Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда ўзини бир нарсадан тийишни билдиради.
Шариат истилоҳида эса «тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».
«Рўзани очувчи нарсалар» деганда ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.
Рамазон ойи рўзасини тутиш иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, бу ибодатнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ ]سورة البقرة، الأية ۱۸۳]
«Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримани: «Эй иймон келтирганлар!» деган мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Мўминларга муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин улар яхши кўрган сифат билан нидо қилинмоқда. Бу сифатни эслатиб қилинган нидо ушбу олий мақомга лойиқ бўлиш учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган кишида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.
Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда:
«Сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улар тутадиган рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.
«Тобарий роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Насороларга рамазон ойида рўза фарз қилинди. Уларга уйқудан кейин емаслик, ичмаслик ва рамазон ойида аёлларга никоҳланмаслик фарз қилинди. Насороларга размазон рўзаси оғирлик қилди. Уларга рамазон рўзаси қиш ва ёз фаслига тўғти келарди. Шу ҳолат бўлганда улар тўпландилар ва рўзани қиш ва ёз фасли орасига яъни баҳор фаслига ўзгартирдилар. Ва улар қилган ишимизга каффарот бўлишлиги учун 20 кун зиёда қиламиз дедилар, шундай қилиб уларнинг рўзалари эллик кун бўлди».
Исломдаги рўза эса ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки, тақво қилсангиз», деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда.
Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан бири бўлиб, рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.
Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.
Рўза инсоннинг нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишига ёрдам беради.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло бу бандани тақво деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади».
«Роваиъул баён фий тафсири аятил аҳкам минал-Қуръан» , «Тафсири Табарий» ва «Тафсири ҳилол» асарлари асосида Кўкалдош мадрасаси 4 курс талабаси Мустафо Билолиддин тайёрлади.





