2020 йил 16 ноябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида муассаса раҳбарияти, устозлар ва 1-курс талабалари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбати “Халқаро бағрикенглик куни” ҳамда ўқув жараёнини анъанавий услубда ташкил этиш масалаларига бағишланди. Тадбирни билим юрти мудирининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари А.Ғаниев олиб борди.


Юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани ва бу борадаги ютуқларимиз эсга олинди. Ватанимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, турли миллат ва динларга мансуб инсонларнинг тинч-тотув яшаб келаётгани эътиборимизни тортади. Кўп асрлар давомида диний қарашларга асосланган низо-жанжаллардан узоқ бўлиб келиши бу минтақанинг кўзга кўринган хусусиятларидан биридир. Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётган кўпмиллатли ва кўпконфессияли юрт ҳисобланади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади. Уларни ягона “Ватан” ғояси остида бирлаштириш ва фаровон жамият қуриш сари интилишга чорлашда диний бағрикенгликка алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар самарали бўлиши учун тенглик ва адолат ғоялари амалиётда ўз ифодасини топиши кераклиги таъкидланди. Бу эса фуқаролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратилди деган сўздир.

Карантин сабаб онлайн шаклга ўтказилган ўқув жараёни расман бугундан бошлаб анъанавий шаклга қайтарилиб, 1-курс талабалари устозлардан бевосита мулоқот тарзида дарс олиш имконига эга бўлишди. Шу ҳафта ичида барча курсларда анъанавий таълимга қайтиш жараёни якунланиши кўзда тутилган. Бу янгилик илм толибларини қувонтирди.
Таълим муассасасига кириш ҳудудига кириш-чиқиш схемаси ишлаб чиқилди. Ҳудудга кириш йўлаги алоҳида, чиқиш йўлаги алоҳида ташкил этилди. Таълим муассасасига кирувчи ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчаниши ҳамда қўллар антисептик воситалар билан дезинфексия қилиниши ташкил этилди. Ҳарорат ўлчаш ва қоидаларни тушунтирувчи масъул тайинланди. Карантин қоидалари ва антисептик воситаларидан фойдаланиш кўрсатмалари кириш ҳудудларга осиб қўйилди. Ошхонада овқатланишни карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда масофа сақлаб, ҳар бир столга 4 нафардан талаба ўтирадиган қилиб ташкил қилинган. Овқатлангандан сўнг столларни антисептик воситалар билан дезинфексия қилиниши, ошпаз ҳамда ошхона ходимлари тиббий қўлқоплар билан таъминланиши белгиланган.
АРМдан фойдаланиш вақти курслар кесимида тақсимланган. АРМга киришда қўллар антисептик воситалар билан дезинфексия қилинади. Мутолаа чоғида оралиқ масофа сақланиши учун “Маънавият зали” ҳамда ўқув хоналаридан фойдаланиш белгилаб қўйилган.
“Назарбек” талабалар турар жойи ҳам карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда жиҳозлаб тайёрлаб қўйилган. Талабаларга умумий турар жой тартибларига риоя қилиш лозимлиги эслатилди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти матбуот хизмати






