Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзга ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилган кўзга дўзах ўти тегмайди”, – деб айтганлар (Имом Термизий ривояти).
Зеро, юрт тинчлиги муҳофазаси – масъулиятли касб. Бу амал Аллоҳ розилигини топиш учун бажо келтириладиган, манфаати кенг оммага борадиган энг хайрли ишлардан саналади. Болаларнинг шодон кулгуси, ўқувчиларнинг мунтазам таълим олиши, илм-фан тараққиёти, иқтисод барқарорлиги, масжиддаги ибодатлар-у мадраса дарсларининг давомийлиги, дастурхон тўкинлиги, тўй базмларининг шукуҳи, санъат ва ҳунармандлик соҳаларининг юксалиши, беғубор болалик ва иззатдаги кексалик тушунчаларининг том маънода намоён бўлиши, кишилар ўртасида борди-келди ва савдо-содиқнинг чинакам ривож топиши учун тинчлик ўта муҳим омил бўлса, бу омилнинг мустаҳкам туриши учун кечаю кундуз Ватан сарҳадларини қўриқлайдиган посбонлар хизмати шунчалик муҳимдир.
Ватаннинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилиш, жон тикиб зўравон босқинчиларга қаршилик кўрсатиш, бу йўлда муросага бормаслик барча халқларда олий фазилат саналади. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар бу борада бизга ўрнак кўрсатганлар. Мадина шаҳрига уюшқоқлик билан ҳужум қилиб, маҳв этмоқчи бўлиб келган қабилалар иттифоқи – мўр-малахдай Аҳзоб қўшинига қарши бир неча баробар оз сонда, оч-наҳор қўшин ҳолида қаршилик кўрсатган мусулмонларнинг қатъияти ва жасорати сийрат китобларида батафсил баён қилинган.
Бошқа ўринларда хуш кўрилмайдиган андишасизлик, ўжарлик, ҳатто рақиб билан кеккайиб муомала қилиш хислатлари бу ўринда фазилатга айланади. Умуман, Ватан ҳимояси ҳақида гап кетганда натижага қараб баҳо бериш тамойили ўзини оқламайди.
Маълумки, кўпинча иқтисодий, сиёсий, илмий, маданий ва бошқа лойиҳаларда ташаббус кўрсатган киши катта уринишлар ортидан муваффақиятсизликда учраса, ким бўлса ҳам имконият торлиги, маблағ озлиги, ижрочилар тақчиллиги ёки бошқа етишмовчиликларни ҳисобга олмагани, натижаси кафолатланмаган тадбирга пул совуриб, одамларни сарсон қилгани учун танқидларга кўмилади, таъна-маломатдан боши чиқмайди. Лекин Она Ватанни ҳимоя қилиш масаласи турганда душманга бас келолмаслигини билса ҳам курашдан чекинмаган, жонини фидо қилган қаҳрамонлар улуғланади. Чунки бу муқаддас тушунчалар билан боғлиқ улуғ вазифадир. Узоқ ва яқин тарихдан бунга мисоллар беҳисоб топилади.
Милоддан ярим минг йил олдин Турон заминига қўшин тортиб келган Доро қўшинини бир ўзи тузоққа тушириб ҳалок бўлган оддий чўпон Широқ, ўз замонидаги энг кучли, энг сара армия билан жаҳонни зир титратган Искандарга бўйсунмай жанг қилиб, оқибатда ўлдирилган Спитамен каби шахслар қаҳрамонлиги Ҳеродот, Арриан, Квинт Курций Руф сингари тарихчилар асарлари орқали бугунги кунгача етиб келиши-ю, олқишланиши бежиз эмас. Чингизхон ўғли Чиғатойнинг: “Ўзингизга яқин кишиларни олиб, шаҳарни тарк этинг, сизга омонлик бердик. Барибир бизга бас келолмайсиз!”, деган таклифига рад жавобини бериб, тенгсиз урушда туғни маҳкам чангаллаб жон берган жасоратли пир Нажмиддин Куброни ақлсизликда айблашга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди. Аксинча халқ уни шаҳид деб улуғлайди. 200 кишилик отряд билан қонхўр мўғул-татарлар қўшинига тиккасига қарши бориб ҳалок бўлган Евпатий Коловратни рус халқи асло аҳмоқ деб айбламайди, балки бу қўрқмас фарзанди билан фахрланади.
Бу каби қаҳрамонлар нафақат ўз халқи, балки душман тараф кишиларининг ҳам ҳурматини қозонади. Имом Шомил, Умар Мухтор, Абдулқодир Жазоирий сингари фидойилар чин Ватан ўғлонлари сифатида тарихда қолганлар. Лев Толстой она заминини рус босқинчиларидан мудофаа қилиб курашга кирган, пировардида калласи олинган ватанпарвар ҳақида “Ҳожимурод” номли ажойиб қисса ёзиб қолдирган. Муаллиф бу қиссани рус армиясига қаттиқ талофот етказган, ўзга дин, ўзга маданият вакили бўлмиш Ҳожимуродга нисбатан самимий эҳтиромини ифода этувчи муқаддима билан бошлаган. Ҳолбуки Толстойнинг ўзи рус қўшинида, хусусан, унинг Кавказдаги бўлинмасида хизмат қилган. Бордию Ҳожимурод русларнинг йўлига ғов бўлмай юртини ёвларга топширса эди, бундай гўзал асар ёзилмас, ёзилса ҳам, бунчалик қиймат касб этмас эди. Чунки энг сара бадиий асарлар юксак инсоний хислатларни тараннум этади. Ватан озодлиги ва ободлигини сақлаш ана шундай эзгу хислатлар сирасига киради.
Омма тинчлиги учун заҳмат чекаётган жонкуярларнинг меҳнати тинчлик даврида ярқ этиб кўзга кўринавермайди. Меҳрибон Роббимиз тинчлигимизни давомли қилсин. Лекин Ватан ҳимоячиларининг хизматларини унутиш яхши эмас. Бизларнинг эътироф ва тақдирлашимиз ўз имкониятимизга яраша бўлади, албатта. Аслида ҳалол юрт посбонлари қандай мукофотга лойиқлиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларида ўз ифодасини топгандир:
“Бир кун Аллоҳ йўлида муробата (душмандан огоҳ туриб пойлоқчилик) қилиш дунё ва унинг устидаги нарсалардан яхшироқдир” (Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Шарофиддин Латипов.