Касалликлар инсониятга доимо ҳамроҳ бўлиб келган. Ўтмишда эпидемиялардан миллионлаб одамлар нобуд бўлар эди. Шифокорлар касалликлардан фориғ бўлиш учун бор имкониятларини ишга солиб касалликка қарши даво воситаларини топишга ҳаракат қилишар эди. Ислом дини ҳам шу йўлни тутишга буюради ва тиббиёт соҳасига катта аҳамият беради.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ( إِنَّ اللَّهَ أَنْزَلَ الدَّاءَ وَالدَّوَاءَ وَجَعَلَ لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءً ، فَتَدَاوَوْا وَلاَ تَدَاوَوْا بِحَرَامٍ ) رواه ابو داود
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам берган. Шундай экан даволанинг, аммо ҳаром билан даволанманг”, деганлар. Абу Довуд ривояти.
لِكُلِّ دَاءٍ دَوَاءٌ ، فَإِذَا أُصِيبَ دَوَاءُ الدَّاءِ بَرَأَ بِإِذْنِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ .رواه مسلم
Бошқа бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир касаллик учун дори бор Агар дори ва касаллик бир-бирига тўғри келиб қолса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила шифо бўлади”, деб айтганлар. Имом Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз оллалоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, аёллари, оила аъзолари ва саҳобалар розияллоҳу анҳумлар ҳам бирон дардга чалинсалар даволанишарди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша даврда даволаниш учун воситаларни ишга солишга тавсия берар эдилар.
Бошқа пайғамбар алайҳимуссаломлар ҳам касал бўлганда даволанганлар. Бу ҳақида бизларгача ривоятлар етиб келган. Имом Ғаззолий ўзларининг “Кимёи саодат” китобларида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Мусо алайҳиссалом касал бўлиб қолиб, Аллоҳ таоло дорисиз ҳам шифосини беради, деган фикрда дори истеъмол қилишдан бош тортган эканлар. Аммо Аллоҳ таоло “Агар сен дори истеъмол қилмас экансан мен шифо бермайман”, деб марҳамат қилибди. Мусо алайҳиссалом шундан кейин дори ичиб шифо топибдилар. Мусо алайҳиссалом бунинг сабаби ҳақида кўп ўйлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло “Наҳотки сен ўзингнинг умидинг билан мен ўрнатган тартибни ўзгартирсанг!? Ахир ким дорига касалга таъсир қилиш хусусиятини берди? Албатта, Мен. Мен ушбу таъсир қилишни яратувчисиман”, дебди.
Касалга чалинган одам шифокор ҳузурига бориши ҳамда унга буюрилган дорини истеъмол қилиши шарт. Аммо шифони шифокор ва доридан эмас, балки Аллоҳдан кутиши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
…وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ
“Агар мўъмин бўлсангиз Аллоҳга таваккал қилингиз” (Моида сураси 23-оят), деб марҳамат қилади. Яъни, мўъмин киши шифокор ва дори бир восита эканини, шифо берувчи эса Аллоҳ эканига эътиқод қилиши керак. Шифокорларга мурожат қилаётган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиш нияти бўлиши керак.
Шунинг учун ҳам мусулмон киши оламлар Парвардигорига шифо ва ҳимоя сўраб дуо қилади.
Саҳиҳ ривоятларда келган ҳадисларга кўра пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони қилар эдилар:
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ وَالْجُنُونِ وَالْجُذَامِ وَمِنْ سَيِّئِ الْأَسْقَامِ
«Аллоҳумма инний аъузу бика минал бароси валжунуни валжузами ва мин саййиил асқоми».
Маъноси: “Аллоҳим, мени песлик, мажнунлик, моховлик ва (бошқа) ёмон касалликлардан Ўзинг асра!”.
Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлаб, “ёмон касалликлардан” мақсад тузалиши оғир кечадиган касалликлар, мисол учун замонамизда кўп учраётган саратон, ОИТС, ҳозирда тарқалаётган коронавирус ва ҳоказо шунга ўхшаш касалликлар, деб айтишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу дуолари эса бундай хасталикларга дучор бўлишдан мустаҳкам ҳимоя воситасидир. Ушбу дуони эрталаб ва кечқурун бир маротаба ўқиш тавсия қилинади.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмон хасталиклардан Ўз паноҳида асрасин!
Рустам Ахунджанов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти






