Ибн Абу Ҳотам ва Воҳидий Мужоҳиддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан Аллоҳ йўлида минг ой силоҳ кийиб юрган бир кишини зикр қилганларида мусулмонлар ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло бу сурани туширди: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир». Яъни Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида силоҳ кийиб юрган минг ойдан ҳам афзалроқдир.
Ибн Жарир Мужоҳиддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:« Бани Исроилдан бир киши кечани бедор ўтказиб, кундузи душманга қарши курашар эди. Шу тариқа минг ой курашда давом этди. Аллоҳ таоло «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» оятини тушириб, бу кеча Бани Исроилдан бир кишининг (минг ойлик) амалидан яхшироқ эканини билдирди».
Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу: “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар. (Имом Муслим ривояти).
Аслида, қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Буларни бирма-бир (46 та қавлни) Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган “Фатҳ ул-борий” асарида батафсил зикр қилган. Муҳаммад Абдулғафурнинг “ал-Исъоф” асарида ушбу қавл ва тахминларнинг 45 таси келтирилган. Уларнинг ҳар бир гапи ва тахминининг асоси, ҳадислардан ва саҳобалар гапларидан далили ҳам айтилган. Бинобарин, қадр кечасини топмоқчи бўлганлар йилнинг ҳар бир кечасини қадр ўлароқ кўриши ва ибодатдан ғафлатда қолмаслиги даркор!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
2 — курс талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов