“Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак…” Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Навоийшунос олимларимиз таъкидлаганидек, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори Навоийни англашдан бошланади. Навоийни англаш ўзликни англашдир. Ҳазрат Навоий ибораси билан айтганда:
Эл нетиб топгай мениким,
Мен ўзимни топмасам.


Буюк аждодларимиз юксак даражаларга қандай эришганини уларнинг ҳаёт йўлларига бир назар солиб, ижодларидаги ҳикматларни ўқиб, уқиб ва таҳлил қилиб англашимиз, лозим бўлади.
Шу мақсадда кеча, 9-февраль куни Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд топган кунлари муносабати билан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари учун “Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи”га экскурсия уюштирилди. Талабалар у ерда ўзбек адабиётининг дурдона асарлари ва бошқа турли тарихий экспонатлар билан танишдилар. Талабалар музейни айланишар экан, уларда ўзбек адабиётига бўлган ҳурмат-эҳтиромлари беихтиёр янги даражага етганини юзларидан сезиш мумкин эди.



Эслатиб ўтамиз, “Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи” адибимизнинг 500 йиллиги муносабати билан 1939 йилда ташкил топган. Музей экспозицияси 40 та хонадан иборат 8 та бўлимдан ташкил топган. Жами, 17000дан ортиқ санъат асарлари ва 65000дан зиёд қўлёзма ва тошбосма асарлар сақланади.
И.Комилов
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими






