Тунларда ибодат билан қоим бўлиш шариатимизда жуда ҳам улуғ амаллардан саналанади. Бу амал Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиб, гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳсолаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечада қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинг, у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одатидир. Бу амал Роббингизга сизлар учун қурбат бўлади, гуноҳларни кетказувчи ва айб ва хатолардан қайтарувчидир”, дедилар. Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитдим: “Албатта, кечада бир соат борки, мусулмон киши унга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишидан бирор нарсани сўрайдиган бўлса, Аллоҳ таоло уни унга беради ва шу ҳар бир кечададир”. Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисларда тунлари ибодат қилишнинг фазилатлари баён қилинмоқда. Бундан бошқа яна бир қанча ҳадисларда бу амалнинг фазилатлари баён қилинган. Шунга кўра, ким тунларни ибодат билан ўтказадиган бўлса, шу фазилатларга эга бўлади. Лекин, тунлари уйқудан воз кечиб ибодат учун қоим бўлиш ҳамма учун ҳам осон бўлмайди. Бунинг учун Аллоҳдан дуо қилиб сўраб, қаттиқ жидду-жаҳд қилиш керак бўлади. Шунингдек, уламолар томонидан тунларда ибодат учун қоим бўлиши осон бўлиши учун бир нечта тавсиялар берилган. Ким шу сабабларга амал қиладиган иншааллоҳ тунларда ибодатга қоим бўлиши осон бўлади. Улар қуйидагилардир:
I. Тўртта зоҳирий сабаблар:
1. Кўп таом емаслик, кўп таом ейилса, сув кўп ичилади, натижада уйқу унга устун келади ва уйқудан уйғониш қийин бўлади. Шайхлардан бири ҳар кеча дастурхон олдида шундай дер экан: “Эй, муридлар жамоаси, кўп еманглар, кўп есангиз, кўп сув ичасизлар, натижада кўп ухлайсизлар ва ўлим пайтида кўп ҳасрат надомат қиласизлар”.
2. Кундуз куни инсон аъзоларига куч келадиган даражада ўта оғир меҳнат қилмаслик, чунки, ўта қаттиқ чарчаш ҳам уйқуни жалб қилади ва уйқудан туриш қийин бўлади.
3. Кундуз куни қайлула уйқуси[1]ни тарк қилмаслик. Зеро, кундуз куни қайлула қилиб олган киши тунги ибодатга туриши осон бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарнинг таоми билан кундузнинг рўзасига ва кундузнинг қайлуласи билан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар”, дедилар. Ҳоким “Мустадрок” да ва Ибн Можа ривоят қилишган.
4. Кундуз куни гуноҳ содир этмаслик, чунки гуноҳ қилиш қалбни қотиради. У билан раҳмат сабаблари ўртасини тўсади.
Фузайл роҳимаҳуллоҳ: “Агар сен кечасида қоим бўлишга ва кундузида рўза тутишга қодир бўлмасанг, билгинки, сен маҳрум қилингансан. Дарҳақиқат гуноҳларинг кўп экан”, дедилар.
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Киши бир гуноҳ қилади ва шу гуноҳи сабабли кечасида ибодат билан қоим бўлишдан маҳрум қилинади”, дедилар.
II. Тўртта ботиний сабаблар:
1. Мусулмонларга нисбатан адоват, нафратланиш, бидъат-хурофотдан, ҳамда кераксиз дунё ташвишлари қалбнинг саломат бўлиши. Зеро, дунё ишлари ташвишига ғарқ бўлган инсонга кечасида қоим бўлиш осон бўлмайди. Мабодо кечасида қоим бўлсада, намозида тафаккур бўлмайди, ўйи-хаёли дунё ғамларида бўлади.
2. Дунё орзу ҳавасларини камайтириш билан бирга қалбда катта хавф бўлиши. Яъни, инсон охират қўрқинчлари ва дўзах борасида тафаккур қилса, уйқуси қочиб, доим ҳушёр, сергак бўлиб қолади.
3. Оят, ҳадис ва асарлар орқали кечасида қоим бўлишнинг фазилатини ўрганиш. Шунда кечасида қоим бўлишнинг эвазига бериладиган яхшилик ва савобларга рағбат қилиб, тунларда ибодат қилишга шавқи янада зиёда бўлади.
4. Бу сабабларнинг энг муҳими бўлиб, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва иймон қувватидир. Зеро, ким Аллоҳга муҳаббат қилса, у билан ёлғиз қолиб, ибодат қилишни хоҳлайди ва Аллоҳга муножат қилишдан лаззат олади. Бу лаззатланиш эса уни тунларни ибодат билан бедор ўтказишга ундайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон Аллоҳга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг наздида даражаси юқори бўлиб, гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳласа, нафл ибодатларни ўзига лозим тутиб, кечаларда бедор бўлиши лозим. Кечаларни ибодат билан ўтказишлик эса, ҳақиқий мукаммал мўъминлик белгисидир. Ким тунларда ибодатга қоим бўлмоқчи бўлса, юқорида айтилган тавсияларга риоя қилса, иншааллоҳ мақсадига эришади, уйқудан уйғониш унга осон бўлади.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон тайёрлади
[1]Қайлула – кундуз кунги уйқу бўлиб, унинг вақти борасида уламолар ҳар хил фикр айтишган. Баъзилар, унинг вақтини заволдан олдин, дейишган. Яъни, офтоб кўтарилиб, то пешин намозигача бўладиган оралиқдаги уйқу қайлуладир”, дейишган. Баъзилар эса, “унинг вақти заволдан кейиндир”, дейишган.






