Ушбу сурага тегишли аҳкомлар борасида кўпгина уламолар асарлар битиб, унда суранинг энг муҳим аҳкомлари борасида қимматли маълумотларни келтириб ўтганлар. Биз ушбу китобларнинг энг сараларидан сурага тааллуқли бўлган ҳукмларни ёритиб беришга ҳаракат қиламиз.
Мухаммад Алий Собуний ҳазратлари ўзларининг “Роваиуъл баён” китобларида сурадаги ҳукм оятларини қуйидагича баён қиладилар:
Биринчи ҳукм.
Агар хабар берувчи адолатли бўлса, унинг етказган гапи қабул қилинадими?
Бу саволга муаллиф жавоб бериб айтадиларки, адолатли кишининг хабари қабул қилинишига икки жиҳатдан далил келтирадилар:
- Усул уламоларининг “Мафҳум ул-мухолафа” қоидасига кўра, оятда Аллоҳ таоло фосиқ кишининг хабарини текширишга амр қилар экан, унинг зиддидаги одил кишининг гапи қабул қилиниши ўз-ўзидан келиб чиқади;
- Оятдаги фосиқнинг хабари рад қилиниши сабаби унинг фосиқлигидир, чунки хабар бу омонат бўлиб, уни фосиқлик бекор қилади. Агар сабаб топилмаса, рад қилиш бекор бўлади, натижада, унинг гапи қабул қилинади ва унга амал қилиш вожиб бўлади.
Ҳанафий уламолари ҳолати номаълум бўлган кишининг хабари қабул қилинишини айтадилар. Уларнинг ҳужжати мўминдаги асл нарса адолатдир. Демак, кишининг фосиқ эканлиги номаълум экан, асл нарса ўз ўрнида қолади. Яъни, унинг хабари қабул қилинади.
Иккинчи ҳукм.
Саҳобийларнинг ривоят ва шаҳодат борасидаги адолати борасида баҳс қилинадими?
Бу борада уламолар тўрт хил фикр билдирганлар:
- Барча саҳобалар адолатлидирлар. Уларнинг ривоят ва шаҳодат борасидаги адолатлари ҳақида баҳс қилинмайди;
- Улар худди бошқалар каби адолат борасиди текшириладилар. Лекин адолати зоҳир бўлган Абу Бакр (р.а), Умар (р.а) каби саҳобийлар бундан мустаснодир.
- Саҳобийлардан Усмон (р.а) замонларигача бўлган зотлар адолатли ҳисобланадилар, бироқ у зотни қатл қилганларнинг адолати борасида текшириб кўрилади;
Муаллиф ушбу фикрларни таржиҳ қилиб, жумҳур, салаф ва халафлар иттифоқ қилиб, саҳобийларнинг барчаси адолатли эканлигини айтганлар.
Учинчи ҳукм.
Фосиқ ёки бидъатчининг гувоҳлиги қабул қилинадими?
Уламолар фосиқ кишининг гувоҳлиги ояти каримага амал қилароқ қабул қилинмаслигига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, унинг хабари ҳам қабул қилинмайди, чунки Набий (а.с) қилинган ривоят омонат ва диндир. Фосиқлик эса Расулуллоҳ (с.а.в)га нисбатан ёлғон эҳтимоли бўлгани учун омонат ва динни эътиборини қилмайди.
Уламолар фосиқ кишининг муомалалар ҳақидаги гувоҳлиги қабул қилинишлигини айтганлар, чунки унда бошқаларга бирор шариъй ҳукмни юклаш топилмайди.
Уламолар никоҳдаги шоҳидлик ҳуқуқи борасида ихтилоф қилдилар. Имом Шофий ва бошқалар фосиқнинг никоҳ борасидаги гувоҳлиги қабул қилинмайди дейишади. Чунки фосиқ тасарруфда нуқсонга йўл қўяди, шу сабабдан никоҳга тааллуқли кишиларга зарар бериш бор.
Абу Ҳанифа (р.а) ва Имом Молик (р.а) эса никоҳдаги фосиқнинг гувоҳлиги дуруст дейдилар.
Бидъатчи эса ўз эътиқоди сабабидан фосиқ ҳукмида бўлиши насларда собит бўлган. Шунга кўра, бидатчи очиқ ойдин бидъат устида экан, бир қанча усул уламолари ва Имом Шофий (р.а)лар унинг шаҳодатини қабул қилмасликни айтадилар. Ҳанафий уламолар эса улардан фарқли равишда шаҳодати қабул қилинади дейишади. Лекин уларнинг наслар борасидаги ривояти қабул қилинмайди, чунки унинг бидати динга зарар беради. Шунингдек, Мухаммад Алий Собуний (р.а) ўзларининг “Соффат тафосир” асарларида сура борасидаги баъзи ҳукмларни баён қиладилар. Масалан, Аллоҳ таоло мўминларга Набий (а.с) ҳузурларида бирор ҳукм борасида ўз фикрларини билдиришга шошмасликни, у зот улар билан маслаҳат қилмагунларича тийилиб туришликка чақиради.
Имом Аҳмад ибн Аҳмад ас-Совий (р.а) ўзларининг “Хошият ус-Совий” китобларида сурага тегишли ҳукмлар борасида бир қанча ҳукмларни ёритиб берганлар.
Масалан, сурада гумондан сақланиш лозимлиги, чунки кўпгина гумонлар гуноҳга сабаб бўлиши зикр қилинади. Уламолар ушбу сурадаги гумон борасида фикр билдириб айтадиларки, гумон 2 хил бўлади.
Биринчиси, гуноҳга олиб боради. У бир нарса ҳақида ўйлайди ва уни гапиради. Натижада, бу қилган ёмон гумони гуноҳга сабаб бўлади.
Иккинчиси, бирор нарса тўғрисида гумон қилади, лекин уни гапирмайди. Бу нарса ҳеч қандай гуноҳга сабаб бўлмайди.
Сурада айнан биринчи тур гумон назарда тутилган бўлиб, мўмин банда доимо яхши гумонда бўлишга чақирилади.
Саъдуллахонов Асрор 4-курс талабаси





