Ибни Ҳажар Асқалоний (р.а) ўзларини “Ал-исоба” номли китобларида шундай дейдилар: ”Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз умматларга Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан меросдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганликлари учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)га онанинг хизматини қилиш насиб этмаган, бироқ У зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида ўрниларидан туриб, кийиб турган ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига ўтқизар эдилар”.
حِيْنَ سِيْقَ إِلَيْهِ السَّبْيُ مِنْ هَوَازِنَ كَانَتْ الشَيْمَاءُ بِنْتُ حَلِيْمَةَ فِيْهِمْ فَلَمَّا اِنْتَهَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأُخْتُكَ مِنَ الرَّضَاعَةِ وَعَرَّفَتْهُ بِعَلاَمَةٍ عَرَّفَهَا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ، وَدَمَعَتْ عَيْنَاهُ وَقَالَ لَهَا: هَهُنَا، فَأَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ وَخَيَّرَهَا بَيْنَ أَنْ تُقِيْمَ مَعَهُ مُكْرَمَةً مُحَبَّبَةً أَوْ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى قَوْمِهَا، فَأَسْلَمَتْ وَرَجَعَتْ إِلَى قَوْمِهَا، وَأَعْطَاهَا رَسُولُ اللهِ نَعَماً وَشَاةً وَثَلَاثَةَ أَعْبُدٍ وَجَارِيَةٍ
(كتاب الإصابة لابن الحجر الاسقلاني)
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига Ҳавозин асирлари олиб келинганда, уларнинг орасида Пайғамбаримизни эмизган Ҳалима онамизнинг Шаймо исмли қизлари ҳам бор эди. Шунда Шаймо Пайғамбар (с.а.в)га У зотга таниш бўлган бир белги орқали ўзини таништириб, “Эй Аллоҳнинг Расули мен сизни эмикдош синглингизман”, деди. Шунда, беихтиёр Расулуллоҳ (с.а.в)нинг кўзларидан севинч ёшлари балқиб чиқди, ридоларини тўшаб: “Мана бу ерга ўтиринг”,дедилар ва унга хоҳласа У зотнинг ҳузурларида иззат-икром кўриб яшаш, хоҳласа ўз қавмига қайтиш ихтиёрини бердилар. Шаймо Пайғамбаримиз (с.а.в)дан бундай ҳурмат ва эҳтиромни кўриб мусулмон бўлди ва ташаккур айтиб ўз қавмига қайтишини билдирди. У зот алайҳиссалом унга бир нечта туя ва қўйлар ҳамда учта қул ва чўри ҳадя қилиб, кузатдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) эмикдош сингилларига бундай иззат-эҳтиром қилишларини сабаби оналари Ҳалима онамизнинг ҳурматларидан эди.
(“Ал-исоба” китоби)






