Имом Абу Исҳоқ Шеърозий роҳимаҳуллоҳ (476 ҳ.й. вафот этган) айтадилар:
“Агарда савол берувчи «Аллоҳ бир тарафда эмас экан, унда дуо пайитида қўлларни осмонга кўтарилишининг ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг осмонга кўтарилишларининг нима фойдаси бор?», деб савол берса, унга шундай жавоб берамиз: «Агар дуо пайтида қўлларни осмон томонга кўтарилиши сабабидан Аллоҳ таоло юқори тарафда экани жоизлиги келиб чиқса, унда:
- Каъбатуллоҳ томонга қараб намоз ўқиганимиз учун У зот таоло қибла (Каъба) томонда экан дейиш жоиз бўлиб қолади.
- Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:“Банданинг Парвардигорга энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидадир, саждада Аллоҳга кўп-кўп дуолар қилинглар” деб айтган ҳадислари ҳамда Аллоҳ таолонинг “Аллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У зотга) яқин бўлинг!” (Алақ сураси 19-оят) деган каломига биноан Аллоҳ Ер остида экан, деган эҳтимол келиб чиқади.
Агар Аллоҳ таоло юқори томонда дейдиган бўлсак, банда сажда пайитида У зотга яқин бўлиши билан сифатланмас эди. Аллоҳ таоло Каъба томонда деб айтилмайди ва Аллоҳ таоло Ер остида деб айтилмайди, худди шу каби осмон дуо қибласи қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло осмонда деб ҳам айтилмайди. Мусо алайҳиссалом тоғга чиқиб, у ерда Аллоҳнинг каломини эшитганлари Аллоҳ тоғга тушганига далолат қилмас экан, худди шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг осмонга кўтарилишлари Аллоҳ осмонда эканига далолат қилмайди».
“Ал-ишара ила мазҳаби аҳлил ҳаққ” (154-155 бетлар)
Кўкалдош ЎМИБЮ МАТБУОТ КОТИБИ Рустам Охунжонов таржимаси





