(Давоми)
Мазҳаб –саҳобалар даврида
Пайғамбар алайҳис салом вафотларидан сўнг фатҳ этилган ҳудудлар кўпайиши билан бадавий араб ва ажам халқлар исломни қабул қилди. Натижада баъзи ижмолий аҳкомларнинг тафсилотига зарурат сезила бошлади. Масалан, кимдир намозда хатога йўл қўйган бўлса ёки бирор амални тарк қилган бўлса, у туфайли намози жоиз бўлган ёки бўлмаганлиги тўғрисида савол юзага келди. Шунингдек, бирор амалнинг фарз ёки вожиб ёки суннат ёки мустаҳаб экани борасида ҳам саволлар туғила бошлайди. Чунки, “Агар намоз Пайғамбар алайҳис салом адо этганлари каби адо этилади, намознинг барча амали фарз” дейиладиган бўлса, намозда бирор амални ҳам тарк этмаслик лозим бўлади. Агар намоздаги бирор амалга мустаҳаб ҳукми бериладиган бўлса, уни тарк қилиш билан намозга нуқсон етмаслиги лозим бўлади. Хуллас, Пайғамбар алайҳис салом замоналарида ибодатлардаги амалларнинг ҳукмлари баён қилинмагани боис кейинги даврда турли саволлар келиб чиқди. Шунингдек, намозда нуқсон содир бўлса Пайғамбар алайҳис саломдан саждайи саҳв борасидаги кўрсатмалар ҳам нақл қилинган.
Шунга биноан, кейинги даврда ҳукмларни таҳқиқ қилишга зарурат туғилди. Яъни, уларнинг қанчаси фарз, қанчаси суннат, буларнинг барчасини ажратиш керак эди. Лекин, уларни ажратиш учун бир меёр ҳам зарур бўлиб, ана шу меёр усулий қоида кўринишида бўлиши лозим эди. Бироқ, бир усулга барчани мувофиқлаштиришнинг ўзи бўлмайди. Чунки, фатҳ қилинган диёрлар кўпайгани боис саҳобалар динни етказиш мақсадларида атроф оламга тарқалган эди. Мана шундай вазиятда уларни бир усулий қоида остида жамлашнинг имкони йўқ эди. Қолаверса, ҳамма саҳобалар ҳам ушбу саволларга жавоб бериш даражасида эмас эди.
Саҳобалар орасида ижтиҳод қила оладиган, салоҳиятли мақом соҳиби ҳам бўлган кишилар бир неча эди. Хусусан, Умар, Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Оиша, Убай ибн Каъб, Абу Дардо ҳамда Абу Мусо розияллоҳу анҳумлар шулар жумласидандир.
Тобеъийнлардан Масруқ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Барча асҳоби киромларнинг илми олтита саҳобийда жамланган. Улар: ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Умар ибн Хаттоб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумлардир”.
Мазкур саҳобалар ўз замонасида ижтиҳод қилди, бошқалар саҳобалар ва тобиъинлар уларга тақлид қилди. Айни шу жараён ҳар доим муқаллиддар мужтаҳидларга эргаши лозим бўлишига далил бўлади.
Яна шу нарсани таъкидлаш кераки, саҳобалар Пайғамбар алайҳис саломдан дин таълимотини қандай қабул қилган бўлса, шундайлигича ўзларидан кейин келганларга етказдилар. Уларнинг орасидаги баъзи фиқҳий ихтилофлар раҳмат деб мақталди. Бу ихтилоф кейинчалик мазҳабларнинг ихтилофига асос бўлди.
Жалолиддин Холмўминов “Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси






