بِسمِ اللهِ الرَّحمَنِ الرَّحيم
الحَمدُ لله رَبِّ العَالَمين، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلى أَشرَفِ المُرْسَليِن, نَبيِّنَا مُحمَّدٍ وَعَلَى آَلِهِ وَ صَحبِهِ أَجمَعين
:أمَّا بَعد
Уламолар инсонларниниг саййиди ва йўл бошловчиларидур. Уламолар пайғамбарлар меросхўрлари дея таърифланади. Улар танланган кишилардур.
Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (сав) суннатларида уламолар, яъни илм аҳлининг фазли ва юксак мартабалари бир неча ўринларда санаб ўтилган. Масалан, Қуръони каримнинг Оли имрон сураси, 18-оятида шундай марҳамат қилинади:
} شَهِدَ اللهُ أَنَّهُ لآ اِلَهَ إلاَّ هُوَ وَالمَلائِكَةُ وَ اُولُو العِلمِ قَائِماً باِلقِسطِ لاَ اِلَهَ اِلاَّ هُوَ العَزِيزُ الحَكيم{
“Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У азийз ва ҳакийм зотдур”.
Эътибор қилинг, гувоҳлик беришда Аллоҳ таоло Ўзи ва фаришталардан кейиноқ илм аҳлини зикр қилмоқдаки, худди шунинг ўзи ҳам Яратганнинг олдида уламолар фазли қай даражада эканлигини кўрсатиб турибди.
Уламолар Аллоҳдан ҳақиқий қўрқувчи бандалардур. Аллоҳ таоло Фотир сурасининг 28-оятида шундай марҳамат қилади:
}إِنَّمَا يَخشَى اللهُ مِنْ عِبادِه ِالعُلَماء{
Яъни, “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар”.
Қуръони каримнинг Зумар сураси, 9-оятида Яратган шундай марҳамат қилади:
{قُلْ هَل يَستَوِى الَّذِينَ يَعلَمُونَ وَالذِينَ لاَ يَعلَمُون اِنَّمَا يَتَذَكَّرُ اُولُو الَألبَاب}
“Сиз, “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?! – деб айтинг. Албатта ақл эгаларигина эсларлар”.
Ояти каримада баён қилиняптики, албатта тенг бўлмаслар, биладиганлар иймон келтириб ибодат қиладилар, билмайдиганлар куфр келтириб, исён қиладилар
Мужодала сурасининг 11-оятига эътибор қилинг:
{ يَرفَعِ اللهُ الّذينَ آمَنوا مِنكُم وَالذينَ اُوتُوالعِلمَ دَرَجَات واللهُ بِماَ تَعمَلونَ خَبير}
Яъни: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир. Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордир”.
Демак, Аллоҳ таоло иймон ва илмнинг тутган ўрни қай даражада юқори эканлигини таъкидлаяпти.
Энди Ҳадиси шарифларга мурожаат қилсак:
1. Инсонларнинг яхшилари уламолардир.
مُعَاويَة ابن ابي سُفيَان رَضيَ اللهُ عَنهُ سَمِعتُ رَسولُ اللهِ صَلى
اللهُ عَليه َوسَلِّم يَقُول: مَن يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيراً يُفَقِّهْهُ في الدِّين. (أَخرَجَهُ بُخاري وَ مُسلِم)
Муовия (р.а) Пайғамбаримиз (сав)ни Аллоҳ кимни яхши бўлишлигини истаса, унга диннинг аҳкомларини тушунишда фаҳм бериб қўяди, деганларини эшитдим, дейди
2. Уламолар пайғамбарлар меросхўридир.
عَن أَبي دَرداء رَضي اللهُ عَنهُ قَال سَمِعتُ رَسول الله صَلى اللهُ عَليهِ وسلم يَقول أنَّ العلماءَ وَرَثَةُ الأنْبِياءِ ، وإنَّ الأنبياءَ لم يُورِّثُوا دِينارًا وَلا دِرْهَمًا ،انما وَرَّثُوا العِلمَ فمن أخذَه أَخَذَ بِحظٍّ وافرٍ. (رَوَاهُ التِّرمِيذي)
Абу Дарда (р.а)дан келган ҳадисда, у киши, мен пайғамбаримиздан эшитдим, албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридур, улар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдиришмади, лекин илмни мерос қолдиришди, ким ўша илмни олса, меросни комил олибди, дедилар.
3. Олим киши пайғамбаримизнинг ўринларида бўлади, фақат уларнинг ўртасини пайғамбарлик даражаси ажратиб туради.
