Имом Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул борий” асарида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Куллоб мактабига оид калом илми билан шуғулланганликларини айтадилар. Сохта салафий(ваҳҳобий)лар эса Ибн Куллобни адашган деб даъво қиладилар. Шу ўринда табиий бир савол туғилади: “Агар Имом Бухорий ўз ақидаларини сохта салафий (ваҳҳобийлар) адашган деяётган Ибн Куллобдан олган бўлсалар, демак, “Саҳиҳул Бухорий”нинг муаллифи ҳам адашган (залолатда) бўлганми!?” Ёки Ибн Куллобнинг эътиқоди Аҳли сунна вал жамоага мувофиқ келиб, умуман унга зид келмайдими!?
Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар (773-852 ҳ.й/1372-1449 м.й):
مع أن البخاري في جميع ما يورده من تفسير الغريب إنما ينقله عن أهل ذلك الفن كأبي عبيدة والنضر بن شميل والفراء وغيرهم ،
وأما المباحث الفقهية فغالبها مستمدة له من الشافعي وأبي عبيدة وأمثالهما ، وأما المسائل الكلامية فأكثرها من الكرابيسي وابن كلاب ونحوهما
“Шу билан бирга Имом Бухорий Қуръони каримдаги маъноси нотаниш бўлган сўзларни тафсир қилиш борасидаги гапларнинг барчасини ушбу билим эгалари бўлмиш Абу Убайда, Назр ибн Шумайл, Фарро ва улар каби олимлардан келтирадилар. Аммо фиқҳий баҳсларнинг аксарини Имом Шофеъий, Абу Убайда ва уларга ўхшаган олимлардан олганлар. Илми каломга оид масалаларнинг кўпини Каробисий, Ибн Куллоб ва уларга ўхшаган олимлардан олганлар…”
“Фатхул Борий” 1\293
Табиийки, сохта салафий (ваҳҳобийлар) аҳли сунна вал жамоа имомларидан бири Имом Ашъарийнинг устози эканини айтиб, “бу куллобий каломчи” деб ҳақоратлашади. Энди ушбу маълумотга эга бўлганларидан кейин улар имом Бухорийни ҳам худди шундай гаплар билан айблай олармикинлар!? Бу сохта салафийларнинг ичидан у зотларни айблайдиганлар ҳам топилди. Интернет тармоқда Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳимаҳумаллоҳларни булар зиндиқ, муаттила, жаҳмийларнинг давомчилари каби ҳақоратли постлар пайдо бўла бошлади. Бу гапларни ҳақиқий мусулмон киши тилига олиши у ёқда турсин, ҳатто ҳаёлига ҳам келтирмайди. Аллоҳ бу залолатга кетган фирқадан Ислом умматини халос қилсин!
Кўкалдош ўрта махсу ислом билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов тайёрлади






