Жорий йилнинг 13 июнь куни “Кўкалдош” номли ўрта махсус ислом билим юртида 2018-2019 ўқув йили битирувчи талабаларининг “ХАТМОНА – 2019” байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамона тадбирга Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори Устоз Убайдулла Уватов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, фахрий устозлардан Яҳё қориака, Абдулло домла Исмоилов ва талабаларнинг ота-оналари ташриф буюрдилар. Тадбирни кириш сўзи билан билим юрти мудири М.Насриев очиб бериб, тадбир ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди ва юртимизда диний таълимга бўлган эътибор, билим юртининг эришган ютуқлари ҳақида нутқ сўзлади. Сўнг. табрик сўзларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита таълим бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамовлар талабаларга ўзларининг ҳаёт тажрибаларидан мисоллар келтириб битирувчи талабаларга келгуси ҳаёт йўлларида муваффақиятлар тилаб, келажакда ўқишларини давом эттириш учун омадлар тиладилар.
Навбатдаги маърузада фахрий устоз Яҳё қориака сўзга чиқиб, битирувчи талабаларга ва тадбир қатнашчиларига самимий табрикларини изҳор этиш билан бирга ўзларининг панд-насиҳатларини билдириб ўтдилар Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларнинг табрик сўзларидан сўнг билим юрти мударрис ва талабаларини тақдирлаш қисми бўлиб ўтди. Унда билим юртида фидокорона хизмат қилаётган устозлар ва намунали хулқи ва аъло баҳолари билан фаол иштирок этаётган талабалар билим юртининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шунингдек, ушбу байрамона тадбирга ташриф буюрган муҳтарам ота-оналар ҳам иштирок этиб, ўзларининг дил изҳорларини айтиб, айниқса, устозларга ташаккурлар билдиришди.
Тадбирнинг бадиий қисмида битирувчи талабалар ўзлари тайёрлаган шеър, манолог ва дил изҳорларини намойиш этдилар.
Тадбир сўнгида билим юрти талабалари томонидан ўқилган хатми Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар руҳларига бағишланди. Барча тадбир қатнашчилари байрам дастурхонига таклиф қилинди.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мудир ўринбосари А.Ғаниев