Куни кеча “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг биринчи курс талабалари, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н.Джалолов ҳамда Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев бошчилигида пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлдилар. Ушбу тарихий маскан йирик фақиҳ олим Абу Бакр Қаффол Шоший шарафига Ҳазрати Имом маҳалласи деб аталган, кейинчалик бу лафз халқ тилида қисқариб “Хастимом” кўринишига келган. Ҳозирги кунда бу ерда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, нашриёт, “Ҳазрати Имом” масжиди, Тошкент ислом институти, Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, “Мўйи муборак” биноси, “Бароқхон” мадрасаси ва янги қурилаётган Ўзбекистон халқаро ислом цивилизацияси маркази жойлашган.






Талабалар Қаффол Шоший мақбараси ва “Бароқхон” мадрасаси билан яқиндан танишдилар.
Бароқхон мадрасаси XVI асрнинг 40-йилларида барпо этилган бўлиб, унинг бунёд этилишида 1533–1554 йилларда Тошкент вилояти ҳокими, 1554–1556 йилларда эса марказлашган шайбонийлар давлати олий ҳукмдори – Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) номи билан боғлиқ. Мазкур мадрасада 1956 йилдан 2006 йилгача Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолият юритган. Ўзбекистон тарихи, хусусан, диний соҳа тарихида алоҳида ўрин тутган бу маскан билан яқиндан танишиш, унинг тарихидан бохабар бўлиш толиби илмларимиз учун аҳамиятли иш ҳисобланади.




Зиёрат давомида талабалар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Инстути (Олий Маъҳад) билан ҳам алоҳида танишдилар. Танишув давомида талабалар у ерда бўлган бир қанча ўзгаришлардан бохабар бўлдилар. Масалан, Институт тарихида илк бор очилган Магистратура бўлими, кафедралар, модул таълим тизими, АРМ ва медиа хоналари билан танишиб ўтдилар. Мана бир неча йиллардир-ки “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари Олий Маъҳадга кириш имтиҳонларида энг кўп муваффақият қозониб, талабалик сафига қабул қилинмоқдалар.
Бу йилги мадрасамизнинг биринчи курс талабалари ҳам ушбу зиёратдан жуда катта таъсуротлар ва Олий Маъҳадга кириш, бу йўлда тиним билмай илм излаш иштиёқи билан қайтишди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев






