Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳайвонларга ҳам раҳм-шафқатли эдилар, бошқаларни ҳам шундай бўлишга буюрар эдилар. Ҳайвон эгаларини уларга азият бериш, оғир юкларни юклаш ва тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қорни бели билан бирлашиб кетай деган, яъни очликдан ниҳоятда озиб кетган бир туя олдидан ўтаётиб: «Бу тилсиз чорвалар борасида Аллоҳ таолодан қўрқинглар. (Яъни уларга яхши муомалада бўлиш, зарар етказмаслик, ҳақларига риоя қилиш, муҳтож бўладиган нарсасини бериш ва азият етказмаслик борасида). Уларни минишга ярайдиган, юришга қуввати етадиган ҳолида мининглар, агар сўйиб емоқчи бўлсангиз семиз ва соғ ҳолида сўйиб енглар», дедилар».[1]
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туяси бор бир ансорийга танбеҳ бериб: «Бу ҳайвондан (ёмон муносабат қилишдан) эҳтиёт бўл. Зеро, у оч қолдираётганинг ва кўп ишлатиб, қийнаётганингдан шикоят қиляпти», дедилар».[2]
Бир куни Набий алайҳиссалом ансорийлардан бирининг боғига кирган эдилар, у ерда бир туяга кўзлари тушди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан туянинг кўзига ёш келди. У зотнинг туяга раҳмлари келиб, унинг қулоғини силаб қўйган эдилар, туя тинчланди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу туянинг эгаси ким? Бу туя кимга қарашли?» деб туянинг эгасини чақирдилар. Бир ансорий йигит келди. Пайғамбар алайҳиссалом унга: «Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана бу ҳайвон борасида Аллоҳдан қўрқ! У оғир ва тоқати етмайдиган юкларни юклаб, азият бераётганингдан менга шикоят қилди», дедилар».[3]
Пайғамбар алайҳиссалом ҳайвонларни йўлда тўхтатиб, устида узоқ гаплашиб туриб, азият беришдан қайтарганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг олдидан ўтсалар, улар уловларининг устида ўтирган ҳолда гаплашиб турган эканлар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловларингизга соғлом ҳолида мининглар, соғлом ҳолида тарк қилинглар. Уловларни йўлларда ва бозорларда гурунглашиб ўтирадиган жой (курси) қилиб олманглар. Зеро, айрим уловлар эгасидан яхшироқ ва Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилувчи бўлади», дедилар.[4]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушук ва шунга ўхшаш ҳайвонларга ҳам беэътибор бўлмаслик, уларга азият етказмаслик, қийнамасликка буюрар эдилар. Бир ҳадиси шарифда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мушукни боғлаб қўйиб, унга овқат ва сув бермаган, ердаги қурт-қумурсқаларни тутиб ейишига ҳам қўйиб бермаган аёл жаҳаннамга киради», деб айтганлар.[5]
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Йўлда бир қудуққа дуч келиб, унга тушиб, сув ичди. Қайтиб чиққан эди, қаттиқ чанқаганидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги киши: «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди-да, қудуққа тушиб, оёқ кийимини сувга тўлдирди. Кейин уни оғзида тишлаб олиб чиқди-да, итга ичирди. Аллоҳ таоло бу иши учун унинг гуноҳларини кечириб юборди», дедилар. (Саҳобалар) «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонлар учун ҳам ажр борми?» дейишди. «Ҳа! Ҳар бир тирик жон учун ажр бор», дедилар».[6]
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган бир кишини бурга чақиб олди. У киши бургани лаънатлаган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бургани лаънатламанглар, чунки у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган», дедилар».[7]
Расулуллоҳ алайҳиссалом ўта қабиҳ ишлардан бири бўлмиш ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлаб, уриштиришдан қайтарганлар. У зот беҳуда ўлдириш у ёқда турсин, қушларнинг боласига зарар етказишдан ҳам қайтарганлари ҳадисларда ворид бўлган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул зот қазои ҳожатга кетдилар. Биз ҳумарра (кичик қуш) билан иккита полапонини кўриб қолиб, полапонларини олдик. Шунда ҳумарра чирқираб, атрофимизда айланиб уча бошлади. Расулуллоҳ уни кўриб, «Қай бирингиз бунинг боласига тегдингиз?! Боласини қайтаринглар!» дедилар. Яна у зот алайҳиссалом чумолининг уясини куйдириб юборганимизни эшитиб: «Буни ким куйдирди?» дедилар. «Биз», дедик. «Оловнинг Роббигина олов билан азоблашга ҳақли», дедилар».[8]
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни овлаб ейиш мақсадида эмас, балки беҳудага ўлдиришдан қайтариб, шундай дер эдилар: «Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш қиёмат куни Аллоҳ таолога: «Роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор-бир фойдани кўзлаб ўлдирмади», деб шикоят қилади».[9]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто қурбақани ўлдиришдан қайтариб: «Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир», деб айтганлар.[10]
У зот ҳайвонларни ҳатто сўйишда ҳам уларга раҳм қилишни буюрардилар. Қўйни ётқизиб қўйиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: «Сен нима, уни икки марталаб ўлдирмоқчимисан? Пичоғингни уни ётқизишдан олдин ўткирлаб олсанг бўлмасдими?» деб танбеҳ берганлар.[11]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни эрмак учун (ўқ отишга) нишон қилиб олишдан ҳам қайтарар эдилар.[12]
Юқорида ўтган бир қанча ҳадисларни ўқиб, мушоҳада қилган киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳайвонларга қанчалик раҳм-шафқатли бўлганларини билиб олиши мумкин.
[1] Имом Абу Довуд ва Ибн Хузайма ўз «Саҳиҳ» китобларида ривоят қилганлар.
[2] Имом Абу Довуднинг китобларидан ҳам худди шундай ривоят келган.
[3] Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд ривояти. Имом Ҳокимнинг «Мустадрак»ида ҳам ривоят қилинган.
[4] Имом Аҳмад, Абу Яъло ва имом Табароний ривояти.
[5] Имом Бухорий ва бошқалар ривояти.
[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. –Б. 43.
[7] Имом Табароний ривояти.
[8] Имом Абу Довуд ривояти.
[9] Имом Насоий ривояти.
[10] Имом Насоий ривояти.
[11] Имом Табароний ривояти.
[12] Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари.






