“Аммо… туйнукдан ногаҳон узилиб тушган бу тош! Қумғон жўмрагидан оқиб тушган бу бир неча томчи сув! Ажабо, жуда оддийгина бу ҳодиса Беруний миясида кўпдан бери айланиб юрган мураккаб муаммога кутилмаган бир тиниқлик киритди! Кўпдан бери жавоҳирлар ҳақида китоб ёзишни ўйлаб юрган аллома учун бу тасодиф маъданлар оғирлигини ўлчаш учун тарозу ясаш борасидаги хаёлларининг бир тўхтамга келишига туртки бўлади. “Бу тарозу шундай нозик ва “сезгир” бўлсинки, бир мисқолнинг ўндан бирини ҳам аниқлай олсин!”
Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романидан келтирилган ушбу парча алломанинг кузатувчанлигини, тасодифий ҳолатлардан ҳам илмий хулосалар чиқаришга интилишини кўрсатади. Абу Райҳон Беруний ўз даврининг етук билим соҳиби, буюк мутафаккири ва қомусий олими эди. Ўнлаб асари билан дунё фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган аллома ижодини янада кенг ва чуқур ўрганиш борасида бугун янги давр бошланмоқда. Бунга жорий йил 25 августда Президентимиз имзолаган “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор асос бўлади. Бу ҳужжат илк Ренессанс даври ёрқин намояндасининг илмий-маърифий меросини янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, энг муҳими, ушбу йўналишда тадқиқотлар қилаётган етакчи халқаро илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадини кўзлайди. Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини тантана қилиш ЮНЕСКОнинг 2022-2023 йилларда нишонланадиган халқаро юбилейлар рўйхатига киритилгани ҳам дилимизга шукуҳ бағишлайди. Бу чинакам байрам бўлади. Мен узоқ йиллардан буён олий таълим соҳасида ишлайман. Буюк мутафаккир ва қомусий олимлар шахсияти ҳамда фаолиятига доир маълумотларга жуда катта қизиқиш билан қарайман ва талабаларни уларнинг ҳаётий фаолиятини чуқур ўрганишга даъват этиб келаман. Чунки буюкларнинг ҳаёт ва ижод йўли ибрат, ҳикматга тўла. Давлатимиз раҳбари қарорида улуғвор ишлар кўзда тутилган. Абу Райҳон Беруний меросини ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда кенг кўламли илмий изланишлар олиб бориш ва натижаларини эълон қилиш, шу мавзуда илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш, хорижий олимлар асарларини ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр қилиш режалаштирилиши жуда асосли. Чунки мазкур ишларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Маълумот ва материаллар етарли. Беруний астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармокогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. Берунийнинг илм-фанга қизиқиши ёшлигиданоқ кучли бўлган. Машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ Мансур қўлида таълим олади. Ибн Ироқ фалакиёт ва риёзиётга оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлаганидан ҳам маълумки, устознинг шогирдига ҳурмати баланд бўлган. Олимнинг бу соҳадаги ишларини ҳам чуқурроқ ўрганиш, тарғиб қилиш бугунги кун учун жуда муҳим ва долзарбдир. Беруний адабиётда ҳам ўзини кўрсатиб, “Авесто”, “Калила ва Димна”, шунингдек, мумтоз араб, ҳинд шеърияти намуналарини таҳлил қилди, қиёслади, улардан ўрнак ва намуналар олишга чақирди. Эрон фольклори намуналарининг араб тилига таржималарини яратди. Шу боис, мутафаккирнинг адабиётшунос, таржимон сифатидаги фаолиятини чуқур ўрганиш олдимизда турган катта вазифалардан бири. Қолаверса, барча асарларини тўплаш асосида босқичма-босқич тўлиқ асарлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз, араб ва форс тилларида нашр этилади. Беруний ҳаётига оид маълумотлар, илмий-маърифий асарлари жамланган мобиль илова эса аллома ижодининг янада кенг оммалашишига хизмат қилади. Юртимиз — сайёҳлар талпинадиган диёр. Қарор Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, унинг шарафига ўрнатилган ёдгорлик мажмуаларини мукаммал таъмирлаш ва ҳудудларини ободонлаштириб, “Буюк Беруний мероси” халқаро сайёҳлик йўналишларини йўлга қўйишни ҳам кўзда тутади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида 2023 йил якунига қадар Абу Райҳон Беруний мажмуасини қуриш ҳам белгилаб қўйилган. Ишонамизки, бу маскан илмий-маърифий ишлар амалга ошириладиган маданий объектга айланади. Беруний фаннинг ҳамма соҳаларида самарали ижод қилган. Унинг илмий мероси жуда кенг ва ранг-баранг. Илмий иш соҳасидаги зўр қобилияти кўпчилик замондошлар ва кейинги олимлар томонидан эътироф этилган. Музаффар Хайруллаевнинг таъкидича, 1035-1036 йилларда Беруний ўз илмий ишлари рўйхатини тузади. Бунда шу вақтгача ёзган китоб ва рисолалари 113 тага етгани кўрсатилган. Кейинги ёзган асарларини ҳам қўшсак, у қолдирган илмий мерос 152 та китоб ва рисоладан иборат. Афсуски, ҳозирча олимнинг фақат 28 та асаригина маълум. Қолганлари бизгача етиб келмаган ёки ҳали топилганича йўқ. Қадимий ёдгорликларни ўз ҳолида сақлаш жуда муҳим. Зарур чоралар кўрибгина уларни вақт таъсиридан асраб қолишимиз, келажак авлодга етказишимиз мумкин. Ҳужжат билан аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўл ёзма ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Демак, буюк олимнинг бизга номаълум асарларини излаб топиб, тадқиқ қилиш, нашр эттириб, тарғиб қилиш галдаги муҳим вазифамиздир. Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими ва Хоразм Маъмун академиясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, музей ашёларини реставрация ва консервация қилишга ихтисослашган лаборатория ташкил этиш ва замонавий жиҳозлар билан таъминлаш соҳада фаолият юритаётганларнинг ўз мақсадларига эришишида катта кўмакчи бўлади. Улуғ шахслар муайян миллатга мансуб бўлса-да, уларнинг даҳоси бутун инсониятга зиё таратиб туради. Такрорланмас истеъдод эгалари — улуғ мутафаккирлар, салоҳиятли олимлару адибларимиз туфайли халқимиз жаҳон саҳнида бугун ўзининг муносиб қиёфасига эга. Аждодларимизнинг ушбу бетакрор тарихий ва маънавий меросини асраб-авайлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барчамизга улкан масъулият юклаб, илмий изланишларга ундайди.
Назора БЕКОВА, Бухоро давлат университети профессори, филология фанлари доктори
Манба: Янги Ўзбекистон газетаси 2022 йил, 16 сентябрь № 190 (712)






