Хабарингиз бор юртимизда “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзуидаги халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Ушбу нуфузли анжуманда Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби мамлакатлардан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар, таниқли уламолар қатнашишди.
Шундай машҳур уламолардан бири шайх, доктор Салоҳ Абул Ҳаж “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар. Меҳмонни билим юрти мудири Маъмуржон домла Эркаев кутиб олдилар.





Ташриф аввалида устоз мадрасанинг тарихи, ҳамда бу ерда хизмат қилиб келаётган устозлар билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, мадрасанинг барча талаба ва устозларига “Илмнинг фазилати ва унинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилиб бердилар. Тадбир якунида, устоз мавзу бўйича берилган саволларга жавоблар берди ва йиғилганларнинг ҳаққига дуойи хайрлар қилди.
Шайх, доктор Салоҳ Абул Ҳаж “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти мударрис ва талабаларига ўзларининг ҳадяларини топширдилар. Ўз навбатда ташриф буюрган мартабали меҳмонга Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти жамоаси номидан эсдалик совға топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки доктор Салоҳ Муҳаммад Солим Абул Ҳаж ҳозирги кундаги кўзга кўринган ҳанафий уламоларидан бири бўлиб, Иорданиядаги Ислом илмлари халқаро университети, ҳанафий фиқҳи факултети мудири вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Иорданиядаги Ҳанафий мазҳабига мувофиқ араб тилида фатво чиқарадиган «Анворул уламо» деб номланган биринчи бўлиб ташкил этилган фатво маркази муассиси ва муфтийси. 200 дан ортиқ мақолалар, илмий ишлар ва илмий таҳрирлар муаллифи ҳисобланадилар.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






