Сут ҳақида Қуръон ва ҳадисда келган маълумотлар
Сут Қуръони каримда ҳам, ҳадис шарифларда ҳам таом ва озуқа сифатида зикр этилиб, мадҳ этилган. Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 66 оятида қуйидагича марҳамат қилади:
وَإِنَّ لَكُمْ فِي الْأَنْعَامِ لَعِبْرَةً نُسْقِيكُمْ مِمَّا فِي بُطُونِهِ مِنْ بَيْنِ فَرْثٍ وَدَمٍ لَبَنًا خَالِصًا سَائِغًا لِلشَّارِبِينَ (66)
“Чорва ҳайвонларида ҳам сиз учун, албатта, ибрат бордир. Биз сизларни уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан ичувчилар (томоғи)дан осон ўтувчи соф сут ила суғорамиз.”
Чорва ҳайвонларига – қўй, эчки, сигир ёки туяга боқсангиз ҳам, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига далолат қилувчи белгиларни кўрасиз. Уларнинг яратилиши ва уларга тегишли сон-саноқсиз мўжизаларни бир томонга қўйиб туринг-да, улардан сут чиқишига назар солинг. Биз сизларни чорва ҳайвонлари қорнидан чиқадиган сут билан суғорамиз. Ўша томоғингиздан осонгина ўтадиган, мусаффо сут чорва ҳайвонининг қорнидан томирларига ўтувчи қон ва ташқарига чиқувчи гўнгнинг орасидан чиқади. Ҳайвон еган озуқа унинг қорнига тушади, ҳазм бўлиш жараёнида баъзиси қонга айланиб, томирларига ўтади, баъзиси сутга айланиб, елинига келади. Қолгани ахлатга айланиб, ташқарига чиқади.
Буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким қила олмайди, албатта. Ушбу оят нозил бўлганидан тортиб, яқин-яқинларгача одамлар сутнинг қон билан гўнг орасидан чиқишини англамас эдилар. Мазкур ҳақиқатни эндигина тушуниб етмоқдалар. Бу нарса Қуръоннинг китоб эканига ёрқин далиллардан бири эмасми? Бу нарса ўша Қуръонни нозил қилган Зот илоҳу маъбуд бўлишга ҳақли эканини кўрсатмайдими? Озгина бўлса ҳам ақли бор одам учун бу нарсаларда битмас-туганмас далиллар бор.
مَثَلُ الْجَنَّةِ الَّتِي وُعِدَ الْمُتَّقُونَ فِيهَا أَنْهَارٌ مِنْ مَاءٍ غَيْرِ آسِنٍ وَأَنْهَارٌ مِنْ لَبَنٍ لَمْ يَتَغَيَّرْ طَعْمُهُ وَأَنْهَارٌ مِنْ خَمْرٍ لَذَّةٍ لِلشَّارِبِينَ وَأَنْهَارٌ مِنْ عَسَلٍ مُصَفًّى وَلَهُمْ فِيهَا مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ وَمَغْفِرَةٌ مِنْ رَبِّهِمْ كَمَنْ هُوَ خَالِدٌ فِي النَّارِ وَسُقُوا مَاءً حَمِيمًا فَقَطَّعَ أَمْعَاءَهُمْ (15)
“Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (шуки): ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш ҳамр(шароб)ли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун унда барча мевалар ва ўз Роббиларидан мағфират бор. (Ўшалар) оташда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми?” (Муҳаммад, 15-оят)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: “Бир кун мен ва Холид ибн Валид иккимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Уммул муъминин Маймуна розияллоҳу анҳо хоналарига кирдик. (Бу волидамиз бу ул икки зотнинг холалари бўладилар). Онамиз бир идишда сут олиб келдилар. Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар. Мен ўнг тарафларида эдим. Холид чап тарафларида эди. У зот дедилар: Эй, Абдуллоҳ, ҳозир ичмоқ сенинг ҳақингдир, чунки ўнгда ўтирибсан, лекин Холидга ўз ҳақингни кечиб берсанг, ихтиёринг бор. Мен айтдим: Ё Расулуллоҳ ўзларидан насиб бўлган сарқит давлатини ҳеч кимга бермасман. Кейин у зот дедилар: Ҳар кимга Аллоҳ Таоло бир қисм таом насиб қилса, кейин ҳамд айтсин: «Ё Аллоҳ, бу берган ризқингни бизлар учун муборак қилгин ва бундан ҳам яхшироғини ато қилгин» ва ҳар кимга Аллоҳ Таоло сут неъматини насиб қилса, десин: «Ё Аллоҳ, бу сут неъматини бизлар учун муборак қилгин ва бу неъматдан бизларга кўпроқ бергил». Кейин Расулуллоҳ дедилар: «Дунёда ҳеч бир неъмат ҳам таом, ҳам шароб бўла олмайди. Магар сут шундай неъматки, инсон учун ҳам таомдир, ҳам шаробдир”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Абдулаҳадов Абдулмўмин
манбалар асосида тайёрлади





