Ҳақиқий ёзувчи ёзувчилиги учун ёзмайди. Балки, ёзувчи бу борлиқ мусаввирининг қўлидаги бамисоли қаламдир. Мусаввир ушбу қалам воситасида ўзининг ижод маҳсулларини гўзал суратда баён этади. Инсонларга ноаниқ бўлиб турган ҳикмат ҳам ушбу қаламдан ўзини инсонларга равшан қилиб беришини хоҳлайди. Барчага ошкора хато ҳам ушбу қаламдан ҳақиқий тўғри шаклини инсонларга баён этишини истайди. Жамиятда тарқалган бошбошдоқлик ҳам ушбу қаламдан тартиб-интизом ўрнатиб беришини сўрайди. Охират ҳаёти ҳам бу дунё ҳаётига боғланмоқчи бўлса ушбу қалам соҳибининг фикридан фойдаланади (ёзувчи фикридан дунё ҳаётига боғлиқликни олади). Бутун дунё ҳам ушбу қалам соҳибининг ички ҳис-туйғулари босқичларида гоҳ кўтарилиб гоҳ тушиб кўчиб юради. Шу эътибордан ҳам илоҳий илҳом ато қилинган қайси котиб борки, албатта унда ички дарди, жўшқинлиги бўлади. Унинг нозик қалбида доимо ёнай-ёнай деб турган дарди бўлади. Ва унга илоҳий шуълалар тушганидан котибнинг қалбидан маънолар томчи-томчи бўлиб сатрларга тўкилиб тушади.
Мустафо Содиқ Рофеъийнинг “Ваҳюл қолам” («Қалам ваҳийси») номли китобидан
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.