عَنْ أَبِي أُمَامَة الباهلي رَضِيَ الله عنه قال قال رَسولُ الله صلى الله عليه وسلم: فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلى أدْنَاكُمْ ثُمَّ قال رَسولُ الله صلى الله عليه وسلم إِنَّ اللهَ وَمَلائِكَتَهُ وَ أَهْلَ السَّمَواتِ وَالْأَرْضِ حَتَّى النَّمْلَةُ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الخَير. (رَوَاهُ التِّرميذي)
Абу Умама Баҳилий (р.а)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (сав) айтадилар. Олимнинг обид олдидаги фазли мен билан сизларнинг энг охирингиз кабидур. Албатта, Аллоҳ таоло ва малоикалари ва еру осмон аҳли, ҳаттоки, инидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам инсонларга яхшилик ўргатган кишилар ҳақига дуо қилишади.
Бу ерда, дуодан мақсад, Аллоҳ тарафидан уламоларга унинг раҳмати, фаришталар тарафидан эса уламоларга истиғфор, инсонлар тарафидан эса уламолар ҳақларига дуо ва ҳурмат, тушунилиши керак.
4. Уламолар одамларни шариат ишларида саломатда олиб туришади, агар улар бўлмасалар, инсонлар динларидан адашадилар.
عَن عَبْد الله ابن عَمْرو ابن العاص رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ سَمِعْتُ رَسُول الله صلى الله عليه وسلم يقول: إنَّ اللهَ لا يَقْبِضُ العِلمَ اِنْتِزَاعًا يِنْتَزِعُهُ مِنَ النَّاسِ ، ولَكن يَقْبِضُ العِلمَ بِقَبْضِ العُلماءِ ، حتَّى إِذَا لَمْ يَترُك عَالمًا اتَّخذَ النَّاسُ رُؤوسًا جُهَّالًا ، فَسُئِلوا فَأَفْتَوا بِغَيرِ عِلمٍ فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا.
Абдуллоҳ ибн Амру ибн Аас розияллоҳу анҳума Пайғамбаримиз(сав) бундай деганларини ривоят қилишади:
Аллоҳ таоло одамлардан руҳини тортиб олгандак илмни тортиб олмайди, лекин илмни уламоларни вафот эттирилиши билан тортиб олади, ҳатто бирор олим қолмайди.
Шунда одамлар жоҳил одамларга шариат саволларини беришганда, у жоҳил олимлар илмсиз фатво беришади, шунда уларни адаштиради, ўзлари ҳам адашишади.
Салаф солиҳ уламоларимиз уламолар ҳақида бундай дейишган.
1- Ҳасан Басрий (р.а) айтадилар: ким илмни Аллоҳнинг розилиги учун олса, у киши учун бу қуёш чиққанидан кўра афзалдур.
Яна айтадилар: уламоларнинг суҳбатидан ташқари дунёнинг ҳаммаси зулматдур.
2- Суфён Саврий (р.а) айтадилар: инсонларнинг Аллоҳ олдидаги энг юқори манзили, бу Аллоҳ билан инсонлар ўртасидаги пайғамбар ва уламолардир.
3- Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: ким илмни яхши кўрмаса, унда яхшилик йўқдир. Чунки у билан Аллоҳ ўртасида маърифат ва садоқат йўқдир.
4- Саҳл ибн Абдуллоҳ Тастарий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: ким пайғамбарлар суҳбатини кўрмоқчи бўлса, уламолар суҳбатида ўтирсин.
5- Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: агар уламолар бўлмаса, инсонлар ҳайвонлар каби бўлиб қолишади.
Юқорида зикр қилинган фазилатлар фақат ҳақиқий тақвода тарбияланган уламоларга хосдур. Ўзларининг илмлари билан холис Аллоҳ розилигини қасд қилган ва мукофотини Ўзидан олишликни истаган кишилардир. Шунинг учун улар Пайғамбаримиз (сав)дан кейин энг ҳурмат ва муҳаббатга лойиқ кишилар ҳисобланишади, чунки илм пайғамбарларнинг мероси, уламолар эса пайғамбарлар меросхўрларидир.
Биз буюк Аллоҳдан уламоларимизни Ўзи ҳимоя қилишлигини ва умрларини узун ва баракотли қилишлигини сўраймиз.
وصلى الله على سيدنا محمد وعلى آله وصحبه وسلم تسليما كثيرا والحمد لله رب العالمين
Аҳрор Абдуллаев,
Кўкалдош мадрасаси мударриси






