SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний – улуғ мусанниф
28.11.2020 / Bo‘limda Hadis, Islom tarixi, Maqolalar

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний – улуғ мусанниф

Ироқда пайдо бўлиб, шарқ ўлкаларида кенг ёйилган ҳанафий мазҳабининг яхлит мазҳаб бўлиб шаклланиши, ундаги тарқоқ фатволарни бир ерга тўплаб, сараланиши ва ҳозирги кунимизгача бус-бутун ҳолда етиб келишида имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг катта хизматлари бор. Чунки у зотнинг қолдирган асарлари ҳанафий мазҳабидаги барча китобларнинг асоси ҳисобланади.

Исми ва насаби

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Фарқад Шайбоний. Баъзилар унинг исми-насабини Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Убайдуллоҳ ибн Марвон деб келтирадилар. Муҳаммаднинг отаси Шом қўшинида аскар бўлиб, Восит шаҳрига бориб қолган. Сўнг умавийлар ҳукмронлигининг охирги даврларида Ироққа бориб ўрнашган. Воситда яшаган даврида 132-йили ўғли Муҳаммад дунёга келган. Кейин эса оила Кўфага кўчиб ўтган ва Муҳаммад шу шаҳарда улғайган[1].

Муҳаммад ибн Ҳасан Абу Ҳанифанинг шогирди ва илмини тарқатган кишидир.

Туғилган ва дунёдан ўтган санаси

Муҳаммад ибн Ҳасан 132 йили Восит шаҳрида туғилиб, 189 йили Рай шаҳрида 58 ёшида оламдан ўтган ва Табарак тоғида дафн этилган[2].

Муҳаммад ибн Ҳасаннинг олимлар гавжум бўлган Кўфада яшаши унинг олим бўлиб вояга етишида муҳим омил бўлди. Бу ерда у илм аҳлининг даврасида тарбия топди, катта олимлардан илм олди. Эсини таниб, Қуръон ўрганди, араб тили дарсларига қатнашди. Ўша кезларда Кўфа араб тили илмларининг бешиги, ҳадис ва фиқҳ марказларидан бири эди. Катта саҳобаларнинг бу шаҳарда яшаб қолиши, Али ибн Абу Толибнинг уни пойтахт қилиши бунинг муҳим омилларидан бўлган эди. Муҳаммад 14 ёшга тўлганида Абу Ҳанифанинг мажлисига ҳозир бўлади ва тўрт йил давомида ундан таълим олади[3]. Абу Ҳанифа вафот этгач Абу Юсуф ҳузурида таълимни давом эттиради. Бир вақтнинг ўзида бошқа кўплаб олимлардан фиқҳ ва ҳадисдан дарслар олади. Кейин Макка ва Мадинага сафар қилади. Имом Моликдан уч йил дарс олади. Изланишдан тўхтамай яна бир қанча олимларнинг илмидан баҳраманд бўлади. Ниҳоят, илмда пешво, луғат бобида ҳужжат бўлиб етишади. Ҳорун Рашид даврида қозилик вазифасида ишлайди. Абу Юсуф дунёдан ўтгач Ироқда фиқҳ илмининг етакчиси бўлиб қолади[4].

Сифатлари ва ахлоқи

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ ўта зийрак, чақноқ зеҳнли, учқур ва кучли хотирага эга, қалбан юксак сифатлар сари талпинувчи, сурати ва сийрати ниҳоятда гўзал, миқтигина, руҳи енгил, соғлиқ ва кучга тўла бир киши эди. Унинг беқиёс заковати ҳақида гапириб, дунёнинг энг зукко кишиларидан бири эди, дердилар. Тўкис ақл, улуғворлик, кўп тиловат ва мўл илм билан сифатланган, нутқи равон киши эди. У зот ҳақида имом Шофеий: “Муҳаммад ибн Ҳасан бизга ўзининг ақли даражасида гапиргудек бўлса, тушунмай қолардик. Лекин у бизнинг ақлимизга яраша гапирар ва биз тушунардик”, деган. Яна у: “Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра руҳи енгил бўлган семиз кишини кўрмадим. Ундан-да  нутқи равонроқ кишини ҳам кўрмадим. Унинг Қуръон ўқиётганини кўрсам, гўё Қуръон унинг тилида нозил бўлгандек туюлар эди”, деган. Шофеий яна: “Муҳаммаднинг илмидан бир туяга юк бўладиган ҳиссани олдим”, деган[5].

