“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида жорий йил 14 ноябр куни “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан “Миллатлараро ва динлараро тотувлик – бирдамлик ва ҳамжиҳатлик асоси” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори Ж.Каримов таклиф этилди. Тадбирда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Насриев, мудир ўринбосарлари, билим юрти мударрислари ва барча талабалар қатнашдилар. Тадбирни билим юрти мудири М.Насриев очиб бериб мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сўнг ташриф буюрган меҳмонларга сўз навбати берилди. Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори Ж.Каримов сўзга чиқиб диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни ривожлантириш йўлида Ватанимизда олиб борилаётган ишлар ва бу борадаги ютуқларимиз тўғрисида тадбир қатнашчиларига сўзлаб бердилар. Халқимиз тарихига назар ташлайдиган бўлсак, турли миллат ва динларга мансуб инсонларнинг ҳамжиҳатлиги, бағрикенглиги ва тинчликсеварлигига кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳудудида бирор марта ҳам диний қарашларга асосланган келишмовчиликлар келиб чиқмаган. Юртимизда мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар ўрталаридаги муносабатларда ҳам доимо бағрикенглик руҳи ҳукм сурган. Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётган кўпмиллатли ва кўпконфессияли юрт ҳисобланади. Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат истиқомат қилади. Уларни ягона “Ватан” ва ягона ғоя остида бирлаштириб ягона бир мақсад сари интилишга чорлашда диний бағрикенгликнинг ўрни каттадир. “Диний бағрикенглик декларацияси”да айтилганидек: “Бағрикенгликсиз тинчлик бўлмайди, тинчлик бўлмаган жойда эса, ривожланиш ва демократия бўлмайди”. Жамият ҳаётида тенглик ва адолат ғояларини устувор бўлиши ва амалиётда ўз ифодасини топиши кўзланган мақсадларга эришишга, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжалларнинг барча учун бирдек қадр-қиммат касб этишига, фуқоролар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш, ҳурмат руҳи қарор топишига замин яратиши таъкидланди.
Маъруза ниҳоясида Ж.Каримов Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази томонидан нашр этилган “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг”, “Мусулмоннинг 35 одоби”, “Диншунослик” ва “101 улуғ саҳобий” китобларини билим юрти АРМ фондига тақдим қилди.
Тадбир ниҳоясида билим юрти мудири М.Насриев ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди ва бундай тадбирларнинг кўпроқ ташкил қилиниши ҳозирги кундаги долзарб масала эканлигини таъкидлаб ўтди. Ушбу тадбир қатнашувчиларида улкан таассуротлар қолдирди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича
мудир ўринбосари А.Ғаниев