمْ عُقْبَى الدَّارِ
“Парвардигорларининг «юзини» истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир”. (Раъд, 22-оят)
Бу ҳақида ҳадиси қудсийда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يقول : « إنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ قَالَ : إِذَا ابْتَلَيْتُ عَبْدِي بِحَبِيْبَتَيْهِ فَصَبرَ عَوَّضتُهُ مِنْهُمَا الجَنَّةَ » يُرِيْدُ عَيْنَيْهِ ، رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло шундай деган: “Агар бандамни икки суюкли нарсаси билан мусибатласам, у сабр қилса, икковининг ўрнига жаннатни бераман” (икки кўзини ирода қиляпти), деганларини эшитдим””. Бухорий ривоят қилган.
- Мусибат етган вақтнинг ўзидаёқ мусибатга сабр қилиш. Инсоннинг бошига мусибат келган заҳоти сабрни лозим тутиши керак. Баъзи инсонлар мусибатга учраган пайтда бақир-чақир, норозилик қилишадида, қўлларидан ҳеч нарса келмагандан кейин, “сабр қилишимиз керак”, дейишиб, ўзларини овутишади. Бу ҳақиқий сабр эмас. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : مَرَّ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِامْرَأَةٍ تَبْكِيْ عِنْدَ قَبْرٍ ، فَقَالَ : « اتّقِي اللهَ وَاصْبِرِي » فَقَالَتْ : إِليْكَ عَنِّي ؛ فإِنَّكَ لَمْ تُصَبْ بِمُصِيْبَتِي وَلَمْ تَعرِفْهُ ، فَقِيْلَ لَهَا : إنَّهُ النَّبيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَأَتَتْ بَابَ النَّبيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَلَمْ تَجِدْ عِنْدَهُ بَوَّابِيْنَ ، فَقَالَتْ : لَمْ أَعْرِفْكَ ، فَقَالَ : « إنَّمَا الصَّبْرُ عِنْدَ الصَّدْمَةِ الأُولى » . مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр олдида йиғлаётган бир аёлнинг ёнидан ўтдиларда: “Аллоҳдан қўрқгин ва сабр қил”,– дедилар.У аёл у зотни танимасдан: “Мендан узоқ бўлинг, чунки, сизга менинг мусибатим етмаган”, – деди. Ҳалиги аёлга: “У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар”, –дейишди. Аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшигига келди ва унинг олдида эшик қоровулларини топмади, сўнгра: “Сизни танимабман”, –деди. Шунда У Зот: “Албатта сабр аввалги зарба бўлган пайтдадир”,–дедилар”. Муттафақун алайҳ.
- Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳар бир нарсадан узоқ бўлиши. Бошига қайғу тушган киши ношаръий ишларни қилишдан ўзини сақлаши керак. Зеро, бу ишлар сабабли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиши мумкин. Бу ишларга қуйидаги амалларни мисол қилишимиз мумкин:
- Дод-вой қилиб йиғлаш.
- Кийими ёки сочларини юлиш.
- Ношукрлик қилиб, Аллоҳ таолони маломат қилиш.
- Одамларга шикоят қилиш.
- Ўзига ўлим тилаш
- Ўта қаттиқ сиқилиш.
Юқоридаги ва бундан бошқа шунга ўхшаш ишларнинг барчаси инсонга бирор фойда бермайди, балки, гуноҳ ва зарардан бошқа нарса эмас. Шунинг учун бу борада биздан шариъатимиз кўрсатмасига амал қилишимиз талаб этилади. Бу ҳақида ҳикматли шеърда шундай дейилган:
Мусибатни сабрла қаршила ҳар он,
Унга сабр қилиш энг маъқул чора.
Дод-войла мусибатинг қилма “дастурхон”,
Халойиққа Роббингдан арз-дод чикора
- Мусибатга учраган киши истиржоъ айтиши ва дуо қилиши. Мусибатга учраган киши “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб, ҳақиқий сабр қилиши керак бўлади. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган.
الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ .أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ
“Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”. (Бақара, 156,157-оятлар)
Шунга кўра, мусибат етган киши чин ихлос билан истиржоъ айтадиган бўлса, унга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати бўлар экан. Шунингдек, истиржоъ айтиш билан бирга, дуо ҳам қилиши керак. У чин ихлос билан дуо қилса, Аллоҳ таоло шу мусибат ўрнига яхши нарса ато қилади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : « مَا مِنْ عَبْدٍ تُصِيبُهُ مُصِيبَةٌ فَيَقُولُ : إنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إلَيْهِ رَاجِعُونَ ، اللَّهُمَّ أْجُرْنِي فِي مُصِيبَتِي وَأَخْلِفْ لِي خَيْرًا مِنْهَا إلَّا أَجَرَهُ اللَّهُ مِن مُصِيبَتِهِ وَأَخْلَفَ لَهُ خَيْرًا مِنْهَا ، قَالَتْ : فَلَمَّا تُوُفِّيَ أَبُو سَلَمَةَ قَالَتْ : مَنْ خَيْرٌ مِنْ أَبِي سَلَمَةَ صَاحِبِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَتْ : ثُمَّ عَزَمَ اللَّهُ لِي فَقُلْتُهَا ، اللَّهُمَّ أْجُرْنِي فِي مُصِيبَتِي وَأَخْلِفْ لِي خَيْرًا مِنْهَا ، قَالَتْ : فَتَزَوَّجْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَابْنُ مَاجَهْ .
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Кимга бирор мусибат етадиган бўлса, у “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, Аллоҳуммъажурний фий мусийбатий ва ахлиф лий хойрон минҳа” (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Аллоҳга қайтувчилармиз. Эй, Аллоҳим! Менинг мусибатимда менга ажр бергин ва менга ундан яхшисини ўринбосар қилиб бергин) деб айтадиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг мусибатида унга ажр беради ва унга ундан яхшисини ўринбосар қилиб беради”. Абу Салама вафот этган пайтда, Умму Салама: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соҳиби бўлган Абу Саламадан яхшироқ ким ҳам бор”, дедида: “Сўнгра, Аллоҳ таоло менга шуни (унинг ўлимини) қарор қилди, шунда, мен буни айтдим: (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) Аллоҳуммаъжурний фий мусийбатий ва ахлиф лий хойрон минҳа, сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдим”, деб айтди. Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Демак, кимга мусибат етадиган бўлса, чин ихлос билан ушбу ҳадисдаги дуони айтадиган бўлса, Аллоҳ таоло у кишига ундан ҳам яхшироқ нарсани насиб қилар экан.
Яна бошқа ҳадиси шарифларда мусибат пайтида дуо қилиш ҳақида шундай дейилган:
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ عُمَيْسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا ، تَقُولُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِأُذُنَيَّ هَاتَيْنِ يَقُولُ: مَنْ أَصَابَهُ هَمٌّ أَوْ غَمٌّ أَوْ سَقَمٌ أَوْ شِدَّةٌ، فَقَالَ: اللَّهُ رَبِّي لَا شَرِيْكَ لَهُ كُشِفَ ذَلِكَ عَنْهُ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Кимга қайғу ёки ғам ёки касаллик ёки фалокат етганда: “Аллоҳу Роббий, ла шарийка лаҳу” (Аллоҳ менинг Роббим, Унинг шериги йўқ), деб айтса, ўша ундан кетказилади”. Табароний ривоят қилган.
Давоми бор….
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон манбалар
асосида тайёрлади.