Имом Муҳаммаднинг ахлоқи ҳақида қанча гапирсангиз оз. У тақводор, парҳезкор имом, бағрикенг инсон, ўз яқинларию мухолифларига нисбатан ҳалим, илм чўққисини ва қозилик мансабини эгаллаб турганига қарамай юксак хулқ ва камтарликни ўзига пеша қилган, камбағал-муҳтожларга, илм талабида юрганларга тантилиги бисёр зот эди. Имом Муҳаммаднинг бу хислатлари ҳақида гапирсак, гапимиз чўзилиб кетади. Кавсарий Асад ибн Фурот тилидан келтирган ҳикояси бизга етади. Асад ибн Фурот илм талабида туғилган юрти Тунисдан чиқиб, бир қанча вақт Ироқда яшайди. Имом Муҳаммаднинг дарсларига қатнашиб, тўла қаноат ҳосил қилмагач: “Мен бу ерда бегонаман, фиқҳдан оз билимга эгаман. Сиздан эшитганим бир чимдимгина бўляпти. Талабаларингиз кўп, мен нима қилсам бўлади?” деб сўраганида Муҳаммад унга: “Кундузи ироқликлар билан дарс эшит. Тунни сенинг ўзингга ажратдим. Меникида ётиб қоласан, сенга дарс бераман”, деб таклиф қилди. Асад бу таклифга кўнди. У айтади: “Уникида ётиб қолардим. Қўлида бир қадаҳ сув билан олдимга келиб, дарс ўтишга тушарди. Тун чўзилиб, мудрай бошласам, қўлига сув тўлдирар, юзимга сепиб, уйқумни қочирарди. То ундан эшитадиган дарсларимни битиргунимча уникида шу тахлит ўқиб юрдим”. Асад ибн Фуротнинг пули тугаб қолганини билгач Муҳаммад ибн Ҳасан унинг ҳолидан хабар олиб юрди, бир марта йўқсиллар учун қўйиладиган “сабил суви”дан ичаётганини кўриб қолганида эса унга саксон динор берди. Асад қайтиб кетаётганида ҳам унинг йўл харажатига кўмаклашиб юборган эди[6].

Илмий фаолияти ва асарлари

Устозлари. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний илм талабида сафарларга чиққани маълум. Шу туфайли Кўфа, Макка, Мадина ва бошқа юртлардаги кўплаб устозлардан таълим олишга муяссар бўлган.

Кўфаликлардан: Абу Ҳанифа ҳузурида фиқҳдан дарс бошлаб, унинг вафотидан сўнг қози Абу Юсуфда якунига етказган. Бу икки устозидан ҳамда Исмоил ибн Абу Холид Аҳсамий, Суфён ибн Саид Саврий, Мисъар ибн Кидом, Молик ибн Мағул, Қайс ибн Рабиъ, Абу Аҳвас Салом ибн Сулайм, Салом ибн Сулаймон, Абу Муовия Зарир Муҳаммад ибн Хозим ва Зуфар ибн Ҳузайл каби зотлардан ҳадис илмини олган.

Мадиналиклардан: Молик ибн Анас, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Абу Яҳё, Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Ҳафс Умарий, унинг акаси Абдуллоҳ, Хорижа ибн Абдуллоҳ ибн Сулаймон, Муҳаммад ибн Ҳилол, Заҳҳок ибн Усмон, Исмоил ибн Рофеъ, Аттоф ибн Холид, Исҳоқ ибн Ҳозим, Ҳишом ибн Саъд, Усома ибн Зайд Лайсий, Довуд ибн Қайс Фарро, Ийсо ибн Абу Ийсо Хайёт, Абдураҳмон ибн Абу Зинод, Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Абу Зиъб ва Хусайм ибн Аррок;

Маккаликлардан: Суфён ибн Уяйна Кўфий (бу киши Маккага келиб яшаган), Замъа ибн Солиҳ, Исмоил ибн Абдумалик, Талҳа ибн Амр, Сайф ибн Сулаймон, Иброҳим ибн Язид Умавий, ЗАкариё ибн Исҳоқ ва Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Яъло Сақафий Тоифий;

