Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаганлигини кўрамиз.
Дастлаб, Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага боғлиқ оятлар тушди. Кейинроқ, айниқса, Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилингандан сўнг, шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам туша бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали унча кўпаймаган мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.
У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англашар ва уларга амал қилишар эдилар. Мабодо, баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олишар эди. Ўша вақтда саҳобаларнинг содда ҳаётларидаги асосий ишлари ҳам шундан иборат эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, Қуръони Карим оятлари тушиши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксари шаръий ҳукмларга тегишли эди.
Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш вазифаси турар эди.
Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар аввалгиларидан шаръий масалаларни сўрай бошлашди. Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар.
Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган саҳобаларга тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит, Оиша онамиз розияллоҳу анҳум ва бошқаларни мисол қилиб келтирадилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун ўз вакилларини юбора бошладилар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Яманга юбораётиб:
«У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» – дедилар.
«Аллоҳнинг китоби ила», – дедим.
«Аллоҳнинг китобида бўлмаса-чи?» дедилар.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннати ила», – дедим.
«Аллоҳнинг Пайғамбари суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар.
«Фикрим билан ижтиҳод қиламан», – дедим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва:
«Аллоҳ Расулининг вакилини Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин», – дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дийни дунё бўйлаб кенг тарқалди. Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан, тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ.
Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин, кишиларга дийний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади.
Кейинчалик, шароит бутун бошли китоблар таълийф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди.
Бу ҳақийқатни халийфа Жаъфар Мансур ва имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш халийфа Жаъфар Мансур имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига, яқин орада мен билан сендан билимлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен манови иш (яъни халийфалик) ила машғул бўлиб қолдим. Сен одамларга дийний ишларни енгиллаштириб берсанг, деди.
Имом Молик рози бўлдилар ва «Муватто» китобини таълийф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халийфа Жаъфар Мансур қойил қолди ва имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди.
Имом Молик: «Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар.
Шунинг учун ҳам, Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар.
Етти нафар фақиҳ саҳоба
Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар.
Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки фавто берган саҳобалар сони 140 нафар атрофида, холос. Улар тўрт нарсани – имоматчилик, омонат сақлаш, маслаҳат ва насиҳат қилиш ҳамда фатво беришни бир-бирларига ҳавола қилишни одат қилган эдилар. Абдурраҳмон ибн Абу Лайло (693-765): “Бу масжидда бир юз йигирма нафар саҳоба билан учрашганман. Уларнинг ҳар қайсисидан бирор ҳадис ёки фатво сўралса, уни биродари яхши билишини айтиб, унга юборар эди”, деган эди. Бинобарин, саҳобаларнинг етти нафари энг кўп фатво берган, фатволари жамланган эди, холос. Масалан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Мусо ибн Яъқуб ибн ал-Маъмун ал-Ҳошимий (IX аср) саҳоба Абдуллоҳ ибн ал-Аббоснинг фатволарини йигирма жилдли китобда тўплаган экан. 1) Умар ибн ал-Хаттоб (585-644) 2) Абдуллоҳ ибн Масъуд (590-653) 3) Али ибн Бу Толиб (600-661) 4) Абдуллоҳ ибн Умар (612-693) 5) Ойша бинти Абу Бакр ас-Сиддиқ (613-678) 6) Зайд ибн Собит (615-665) 7) Абдуллоҳ ибн ал-Аббос (619-686) Саҳобаларнинг фатво берганларининг фатвоси оз-кўплигига қараб, кўп фатво берувчилар, ўртача фатво берувчилар ва оз фатво берувчилар сифатида тақсимлаб ўрганилади. Ўртача фатво берувчилардан Абу Ҳурайра (602-679)нинг фатволарини Шайх ал-ислом Тақийуддин ас-Субкий (1284-1355) тўплаб, бир рисола тартиб берган.






