Билим юртида Республикамиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигимуносабати билан 5 декабр куни “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирга Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси мудири, юридик фанлари доктори Бекзод Мусаев, юридик фанлари доктори Сардор Юсупов ва Олий мажлис қонунчилик палатасида юрист консультант Жавоҳир Низомов таклиф этилди.
Билим юрти мудир муовини А.Ғаниев ўзининг кириш сўзида қонунчилик тарихи, қонунларнинг жамиятдаги тутган ўрни ҳакида сўз юритди ва тадбирни очиб бериш учун билим юрти мудири М.Насриевга берди. М.Насриев йиғилганларни байрам билан табриклаб: “Бу йил биз мустақил Ўзбекистон Конституциясининг 27 йиллигини муносиб нишонлаяпмиз. У ўз моҳиятига кўра, давлатнинг бош ҳуқуқий ҳужжати саналиб, унда асосий принциплар, шахс, жамият ва давлат масалалари, ҳудудий тузилиши билан бир қаторда инсонларнинг диний эътиқод билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам акс этган. Шу маънода Бош қомусимизда виждон эркинлиги билан боғлиқ жиҳатлар алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгандир” деб ўз фикрларини билдирди. Сўнгра сўз навбати Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси мудири Бекзод Мусаевга берилди. Б.Мусаев “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниш лойиҳаси ва унинг босқичлари” ҳақида гапириб Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияни яратиш ҳақидаги илк ғоя Республикамизнинг 1990 йил март ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясидаёқ, ўртага ташланганлиги, Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1990 йил 20 июнда эълон қилинган «Мустақиллик декларацияси» мамлакатимиз янги Конституциясини ишлаб чиқишга асос бўлганлиги, Олий Кенгаш Ўзбекистон Президенти бошчилигида 64 кишидан иборат конституциявий комиссия тузилганлиги, Комиссия таркибига депутатлар давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, корхоналар раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар ва мутахассислар киритилганлиги каби маълумотларни бериб ўтди. Шунингдек, Конституцияда баъзи моддаларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди. Шундан сўнг сўзга чиққан маърузачилар С.Юсупов ва Ж.Низамовлар Республикамиз конституциясининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда яқинда бўлиб ўтадиган қонунчилик депутатларига сайлов жараёнлари, Сайлов кодекси ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Талабаларнинг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига ташриф буюрган мутахассислар аниқ ва кенг қамровли тушунчалар берди.
Тадбир сўнгида билим юрти мудири М.Насриев ўзининг фикр-мулохазаларини айтди. Тадбир иштирокчилари ва ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирилди. Тадбир Ўзбекистон-24 телеканалида ёритилди.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
мудир ўринбосари А.Ғаниев








