Ўзбекистон «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Янги давр шиддати жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу борада бир қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Бундай дастурлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 781-сон қарорига кўра, “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури” тузилган бўлиб, бу дастур Республикамиздаги барча таълим муассасаларини қамраб олади. Шу қаторда диний таълим муассасаларида ҳам бу дастурнинг амалий ижросини кўриш мумкин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни китобга қизиқтириш мақсадида “Ахборот ва мураббийлик соатлари” режасига мувофиқ “Китобхонлик – буюк келажак кафолати” мавзуси доирасида тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Шу муносабат билан 15 ноябрь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Манбалар хазинаси”да сақланаётган китоблар фонди билан танишиш мақсадида ташриф буюришди. Ташриф чоғида талабалар манбалар хазинасида сақланаётган Усмон мусҳафининг нусҳаси, XIV-XVIII асрларга оид нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар билан танишишди, бу ерда сақланаётган асарлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Шунингдек, тадбирнинг иккинчи қисмида Шайхонтоҳур мақбараси зиёрат қилинди. Маълумот учун: Шайх Хованд Тоҳур илоҳиёт ва тариқат илмининг йирик намояндаларидан бири бўлган. Бу зотнинг оталари асли Бўстонлиқ туманидаги Боғистон қишлоғидан бўлиб, ўз давридаги машҳур мутасаввиф Шайх Умар Боғистонийдир. Шайх Умар Боғистонийнинг насабномасига қараганда, ўн олти ота-бобо билан пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифалик маснадига ўтирган чаҳорёрларнинг иккинчиси – Ҳазрат Умар ибн Ҳаттобга бориб туташаркан. Шайх Хованд Тоҳур 1355 йилда вафот этиб, ҳозирги Шайхонтоҳур мақбараси қад кўтарган жойга дафн этилган. Шайх дафн этилган мозор зиёратгоҳга айланган.
Талабалар бу саёҳатдан ажойиб таассуротлар билан қайтишди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати










