“Мазҳаб” – сўзи араб тилида заҳаба феълидан олинган бўлиб “йўл” маъносини билдиради. Истлоҳда эса, “Мужтаҳид имомнинг усул қоидалари асосидаги ижтиҳоди билан тартибланган ҳукмлар мажмуаси”[1].
Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиши бевосита ислом тарихи билан боғлиқдир. Мазҳаб имомлари санад билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланади. Мазҳаб имомлари ўртасида фаръий масалаларнинг баъзиларида ихтилоф бўлган бўлса, бу ихтилоф саҳобалар ва тобиъинлар замонасида ҳам бўлган. Мазҳаб – имомлар тамонидан янги пайдо қилинган бидъат йўли эмас.
Мужтаҳид саҳобалар, тобиъинлар ва улардан кейинги мужтаҳид имомлар уммат ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мақомида ҳисобланади. Зеро, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидир. Улар китоб, суннат, ижмоъ ва қиёс асосида шариатнинг ҳукмларини етказувчилардир.
Фикримнинг далили ўлароқ салафларимиздан ва замонамиз олимларидан нақлни келтираман. Салафларимиздан Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий раҳматуллоҳ алайҳдан нақл қилинади.
قَالَ سُوَيد ابْن نَصر سَمعْتُ عَبْد اللهِ المُباركِ يَقولُ: لا تَقُولُ: رَأْي أبى حَنيفَةَ ولكنْ قُوْلوا: تَفْسِيْرُ الحَدِيثِ[2]
Сувайд ибн Наср: Мен Абдуллоҳ ибн Муборакдан эшитдим, дейди. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг (сўзини, унинг) фикри деманглар, ҳадиснинг тафсири, денглар”, дейди.
Замонамиз олимларидан шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни” китобида: “Китоб ва суннатдан истинбот қилинган ушбу шаръий аҳкомларнинг барчаси диндир, улар Китоб ва сунннатдан олинган бўлиб, ундан айро эмас. Китоб ва суннат Исломнинг икки асосий масдари бўлгандек, улардан истинбот қилинган фиқҳ хам мавқе жиҳатидан Китоб ва суннатга тобе бўлади, улардан ажралмайди”[3], дейди.
Холмўминов Жалолиддин “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] Абу Ҳафс Сирожуддин Умар ибн Исҳоқ ал-Ғазнавий ал-Ҳиндий. Шарҳу ақидати ал-имом ат-Таҳовий. – Қоҳира: “Дорул иҳсон”, 2025. -Б. 25.
[2] Абул қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яҳё ибн Ҳорис ас-Саъдий. Фазоилу Аби Ҳанифа ва ахборуҳу ва маноқибуҳу. – Макка ал-Мукаррама: “ал- Мактабату ал-имдодия”, 2010. -Б. 105.
[3] Шайх Муҳаммад Аввома. Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни. -Тошкент: “Hilol-Nashir” нашриёти,2018. – Б. 123.






