Кўпчилик илм толиблари, ҳатто, илмда анча юқори даражаларга чиққан зотларнинг хаёлларига ҳам ушбу савол келар экан: “Агар инсонларга илм бериб вақт ўтказаверсам, ибодатим, нафлларим нима бўлади? Уларга вақт етмай қоладику! Яхшиси, таълим билан банд бўлишни камайтириб, ёки тўхтатиб, ибодатларни кўпайтиришим керак!”. Бироқ, бу борада ибратли ислом тарихимиз нима дейди, қуйида билиб оламиз.
Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ўзларининг “Маъолиму иршодийя” китобларида [1] бундай ёзадилар:
“Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ (ўзининг “Тартибул-мадорик” китоби, 1-жилд, 560-бетда) имом Абдуллоҳ ибн Ваҳб роҳматуллоҳи алайҳининг таржимаи ҳолида (унинг жияни бўлмиш) Аҳмад ибн Абдураҳмон ибн Ваҳбдан ҳикоя қилади:
“Амаким (Абдуллоҳ ибн Ваҳб) билан Искандарияда соқчи бўлганман. Ўшанда инсонлар у зотнинг атрофида илм тарқатишларини сўраб тўпландилар. Шунда у зот: “Бу – ибодат қилиш юрти. Бу ерда ўзимни кўпам инсонлар билан машғул бўлишга бағишламайман”, дея илгари инсонлар билан (илм мажлиси учун) ўтирадиган вақтларида улар билан ўтирмадилар, ибодат ва соқчиликларига киришдилар. Икки кундан кейин бир киши келиб, у зотга бундай деди: “Тушимда ўзимни Масжиди Ҳаромда кўрдим, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у ерда эдилар. У зотнинг ўнг томонларида Абу Бакр, чапларида Умар розияллоҳу анҳумлар, сиз эса у зотнинг олдиларида эдингиз. Яна масжидда барча нарсадан-да чиройли ва ёруғроқ бўлиб порлаб турган қандиллар ҳам бор эди. Тўсатдан улардан бир қандилнинг ёруғлиги сўниб, ўчиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизга: “Тур, эй Абдуллоҳ, уни ёқ!” дедилар. Сиз уни ёқдингиз. Сўнг бошқалари билан ҳам шундай бўлди… Бир неча кунлардан сўнг (яна тушимда) қандилларнинг барчаси ўчай деб қолганини кўрдим. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ! Мана бу қандилларни кўряпсизми?”, деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу Абдуллоҳнинг иши! Буларни ўчиришни хоҳлаяпти!”, дедилар”. Унинг бу гапларини эшитиб (амаким) Абдуллоҳ ибн Ваҳб йиғлаб юбордилар. Ҳалиги киши: “Сизни хурсанд қилиш учун келгандим! Бу сизни хафа қилишини билганимда, келмас эдим”, деди. Шунда амаким: “Ҳаммаси яхши. Бу тушдан қалбим насиҳат олди! Ибодат илм ёйишдан афзал, деб ўйлаган эдим!”, дедилар. Шундай қилиб, илм учун кўп (нафл) амалларини тарк қилдилар, инсонлар у зотдан илм ўрганиб, саволларини сўрашлари учун ўзларини бағишладилар”.”
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти
мударриси Файзуллаев Дониёр
[1] Муҳаммад Аввома. Маъолиму иршодийя лисиноъати толибил-илм / Дорул манҳаж – С. 45-46.