Жорий йилнинг 2 декабрь куни билим юртида “Ёш авлодда ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакили, Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло домла Турматов таклиф этилди. Тадбирнинг кириш қисмида билим юрти мудири М.Насриев мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди. Таклиф этилган меҳмон Х.Турматов сўзга чиқиб ўзларининг самимий тилакларини изҳор этди. Талабаларни диний-дунёвий билимларни пухта эгаллаб келажакда етук кадрлар қаторида бўлишликка чақирди. Ўзларининг кўп йиллик иш-фаолияти тажрибаларидан келиб чиқиб ҳаётий мисоллар асосида йиғилганларга қизиқарли маълумотлар берди. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ҳақида айтиб ўтди. Ижтимоий тармоқлар шунақа нарсаки, у худди очиқ дарвозага ўхшайди. ундан ҳар қандай ахборот оқими селдай кириб келаверади. Ўз вақтини, имкониятларини фақат интернет учун сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бекор ўтказадилар, балки ёвузлик тўрига илиниб қолишлари мумкин. Айниқса, экстремистик оқим вакиллари учун интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Сабаби, ҳозирда экстремистик, террорчи ташкилотлар замонавий компюьтер ва интернет технологиялари имкониятларидан фаол фойдаланмоқда. Аксарият ҳолларда бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилиш ёки динни ўргатаман, деган мазмундаги ваъдаларга ишонтириш билан ўзига эътиборни жалб этади. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун аввало ҳар бир ўғил қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Унга етиб келган маълумот ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим саналади, дея ўз тавсияларини бериб ўтдилар.
Тадбир якунида «Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилоят филиали томонидан «Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти талабалари ва Ахборот ресурс маркази учун 500 дан ортиқ мутахассислик фанларига оид дарсликлар ва бадиий адабиётлар совға қилинди.
Маънавий ва маърифий масалалар
бўйича мудир ўринбосари А.Ғаниев











