“Зуҳд” луғатда “рағбатнинг оз бўлиши” маъносида бўлиб, “заҳада фийҳи” дейилса, “ундан воз кечди”, маъносида бўлади.
“Зуҳд” нинг истилоҳий маъноси эса, “дунёдан воз кечиб, охиратга майл бўлиш”, деганидир.
Қуръони Каримда шундай дейилган:
مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآَخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ وَمَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآَخِرَةِ مِنْ نَصِيبٍ
“Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас”. (Шуро сураси, 20 оят)
Яна бошқа оятда кофирлар ҳақида шундай дейилган:
الَّذِينَ يَسْتَحِبُّونَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا عَلَى الْآَخِرَةِ وَيَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَيَبْغُونَهَا عِوَجًا أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ بَعِيدٍ
Улар дунё ҳаётини охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан қайтарадиган ва уни қинғир қилишни истайдиган кимсалардир. Улар (ҳақ йўлдан) йироқдаги гумроҳликдадирлар. (Иброҳийм сураси, 3-оят)
Зуҳд ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ : يَا رَسُولَ اللهِ دُلَّنِي عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ أحَبَّنِي اللهُ وَأحَبَّنِي النَّاسُ، فَقَالَ « ازْهَدْ في الدُّنْيَا يُحِبُّكَ اللهُ، وَازْهَدْ فِيمَا عِنْدَ النَّاسِ يُحِبُّك النَّاسُ ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَه.
Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Мени бир амалга далолат қилинки, уни қиладиган бўлсам, Аллоҳ ҳам ва инсонлар ҳам мени яхши кўришсин”, деди. У зот: “Дунёда зоҳид бўлгин (дунёдан юз ўгиргин) Аллоҳ сени яхши кўради ва инсонларда бўлган нарсалардан воз кечгин инсонлар сени яхши кўришади”, дедилар. Ибн Можа ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ وَأَبِي خَلَّادٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ: » إِذَا رَأَيْتُمْ الْعَبْدَ يُعْطَى زُهْدًا فِي الدُّنْيَا وَقِلَّةَ مَنْطِقٍ فَاقْتَرِبُوا مِنْهُ فَإِنَّهُ يُلَقَّى الْحِكْمَةَ » . رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي » شُعَبِ الإِيْمَانِ »
Абу Ҳурайра ва Абу Холлад розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар дунёда зоҳидлик берилган, гап-сўзи кам кишини кўрсангиз, унга яқинлашингиз. Зеро унга ҳикмат берилибди”, дедилар. Байҳақий “Шуъабил Иймон” да ривоят қилган.
Умар розияллоҳу анҳу шундай деган: “Дунёдаги зоҳидлик қалб ва жасаднинг роҳатидир”.
Юқоридаги оят ва ҳадисларда тарғиб қилинаётган ҳақиқий зоҳидлик нима? Ҳар бир инсон зоҳид бўлиши учун нима қилиши керак? Қуйида шулар ҳақида баён қилинади:
Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳ “Иҳяу улумид дин” китобида шундай деганлар:
“Бир нарсага рағбатнинг йўқ бўлиб, ундан кўра яхшироқ бўлган нарсага рағбат қилишни ифодалаш зуҳд дейилади. Савдо қилиш, алмаштириш ёки бошқа сабаблар билан бир нарсадан юз ўгириб бошқа нарсага рағбат қилган ҳар бир киши, бировга берган нарсасига рағбати кам бўлгани учун ундан воз кечди, бошқа нарсага қизиғиши бўлгани учун бошқадан олган нарсасига, унга юзланди, дейилади. Воз кечган нарсасига нисбатан “зуҳд” дейилади. Қизиққан нарсасига нисбатан “рағбат” деб аталади. Ҳақиқий зуҳд ҳосил бўлиши учун инсоннинг воз кечган нарсасига ҳам аввалда унга нисбатан рағбати бўлган бўлиши лозим. Шунга кўра ким ўзига қизиғи бўлмаган нарсани тарк қилса, у зоҳид дейилмайди. Масалан, тош, тупроқ, ҳашарот каби нарсалардан воз кечган киши зоҳид эмас. Балки ким динор, дирҳам каби инсоннинг рағбати бўлган нарсалардан воз кечса, у зоҳид дейилади”.
Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Зуҳд уч хил кўринишда бўлади:
1. Ҳаром нарсаларни тарк қилиш. Бу умумий барча одамларга лозим бўлган зуҳдир.
2. Ҳалол саналган нарсалардан ҳожатидан ортиғини тарк қилиш. Бу хос инсонларнинг зуҳдидир.
3. Аллоҳга зикр ва ибодат қилишдан тўсиб қўядиган барча нарсаларни тарк қилиш. Бу орифларнинг зуҳдидир.
Биринчи босқичдаги зуҳдни амалга ошириш, барча инсонларга фарздир.
Иккинчи босқичдаги зуҳд мустаҳаб бўлсада, лекин, аввалги босқичдаги зуҳдни ҳосил бўлиши ҳам иккинчи босқичдаги зуҳдга боғлиқ бўлади. Чунки, ҳожатидан ортиқча нарсага кўпроқ берилиб кетган кишининг ман қилинган нарсани ҳам содир қилиб қўйиши эҳтимоли кўпроқ бўлади.
Учинчи босқичдаги зуҳд биринчи ва иккинчи босқичдаги зуҳдни амалга оширгандан кейин ҳосил бўлади.
Имом Ибн Мансур Мақдисий роҳматуллоҳи алайҳ “Шарҳу манаазилис сааирийн” китобининг зуҳд бобида шундай деганлар: “Барча ориф зотларнинг фикрича, зуҳд — қалбнинг дунё ватанидан охират манзилларига сафар қилишидир.
Давоми бор…
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим
юрти мударриси Мадаминов Шокиржон
манбалар асосида тайёрлади.