Абу Қатода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суворийси лақаби билан машҳур саҳоба. Асл исми Ҳорис. Ҳазраж қабиласининг Салама уруғига мансуб. Отаси Рабиъ ибн Балдаҳа, онаси Кабса бинти Мазҳардир. Аёлининг исми Сулофа бинти Баро. Абу Қатода Сулофадан Абдуллоҳ, Маъбад, Абдураҳмон ва Собит исмли тўрт ўғил кўрган.
Иккинчи Ақаба байъатидан кейин Исломни қабул қилди ва Бадрдан кейинги барча ғазотларда қатнашди. Хусусан, Зу Қарад ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугун суворийларнинг энг яхшиси Абу Қатода бўлди…” деб эътироф этдилар. Ўша жангда Абу Қатода мушриклар сардори Масъадани қаҳрамонларча енгди.
Абу Қатода моҳир жангчи, ботир йигит эди. У Ғатафон, Батни Лаҳм, Зи Ҳасаб, Зи Марва юришларида фаол иштирок этди. Макка фатҳида ҳам қатнашди. Кейинчалик Ҳунайн, Табук ғазотларига борди ва омма ҳурматини қозонди.
Қаҳрамонимиз илмга муҳаббати ва ҳурмати чексиз саҳобалардан эди. У 170 та ҳадис ривоят қилган. Бу борада жуда эҳтиёткор бўлган. Кунларнинг бирида ўғли Маъбаднинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ дедилар, бундоқ дедилар”, деётганини эшитиб: “Нима деётганингни биласанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менинг номимдан ёлғон гап айтганлар жаҳаннамдан ўзига жой ҳозирлайверсин”, деганларини эшитганман”, деб танбеҳ берди.
Абу Қатода дўстликни ўрнига қўяр, яқинларидан мол-давлатини асло аямасди. Кунларнинг бирида жаноза бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитнинг қарзи бор-йўқлигини сўрадилар. Икки динор қарзи борлигини эшитиб: “Жанозасини ўзингиз ўқинг”, дедилар. Абу Қатода: “Унинг қарзини тўлашни бўйнимга оламан”, деганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозани ўқидилар.
Муҳорабаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни: “Абу Қатода, сен Аллоҳнинг расулини ҳимоя қилдинг, Аллоҳ сени муҳофазасига олсин!” дея дуо қилдилар. Шу дуо шарофатидан Абу Қатода етмиш ёшида ҳам ўн беш яшар ўспириндек тетик эди. У киши тўрт халифа даврида яшадилар. Милодий 674 йилда Куфада вафот этдилар.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Файзуллаев Дониёр
манбалар асосида тайёрлади