Басраликлардан: Абул Авом Абдулазиз ибн Рабиъ Басрий, Ҳишом ибн Абу Абдуллоҳ, Раьиъ ибн Субайҳ, Абу Ҳурра Восил ибн Абдураҳмон, Саид ибн Абу Аруба, Исмоил ибн Иброҳим Басрий ва Муборак ибн Фазола;

Воситликлардан: Аббод ибн Аввом, Шўъба ибн Ҳажжож ва Абу Молик Абдумалик Нахаий. Шомда:Абу Амр Абдураҳмон Авзоий, Муҳаммад ибн Рошид Макҳулий, Исмоил ибн Айёш Ҳимсий ва Савр ибн Язид Димашқий;

Хуросондан: Абдуллоҳ ибн Муборак;

Ямомаликлардан: Айюб ибн Утба Таймий каби зотлардан ҳадислар ривоят қилган. Умуман олганда, имом Муҳаммаднинг санаб ўтилганлардан бошқа шайхлари ҳам кўп. Муҳаммад ибн Ҳасан ўзи қатори олимлардан ҳам, ўзидан қуйида турувчи муҳаддислардан ҳам ҳадислар ривоят қилишдан тортинмаган[7]. Илм тарихида улуғларнинг кичиклардан ривоят қилиши кўп кузатилган ҳодисадир.

Шогирдлари. Муҳаммад ибн Ҳасаннинг овозаси чор атрофга ёйилиб, ёзган асарлари карвонлар орқали турли ўлкаларга етиб боргач узоқ-узоқ юртлардан илм олиш ва фиқҳни ўрганиш учун у зотнинг ҳузурига инсонлар йўл босиб кела бошладилар. Тўғри, у киши Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг катта яхшилиги ва фиқҳни таълим берганини унутмай ҳамиша ўзини устозига нисбат бериб келган. Шундай бўлса-да, у мужтаҳид олимлардан бири эди. Имом Муҳаммаднинг таълимини олиб олимликка етишганларнинг саноғига етиш амри маҳол бўлса-да, у киши ўз замонидаги мужтаҳидларнинг устози эканлигини  кўрсатиш учун айрим шогирдларининг исмларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз:

  • Абу Ҳафс Кабир Бухорий Аҳмад ибн Ҳафс Ижлий. Имом Бухорий сафарга чиқишидан олдин шу зотдан аҳли раъйнинг фиқҳи ва Суфён Саврийнинг “Жоме” асарини ўрганган эди
  • Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний. Бу зот сабабли олти китоб машиқу мағрибга тарқалган
  • Тўрт имомнинг бири – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеий
  • Катта мужтаҳид олим – Абу Убайд Қосим ибн Саллом Ҳиравий
  • “Жомеул кабир” ва “Жомеус сағир”нинг ровийлари – Амр ибн Абу Амр Ҳарроний, Муҳаммад ибн Самоа Тамимий, Али ибн Маъбад ибн Шаддод Раққий ҳамда Муалло ибн Мансур Розий
  • Муҳаммаддан “Муватто”ни ривоят қилган Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Меҳрон Насавий, “Кайсонийёт”ни ривоят қилган Шуайб ибн Сулаймон Кайсоний, “Журжонийёт”ни ривоят қилган Али ибн Солиҳ Журжоний, “Сияри кабир”ни ривоят қилган Исмоил ибн Тавба Қазвиний, “Наводир”ни ривоят қилган Абу Бакр Иброҳим ибн Рустам Марвазий, Бухорийнинг Шомдаги шайхларидан бири – Абу Закариё Яҳё ибн Солиҳ Ваҳозий Ҳимсий, “Ал-ҳужаж ало аҳлил Мадина”нинг ровийси ва “Ал-ҳужажул кабир”, “Ал-ҳужажус сағир” ва “Китобур радд алал Марисий ваш Шофеий фий шурути қабулил ахбор” асарларининг муаллифи – Абу Мусо Ийсо ибн Абон Басрий, “Китобул илал” соҳиби – Суфён ибн Саҳбон Басрий ва бошқалар
  • Абу Бакр ибн Абу Муқотил, моликий мазҳабини девон шаклига солган Асад ибн Фурот Қайрувоний
  • Ибн Жарирнинг шайхи Муҳаммад ибн Муқотил Розий, жарҳ ва таъдил илмининг пешвоси – Яҳё ибн Маин Ғатафоний, Али ибн Муслим Тусий, Мусо ибн Наср Розий, Шаддод ибн Ҳаким Балхий, Ҳасан ибн Ҳарб Раққий, Ибн Жабала, Абу Аббос Ҳумайд, Абу Тавба Рабиъ ибн Нофеъ Ҳатбий, Убайдуллоҳ ибн Абу Ҳанифа Дабусий, Абу Барид Амр ибн Язид Жармий, Мусъаб ибн Абдуллоҳ Зубайрий, Айюб ибн Ҳасан Найсабурий, Халаф ибн Айюб Балхий, Али ибн Субайҳ, Ақил ибн Анбаса, Али ибн Меҳрон, Амр ибн Муҳайр, Яҳё ибн Аксам, Абу Абдураҳмон Муаддиб, Али ибн Ҳасан Розий ва Ҳишом ибн Абдуллоҳ Розий
  • Муҳаммад ибн Умар Воқидий. Мазкур Муҳаммад ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний бир-бирларидан ҳадис ривоят қилганлар. Бу нарса ҳадис илмидаги “тенгдошларнинг бир-биридан ривоят қилиши”га бир мисолдир[8].

