Ислом динининг арконларидан бири ҳаждир.
Ҳажнинг учта фарзи бор. Улар: 1. Эҳромга кириш 2. Арофотда туриш 3. Ифоза тавофини қилиш.
Ҳажнинг бешта вожиби бор. Улар: 1. Муздалифада туриш 2. Сафо ва Марва орасида саъй қилиш 3. Шайтонга тош отиш 4. Соч олиш 5. Миқотдан ташқаридан келиб ҳаж қилувчилар видолашув тавофини қилиш.
Шунингдек, ҳажнинг қирон ёки таматтуъ навини қилувчи кишилар шукр учун жонлиқ сўйиши ҳам вожиб бўлади.
Мазкур фарз ва вожиб амалларни ҳаммасини ҳаж жараёнида божариш лозим бўлади. Аммо, Арофот майдонида туришнинг аҳамияти ҳаммасидан аҳамиятли.
وَعَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ يَعْمَرَ الدِّيلِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «الْحَجُّ عَرَفَةُ، مَنْ أَدْرَكَ عَرَفَةَ لَيْلَةَ جَمْعٍ قَبْلَ طُلُوعِ الْفَجْرِ فَقَدْ أَدْرَكَ الْحَجَّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ، وَأَبُو دَاوُدَ، وَالنَّسَائِيُّ، وَابْنُ مَاجَهْ، وَالدَّارِمِيُّ.
Абдураҳмон ибн Яъмар ад-Дилийдан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссаломдан эшитдим. У зот алайҳиссалом: “Ҳаж арафадир, ким Муздалифада туриш кечаси тонг отишдан олдин Арофотда туришга етса, ҳажга етибди”, дедилар. Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилади.
Мазкур ва бошқа ҳадиси шарифларга кўра, фақиҳлар: “Агар ҳаж қилувчи арофотда турса, ҳажнинг бошқа амалларини тўлиқ топиш ёки тўғрилаш имкони бўлади. Агар ҳаж қилувчи арофотда ўз вақтида турмаса, ҳажни кейинги қазосини қилади”, дейдилар.
Арафа куни заволидан яъни қуёш қиёмдан кетгандан бошлаб то тонггача бўлган вақт ичида бир муддат Арофот майдонида туриш билан ҳажнинг бу фарзи адо топади. Минодан Арофотга чиқиш арафа куни бомдод намозидан кейин ёки шароитга қараб шу вақтларда бўлади. Арофотда пешин ва аср пешин вақтида жамлаб ўқилади. Шундан сўнг Арофотда туришни ният қилинади. Арофотда қуёш ботгунча туриш вожиб. Агар қуёш ботишидан олдин Арофотдан чиқса, вожибни тарк қилгани учун қон вожиб бўлади.
Арофот майдонининг ҳамма жойида туруш мумкин, фақат “Батни урана” деган жойида туриш мумкин эмас. Арофотда Аллоҳ таолога ҳамд, такбир ва таҳлил билан зикр ва тасбеҳ айтиб туради. Шунингдек, талбия айтишни кўпайтиради. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтади. Албатта, Аллоҳ таолодан дунё ва охират эҳтиёжларида сўрайди.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: » خَيْرُ الدُّعَاءِ دُعَاءُ يَوْمِ عَرَفَةَ، وَخَيْرُ مَا قُلْتُ أَنَا وَالنَّبِيُّونَ مِنْ قَبْلِي: لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ وَلَهُ الحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Набий алайҳиссалом: “Дуонинг энг яхшиси Арафа куни қилинган дуодир. Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг айтган зикрларининг энг яхшиси “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, ла шарика лаҳу, луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайинг қадир” яъни, Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ, мулк Уникидир, ҳамд Уникидир, У ҳар бир нарсага қодирдир”, зикридир”, дедилар. Имом Термизий ривоят қилади.
Улуғ кунда, улуғ маконда ва улуғ жамоат билан қилинадиган дуоларнинг ижобатидан умудвормиз. Аллоҳ таоло қабул айлдасин!
Холмўминов Жалолиддин “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси




