Инсонларнинг ҳаммаси икки тоифага бўлинади, ё мўмин ё кофир. Ҳар бир инсоннинг ўз мурод мақсади бўлади ва шу мақсади сари интилаверади. Аллоҳ таоло инсон табиатини шундай қилиб яратган. Инсон доим ғам-ташвиш, иш-ҳаракатда бўлади. Шунинг учун ҳадисда келганидек, “Исмларнинг энг маънолиси Ҳорис ва Ҳаммамдир”. Ҳорис – касб қилувчи, Ҳаммам – ҳимматли деган маънода. Чунки ҳар бир инсон касб қилувчи – Ҳорисдир ва ҳар бир инсон ҳимматли, ғам-ташвишли – Ҳаммамдир.
Инсон табиати бирор нарсага ибодат қилишга, ундан ёрдам сўрашга ва мақсадининг ҳосил бўлишида унга суянишга мойил қилиб яратилган. Инсон ибодат қилиб, унга суяниб яшаган нарсаси баъзилар учун Аллоҳ таоло бўлса, баъзилар учун бошқа нарса бўлади. Ҳар бир инсон борки, албатта шу йўлни босиб ўтади.
Чунки инсон ўзидан бошқага муҳтож қилиб яратилган. Ўзининг камчиликлари, ожизлиги ва эҳтиёжларини тўлдириш учун ўзидан бошқага муҳтож бўлади. Бу муҳтожлиги ҳеч қачон тугамайди.
Инсоннинг ажиб хислатларидан бири, бирор нарсага эришса ундан гоҳида тез зерикади ёки яна-да кўпроғини хоҳлайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Одам боласи учун икки водий олтини бўлса ҳам, учинчисини орзу қилиб туради”. Инсоннинг нафси доим бирор нарсани хоҳлаб туради. Нафси тўймайди, қалби хотиржам бўлмайди. Унинг бу муҳтожлиги тугамайди. Қачонки, ўз Ҳожаси бўлмиш Аллоҳ таолони таниса ва унга ибодат қилса нафси муродига етади ва унда хотиржамлик, роҳат пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: “Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?”. (Раъд сураси, 28-оят). Ҳақиқий хотиржамлик Аллоҳ таолони таниш, унга ибодат қилиш ва ҳар нарсада фақат унгагина юзланиш билан топилади.
Нафс ўз хоҳиши йўлида юксалиб бораверади. Каттароқ ва афзалроғини хоҳлайверади. Катталик ва афзалликни эса Аллоҳ таоло тасарруф қилади. Агар инсон мақсади ва ҳимматини фитратидан бошқа нарсага қаратса бахтсиз бўлиши аниқ. Чунки ғам-ташвиш ва мақсадлар ҳар хил бўлади. Банданинг мақсади бир томонга қаратилган бўлмаса, дунё ғам-ташвишлари унинг ўй-хаёлларини парча-парча қилиб ташлайди, натижада нима қилишини ва қаёққа боришини, кимга юзланишини билмай қолади. Гоҳида ўнга, гоҳида чапга юрар, гоҳида санамга ибодат қилса, гоҳида қуёшу ойга ибодат қилади. Бир марта унисини рози қилишга ҳаракат қилса, бошқа сафар бунисини. Бир марта ундан рози бўлгани кейинги сафар ғазаб қилиши мумкин. Бир сафар унга чиройли кўринган амал кейинги сафар ёқмай қолиши мумкин. Натижада иш тангликка, руҳан эзилиш ва нафсий безовталикка бориб тақалади. Гоҳида ўз жонига қасд қилишгача боради.
Аммо мусулмоннинг мақсади бир томонга қаратилган бўлади ва шу мақсад сари йўналиши ҳам битта бўлади. Мусулмон киши Аллоҳ таолони рози қилишга ва унинг ҳидоятида юришга имкон топади. Мана шу билан унинг ғам-ташвиши ва ҳиммати бир томонга қаратилади ва мақсадлари рўёбга чиқади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ таоло қалбини бой қилиб, ишларини жамлаб қўяди. Дунё унинг изидан излаб юради. Кимнинг нияти дунё топиш бўлса, Аллоҳ таоло уни фақир ва муҳтож қилиб қўяди. Ишларини тарқоқ қилиб қўяди. Дунёдан фақат тақдирига ёзилгани бўлади”.
Шеър:
Турфа хил йўлни мақсад қилганлар,
Умрин зоеъ қилиб ўйи паришон қолдилар.
На ғалаба ва на муваффақият қозонди,
Қаёққа боришин билмай ҳайрон қолдилар.
Асадулло ХОЛМУРОДОВ
«Кўкалдош» ЎМИБЮ мударриси