Таълим билан шуғулланиши ва Абу Ҳанифа меросини тарқатиши

Илм йўлидаги машаққатли изланишлар, катта олимлардан билим олиш учун қилинган самарали меҳнатлар натижасида имом Муҳаммадда фиқҳий малака шаклланди, мустаҳкам илм ҳосил бўлди. Бу эса унга йигитлик чоғида олимлар қатори ўтириб дарс бериш лаёқатини берди. Самъоний ёзади: “У йигирма ёшида Кўфа масжидида дарс беришга ўтирди”[9].

Сўнгра аббосийлар давлати пойтахти Бағдодга кўчиб ўтди, у ерда яшаб қолди. Одамлар унинг ҳузурига қатнаб, ҳадис ва раъй ўргандилар[10]. У бир талай китоблар таълиф этди, Абу Ҳанифанинг илмини тарқатди”[11].

Шу билан унинг овозаси тарқалди, толиби илмлар узоқ-яқиндан ундан таълим олгани йўл олдилар. Унинг энг машҳур шогирдларидан бири имом Шофеийдир.

Ёзган асарлари. Ҳанафий мазҳаби ҳар томонлама имом Муҳаммад олдида қарздор. У том маънода шу мазҳабни тарқатувчи, умуман ислом фиқҳининг, хусусан, ҳанафий фиқҳининг ихлосли хизматчиси бўлиб яшаб ўтди.  Ўзидан кейингилар учун кон вазифасини бажарган бой хазина қолдириб кетди. Фиқҳ борасида кўп ва хўп асарлар битди. Халқаро алоқалар соҳасидаги китоблари билан тилларни лол этди. Турли илм соҳаларига дахл этди ва муаммоларни ҳал этди. Бу эса унинг билими кенг эканига далолат этди.

Имом Муҳаммаднинг китоблари ҳанафий мазҳабини ўзида сақлаган ёзма манба ўлароқ олимлар мурожаат этадиган қимматли қўлланма бўлди. Келгуси авлод уламолар ўз асарларини ёзишда бу зотнинг асарларидаги маълумотларни асос қилиб олдилар, янги китоблар ёзиб, у ердаги мавзуларини ёритиш ва кенгайтириш билан шуғулландилар. Имом Муҳаммаднинг асарлари қуйидаги уч туркумдан иборат:

Биринчи: Зоҳирур ривоя китоблари. Бундай ном қўйилишига сабаб, ушбу китоблар бошқа асарлардан фарқли равишда имом Муҳаммаддан машҳур ёки мутавотир йўл билан ривоят қилинган. Улар олтита:

  1. “Асл” ёки “Мабсут”. Бу имомнинг биринчи асари бўлиб, фиқҳ бобларидан энг кўпини ўз ичига олган асари ҳамдир. У ерда Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва ўзининг раъйларини келтиради ва баҳс олиб боради, ҳукмларнинг иллатларини излайди, далилларни ўртага ташлайди, ўз фиқҳий методларига кўра раъйларни қабул қилади ёки рад этади.
  2. “Жомеус сағир”. Фиқҳга оид асар.
  3. “Жомеул кабир”. Катта масалаларни қамраган, ҳадис ривоятлари ва уларнинг маъноларига оид маълумотларни ўз ичига олган салмоқли китоб. Баъзи олимлар “Исломда Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “Жоме”идек  асар ёзилмаган деб ҳам айтишган.
  4. “Зиёдот”. Бу асар “Жомеул кабир”дан сўнг унга кирмай қолган масалаларни тўлдириш мақсадида ёзилган.
  5.  “Сияри сағир”. Абу Ҳанифадан ривоят қилинган асар.
  6. “Сияри кабир”. Бу китоб Муҳаммаднинг энг сўнгги асарларидандир. Мазкур икки китоб халқаро муносабатлар ва жиҳод ҳукмларига оид масалаларни ўз ичига олган.

Иккинчи: Зоҳирур ривоя мартабасига тенглаштирилган китоблар

  1. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоятидаги Молик “Муватто”си.
  2. “Ал-ҳужжату ало аҳлил Мадина”. Бу асар фиқҳ масалаларида Мадина аҳли фақиҳларига қарши ҳужжатлар ва баҳс-мунозараларга бағишланган.
  3. “Китобул осор”. Бу унинг Абу Ҳанифадан ривоят қилган ҳадислари жамланган муснад асардир.

Учинчи: Зоҳирур ривоядан бошқа китоблар

Уларга “Раққийёт”, “Кайсонийёт”, “Журжонийёт”, “Ҳорунийёт” ва “Наводир” китоблари киради[12].

Олимларнинг Муҳаммад ибн Ҳасанга берган баҳолари

Имом Шофеий айтади: “Муҳаммад ибн Ҳасандан тиниқроқ гапирувчи одамни кўрмаганман. Қачон тиловат қилаётганини кўрсам, гўёки Қуръон унинг тилида нозил бўлгандек туюларди”[13].

“Муҳаммад ибн Ҳасан бир масалага киришса, худди Қуръонга диққат билан ёндошганидек битта ҳарфни олдинга ҳам, орқага ҳам силжитмас эди”.

Рабиъ ибн Сулаймон айтади: “Бир киши Шофеийнинг қошида туриб ундан масала сўради. У жавоб берди. У киши: Эй Абу Абдуллоҳ, фақиҳлар Сизга хилоф гап айтганлар-ку, деди. Шунда Шофеий: Сен ҳеч фақиҳни кўрганмисан ўзинг?! Муҳаммад ибн Ҳасанни кўрган бўлсанг, бу бошқа гап! У кўзни ва қалбни тўлдирадиган одам эди. Мен Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра зийракроқ йўғон одамни ҳеч кўрмаганман, деди”[14].

Шофеий айтади: “Фиқҳ борасида энг миннатдор бўлган кишим Муҳаммад ибн Ҳасан бўлади”[15].

Имом Муҳаммад ҳақида мақтовли сўз айтган улуғлар жуда кўпдир. Уларнинг энг машҳурларини саралаб оламиз.

Иброҳим Ҳарбий айтади: “Аҳмад ибн Ҳанбалдан: Бу дақиқ масалаларни қаердан олдингиз, деб сўрадим. Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларидан, деб жавоб берди”[16]. Аҳли сунна пешвоси ва бидъатни қўпорувчи бу зотнинг гувоҳлиги бошқа гувоҳларнинг сўзига ҳожат қолдирмайди.

Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: “Илм бобида Шофеий уни улуғ тутар эди, шунингдек, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам”[17].

Абу Убайд Қосим ибн Саллом айтади: “Муҳаммад ибн Ҳасандан кўра Аллоҳнинг Китобини билувчироқ одамни кўрмадим”[18].

Жаъфар ибн Ёсин айтади: “Музанийнинг ҳузурида эдим. Унинг қошида бир киши туриб, Ироқ аҳли ҳақида савол сўради. У: Абу Ҳанифа ҳақида нима дейсиз, деди. Музаний: Уларнинг саййиди, деб жавоб берди. У: Абу Юсуф-чи, деб сўради. Музаний: Уларнинг ҳадисга эргашувчироғи, деб жавоб берди. У: Муҳаммад ибн Ҳасан-чи, деб сўради. Музаний: Мавзуларнинг икир-чикирларига кирувчироғи, деб жавоб берди. У: Зуфар-чи, деб сўради. Музаний: қиёсда уларнинг ўркирроғи, деб жавоб берди”[19].

Заҳабий имом Муҳаммад ҳақида ёзганида: “Аллома, Ироқнинг фақиҳи”, деб таъриф берган[20].

Имом Муҳаммад ва Кисоий вафот этганида халифа Ҳорун Рашид ўкиниб: “Бугун луғат ва фиқҳни дафн этдим”, деган эди[21].

Мана булар фиқҳ ва тарих илми пешволарининг имом Муҳаммад ибн Ҳасаннинг илми, фазилати ва гўзал хислатлари ҳақида берган баҳоларидир. Бу гувоҳликлар бошқаларнинг мақтовларидан кўчирма келтиришга ҳожат қолдирмайди, бошқаларнинг танқидини ҳам даф этади.

Хулоса шуки, имом Муҳаммад ҳадис, фиқҳ ва луғат олими сифатида ислом илмлари ривожига, хусусан, ҳанафий фиқҳининг равнақига катта ҳисса қўшган улкан мужтаҳид бўлиб, у зотнинг илмий меросини ўрганиш юртимизда соғлом диний муҳитни вужудга келтиришда ғоятда аҳамиятлидир.

Латипов Шарофиддин


[1] Заҳабий, Маноқибул имом Абий Ҳанифа ва соҳибайҳ. 79.

[2] Ибн Саъд, Табақотул кубро. 7/242.

[3] Кавсарий, Булуғул амоний. 5

[4] Қаранг: Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 2/172; Абдулқодир Қараший, Ал-жавоҳирул Музийя. 1/526; Кавсарий, Булуғул амоний. 6; Надвий, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний. 24-25.

[5] Қаранг: Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 2/169; Маноқибу Абий Ҳанифа ва соҳибайҳ. 79-80, 94; Абдулқодир Қараший, Ал-жавоҳирул музийя. 1/528; Шерозий, Табақотул фуқаҳо. 135; Кавсарий, Булуғул амоний. 4; Лакнавий, Ат-таълиқул мумажжад. Шайх Абу Ғудда муқаддимаси. 31-33.

[6] Қаранг: Кавсарий, Булуғул амоний. 15; Надвий, Ал-имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. 233-234.

[7] Қаранг: Ибн Ҳажар Асқалоний, Лисонул мезон. 7/60; Кавсарий, Булуғул амоний. 7/8; Надвий, Ал-имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. 31-53.

[8] Қаранг: Ибн Ҳажар Асқалоний, Лисонул мезон. 7/60; Кавсарий, Булуғул амоний. 8-10; Надвий, Ал-имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. 54-91.

[9] Самъоний, Ал-ансоб. 8/201.

[10] Қаранг: Хатиб Бағдодий, Тарих. 2/169.

[11] Қаранг: Ибн Қутлубуғо, Ат-тарожим. 237.

[12] Қаранг: Кавсарий, Булуғул амоний. 61-68; Надвий, Ал-имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний. 92-93.

[13] Заҳабий, Маноқибул имом Аби Ҳанифа ва соҳибайҳ. 80.

[14] Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 2/173.

[15] Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 2/173.

[16] Заҳабий, Маноқибул имом Аби Ҳанифа ва соҳибайҳ. 86.

[17] Ибн Ҳажар Асқалоний, Таъжилул манфаа. 2/176.

[18] Заҳабий, Маноқибул имом Аби Ҳанифа ва соҳибайҳ. 80.

[19] Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 14/243.

[20] Заҳабий, Сияру аъломин нубало. 9/134.

[21] Хатиб Бағдодий, Тариху Бағдод. 2/178.

What you can read next

Тарбия қачондан бошланади?!
Тарбия қачондан бошланади?!
АҚИДАПАРАСТЛИК – БАҒРИКЕНГЛИК КУШАНДАСИ
Ақидапарастлик – бағрикенглик кушандаси
Мулла Али Ал-Қорининг яшаган давридаги ижтимоий ва илмий муҳит.
Камолиддин ибн Ҳумамнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти.

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Kökaldoş madrasasi jamoasi «Yangi Özbekistonda diniy bağrikenglik» xalqaro ilmiy-amaliy konferensiyasida

  • «Kökaldoş» madrasasi öqituvchisi yuksak nişon bilan taqdirlandi

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • Ilm amal bilan kamolga yetadi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP