Муаллиф: Ваҳба Мустафо Зуҳайлий
Таржимон: Абдулазиз Мўмин
Тақдим
«Шамойил» деганда инсоний хислатлар, сифатлар, ахлоқ-одоби каби хусусиятлар тушунилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойиллари деганда эса инсон зотига берилган энг гўзал хулқлар ва чиройли сифатлар назарда тутилади. Зеро, Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳайбатли чирой ато этган, юксак сифатлар билан васфлаган, мукаммал ахлоқ-одоблар ила хослаган, у зотни оламларга раҳмат қилиб, гўзал ўрнак этиб, обид бандаларга йўлбошчи қилган.
Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир», деган. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Аллома Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бу оятнинг тафсирида: «Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг қавллари, амаллари ва аҳволларида эргашишга катта далил ва ҳужжатдир», деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва у зотдан ўрнак олиш муборак шамойиллари ва хислатларини ўрганишдан келиб чиқади. Чунки у зотга эргашиш, йўлларидан изма-из юриш, ҳидоятларини лозим тутиш фақат шамойилларини ўрганиб, сийратларини билиш орқали амалга ошади. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилу сийратларини ўрганиши шарт ва лозим. Бу борада энг яхши асар буюк ватандошимиз Имом Термизийнинг «Шамойили Муҳаммадия» китобидир. Мусулмон уммати Аллоҳ таоло томонидан ҳусни қабул қилинган бу асардан асрлар давомида фойдаланиб келмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойилларини ўрганишнинг ҳикматлари жуда кўп бўлиб, улардан энг муҳимларини санаб ўтиш мумкин:
- Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш иймон шартларидан бири бўлиб, бунинг учун у зотни билиш ва яқиндан таниш лозим. Бу эса у зотнинг шамойил ва сийратларини ўрганишни тақозо этади.
- Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шамойилларини ўрганиш Аллоҳ у зотга нисбатан бандаларига фарз қилган муҳаббатни келтириб чиқаради.
- Аллоҳ таоло у зотни бандаларига ўрнак қилиб, ҳар соҳада у зотга эргашишга буюрган. Аллоҳнинг бу амрини бажариш муборак шамойилларини ўрганиш билан юзага чиқади.
- Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар бир мўмин учун барча махлуқотлардан, ҳатто унинг ўзидан ҳам аъло қилди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга ҳидоят, илм-ҳикмат, насиҳат, меҳр ва яхшиликларни тўлалигича улашдилар. Шунинг учун мусулмон уммати Набий алайҳиссаломни яхши таниб, улуғликларини ҳис қилиш учун у зотнинг шамойилу сийратларини ўрганиши керак.
- Аллоҳ таоло Қуръони каримда у зотнинг хулқларини мукаммал ва улуғ деб сифатлаган.
- Аллоҳ таоло Қуръонда у зотга салом ва саловат айтишга амр қилиб, у зотга эргашишга буюрган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамойиллари, сийратлари икки дунё саодатига эришишни истаган ҳар бир мўмин-муслмоннинг ҳаёт манҳажи саналади. У зотга уммат бўлиш бахти насиб этган ҳар бир инсон ўзини ҳам, аҳли оиласи ва зурриётларини ҳам ана шу қутлуғ манҳаж асосида тарбиялайди.
Истиқлол йилларида диний адабиётимиз яна қайта тикланиб, исломий илмларнинг барча соҳаларига оид асарлар ёзила бошланди. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига оид қатор илмий асарлар халқимизга туҳфа этилди.
Марҳум устозимиз ва падари бузрукворимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу соҳада ҳам анча ишларни амалга оширдилар. У киши нафақат ўзлари қалам тебратар, балки кўпчиликни шу ишга чорлар, шогирдларини ҳам қалам тебратишга тарғиб қилар эдилар. Хусусан, у киши: «Илм уч восита ила ҳосил бўлади: қулоқ билан тинглаш-эшитиш; кўз билан кўриш, ўқиш ҳамда қўл билан ёзиш», дер эдилар. Муҳтарам китобхонларимиз қўлларидаги ушбу «Шамоили Мустафо» асарининг таржимаси ҳам ҳазратимизнинг тарғиб ва ундовлари билан дунё юзини кўрган китоблардандир. Зеро, шайх ҳазратлари Абдулазиз домлани ҳам бу ишга ундаб, Аллоҳдан гўзал хотима сўраб дуолар қилган эдилар. Алиму Қодир, Азизу Муқтадир Зотнинг қадари экан, бу амалнинг гўзал хотимасини кўриш устозимизга насиб этмади. Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: «Хайрга (яхшиликка) далолат қилган одам уни қилган кабидир», деганлар. Аллоҳ таолодан ушбу ҳадисга мувофиқ, ҳазратимизни ажрга ноил қилишини, охиратларини обод айлашини сўраб қоламиз.
Умид қиламизки, ушбу асар ҳам буюк алломалар юрти бўлмиш она Ватанимизда сийрат илмининг тикланишига ва ривожига қўшилган муносиб ҳисса бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Абдулазиз домланинг бу борадаги келгуси илмий фаолиятларига Аллоҳ таолодан ривож ва баракотлар тилаймиз.
Исмоил Муҳаммад Содиқ
Муқаддима
Бутун олам ва борлиқни яратиб, инсониятга юборган пайғамбарлари ичида Муҳаммад алайҳиссаломни Ислом неъматини етказиш учун танлаган, шу билан шарафлаган ва мусулмон умматини у зотнинг улкан набавий дарахти соясида туришини насиб айлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Хотамул анбиё Росулуллоҳни севиб, сийратларини ўзларига гўзал намуна қилиб олган ва бошқаларга етказишни ўз бурчлари, деб билган аҳли байтлари, саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашганларга саловату саломлар бўлсин.
Дарҳақиқат, Росулуллоҳ алайҳиссаломни таниш ва суннатларига эргашиш динимиз асоси ва таянчларидан биридир. Шу боис у зотнинг ҳаётлари ва сийратларини ўрганиш ва билиш ҳар бир мўмин-мусулмон киши зиммасидаги муҳим вазифадир. Бу эса иймонни чархлайди, ахлоқни сайқаллайди, қандай яшашни ўргатади, бир сўз билан айтганда, комил инсон шахсиятини шакллантиришда муҳим ўрин тутган дастур вазифасини бажаради. Биз нима учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз учун шу хусусда қисқача маълумот бериб ўтсак:
Биринчидан, у зотнинг ҳаётлари қиёси йўқ етук ва комил инсон ҳаётидир. Аллоҳ таоло у зотни Ўзигагина маълум бўлган ҳикматга кўра танлаб, бутун башариятнинг афзали бўлишини таъминлади. Шундай экан, бу муборак зот ҳаётининг ҳар бир дақиқаси Аллоҳ таолонинг назарида турган ажойиб ҳаётдир. Шундай экан у билан танишиб, уни ўзимиз учун амалий қўлланма қилиб олсак, икки дунё саодатига эришамиз.
Иккинчидан, у зотга эргашиш Аллоҳнинг амрига итоат этиш ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло: «Сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир»(Аҳзоб сураси, 2-оят) деб уқтиради.
Учинчидан, Аллоҳ таоло у зотни ҳар доим ва ҳар бир ҳолатда Ўз ҳимоясига олиб, гуноҳ ва хатолардан асради. Агар у зотдан бирор хато ўтган бўлса, Парвардигор ўша хатони тузатиб, тўғрисини баён қилиб берди. Мана шундай сифат ва хислатларни ўз хулқида намоён этган зотнинг ҳаётлари ўрганиш, тадқиқ этиш ва намуна қилиб олишга муносиб эмасми?
Тўртинчидан, бу муборак ҳаёт катта ибрат мактабидир. Таҳлика ва хавф-хатарга тўла ҳаётда тўғри йўлни танлаш ва ундан соғ-саломат ҳолда охират диёрига етиб бориш учун нажот бу – иймон бўлса, ёрдам берувчи – Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари, панд-насиҳатлари ва ўгитларидир. У зот гўзал хулқ, ҳалимлик ва кечиримлилик, ҳаё, меҳр-шафқат, аҳду вафо, камтарлик, шижоат, хайру саховат, Аллоҳдан қўрқиш ва тақво, дунёдан зуҳд қилиш, Роббил оламиннинг ваъдасига шак-шубҳасиз ишониш, сабр-тоқат, истиғфор ва тавба, Аллоҳни зикр қилиш, уйқуга ётиш ва туриш, гапириш, сукут сақлаш, кулиш ва йиғлаш, ваъз-насиҳат, муомала-муносабат, савдо-сотиқ, бошқарув ва идора қилиш, етакчилик, беморларни бориб кўриш, шахсий озодаликка риоя қилиш, қўйингки, инсон ҳаётининг турли жабҳаларида мўмин-мусулмонлар учун гўзал намуна ва ибрат эдилар. Ҳозирга қадар йирик аллома ва уламолар томонидан жилд-жилд шарҳлар ёзилса-да, унинг охиригача тадқиқ этишнинг иложи йўқ. Сарвари оламнинг ҳаётларини тубсиз денгизга қиёслаш мумкин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари билан танишиш давомида у зотни нафақат меҳрибон ота, жонкуяр оила бошлиғи, балки давлат раҳбари, қўмондон ва моҳир сиёсатчи сифатида бошқалар билан қандай музокара олиб боришларига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятида барча комил хислатлар ва гўзал сифатларни жамлади. У зот барча эзгу ва солиҳ ишларда, ёшу қари, катта-кичик, мусулмону номусулмон, аслзода-ю, оддий кишилар билан муомала қилишда ҳаммага ўрнак бўлдилар. Қай бир жиҳатда бўлмасин, у зотни кузатсак, ҳар доим тўғри йўлдан борганларига шоҳид бўламиз. Ваҳоланки, у зотнинг юксак хулқ ва одобларидан ҳатто душманлари хабар топган заҳоти ҳеч иккиланмай иймон келтирар ва у зотни ўзига раҳнамо қилиб олар эди. Росули акрамнинг чиройли муомалаларини кўриб кўнглида адоват сақлаганларнинг айримлари: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ер юзида мен учун сизнинг юзингиздан ёмонроқ юз йўқ эди. Энди эса, сизнинг муборак чеҳрангиздан севимлироқ чеҳра йўқ. Аллоҳга қасамки, мен учун сизнинг динингиздан ёмонроқ дин йўқ эди. Энди эса, бирор динни сиз келтирган диндан ортиқ кўрмайман. Аллоҳга қасамки, мен учун сизнинг шаҳрингиздан ёмонроқ шаҳар йўқ эди. Эндиликда шаҳрингиз менга дунёдаги энг яхши шаҳардир», деганини бир мулоҳаза қилиб кўринг. Бу фикрга у ўз-ўзидан келиб қолган деб ўйлайсизми? Ҳа, у зот ҳақида ёмон хаёлда юрганлар асл ҳақиқатни билмайди ёки нотўғри маълумотга ишониб, кимлардандир узуқ-юлуқ эшитилган хабарларга суяниб нотўғри тасаввурга эга кимсалардир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари тўрт турга бўлинади.
Биринчиси, инсоний амаллар.
Бунга Пайғамбар алайҳиссаломнинг инсоний хилқатдан келиб чиқиб қилган амаллари киради ва уларни пайғамбарликларига боғлиқ деб қаралмайди. У зотнинг хатти-ҳаракатлари, юриш-туришлари, ўтиришлари, еб-ичишлари, ухлашлари ана шундай амаллар сирасига киради. Мазкур ишларни қилиш-қилмаслик тўғрисида шариатда буйруқ ёки қайтариқ йўқ. Лекин шуни таъкидлаш керакки, инсоний эҳтиёж бўлган қайсидир амални у зот мунтазам равишда бажарган бўлсалар, ўша амал мубоҳликдан чиқиб, суннат ёки мустаҳабга айланади. Бунга у зотнинг ўнг ёнбош билан ётиб, ухлашларини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, қайсидир ишни амалга оширишда махсус ҳолатга риоя қилиш ҳақида бирор кўрсатма келган бўлса, у ҳам суннат ёки мустаҳабга айланади. Бунга сув ёки шунга ўхшаш бошқа ичимликни, орада нафасни ростлаб уч мартада ичиш, таомни ўнг қўл билан тановул қилиш мисол бўлади.
Иккинчиси, у зот ўз қавмининг урф-одатларидан чиқмаган ҳолда қили ва шаръий кўрсатма эканига далил келмаган амаллари.
Масалан, Пайғамбар алайҳиссалом асосан ўз қавмлари одатига мос тарзда кийиниб, пайғамбарликдан олдин кийган кийимларини нубувватдан кейин ҳам ўзгартирмадилар. Бироқ пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин эркак ва аёлларнинг либослари учун муайян шарт ва меъёрларни белгилаб бердилар. Демак, бу ҳақда алоҳида шаръий ҳукм келгани учун унга бўйсуниш зарур бўлди. Шунингдек, у зотнинг соч қўйишларига оид бир неча ривоятлар бор. Лекин сочни худди у зотникидек ўстириш ва бу борада у зотга эргашиш суннат ҳисобланмайди. Чунки у зот бу ишни шаръий ҳукмни ва диний таълимотларни баён қилиш учун амалга оширмаганлар. Агар оддий ишнинг шариатга боғлиқлиги тўғрисида бирор далил, тарғиб ёки буйруқ келган бўлса, унинг ҳукми ўзгаради. Бунга оқ либоснинг бошқаларидан афзаллигини мисол қилиш мумкин. Чунки бу хусусда Росули Акрамдан алоҳида ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Учинчиси, Росулуллоҳ алайҳиссаломга хос бўлган амаллар.
У зотнинг ўзларига хос бўлган амалларга ҳам эргашилмайди. Масалан, рўзани улаб тутишларида бу иш у зотга хослигини эътиборга олиш лозим.
Тўртинчиси, Росулуллоҳ алайҳиссаломдан диний ҳукмларни баён қилиш учун содир бўлган амаллар.
Бу турдаги амалларда у зотга эргашиш баъзан вожиб, баъзан суннат, баъзан мустаҳаб бўлади.
Қайси мавзу ҳақида баҳс юритишига қараб илмлар бир-биридан афзал бўлади. Шу жиҳатдан Қуръони карим ва унга тегишли илмлар бошқа илмларга қараганда афзалдир. Ундан кейинги ўринда сийрат илми туради. Сийрат сўзи луғатда ҳолат, йўл ва юриш-туриш деган маъноларни билдиради. Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли ёки таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумотларни сийрат дейиш мумкин.
Сийрат ва шамоилга бағишланган китобларда Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари, сўзлари, амаллари, ҳолатлари, сифатлари ва ҳақ пайғамбар эканларига далолат қилувчи аломатлар ҳақида сўз боради. Пайғамбарлик мақоми саъй-ҳаракат, ўз устида ишлаш, илм олиш ёки тажриба орттириш билан эришиладиган мақом эмас. Балки Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган бандасига берадиган туҳфа-инъомидир. Бу мақом учун кимни танлаш Аллоҳ таолонинг ихтиёридаги ишдир. Пайғамбаримизнинг муборак сийрат ва шамоилларини ўқиб-ўрганишдан мақсад чиройли қисса ва воқеалардан бохабар бўлиш ва у зот ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиб, билимни бойитишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. У зотнинг ҳаётларига ўтмишда ўтган ҳукмдор ва қўмондонларнинг фаолияти ва уларнинг тарихларига назар солгандек назар солиш ҳам тўғри эмас. Зеро, у зотнинг ҳаётлари дин аҳкомлари, Ислом асосларининг амалдаги татбиқи ва воқеликдаги ижроси эди.
Аллоҳ таолонинг пайғамбарлар орқали юборган илоҳий таълимотлари эътиқод ва амал бобида илмнинг қадр-қийматини баён этиш, илмсизлик, жаҳолат ва гумроҳликка барҳам бериш учун келган. Куфр, залолат, ширк, зулм, хунрезлик ва ахлоқсизликлар боши ва туб моҳияти аслида илм ва маърифат йўқлигига бориб тақалади. Биз яшаётган даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимаслик, динимизнинг асл моҳиятидан бехабарлик туфайли кўплаб мусулмонларни тайёр ўлжага айлатираётган, дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган тоифалар, илоҳий таълимотни бузиб кўрсатувчи кучлар кўпайди. Бундай мураккаб вазиятда сийрат ва шамоилни янада кенгроқ тадқиқ этиб, асл ҳақиқатини баён қилувчи қўлланмаларга эҳтиёж кўпроқ деб ўйлаймиз. Ҳозирги шароит бутун оламлар учун раҳмат бўлган Пайғамбар – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида содда, тушунарли ва оммабоп китоб ва рисолаларни кўпроқ тасниф этишни тақозо қилмоқда.
Тан олишимиз керакки, кўпчилигимиз сийратнинг фақат зоҳир томонидан хабардормиз, холос. Аксар ҳолларда у зотни улуғлаш оғизда айтиб қўйиладиган мақтовдан нарига ўтмайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишни ким хоҳламайди дейсиз? Лекин бу мақсад илмга ва ҳужжат-далилга асосланмас экан, ажр-савоб у ёқда турсин, балки салбий оқибатларни келтириб чиқармаслигига ким кафолат бера олади? Чунки қайси соҳага тегишли бўлмасин, сермаҳсуллик ва самара касб этиш учун ҳар қандай иш илм асосига қурилган бўлиши кераклигини асло унутмаслик зарур. Мана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсак, динимизда илм амалдан олдинги ўринга қўйилган. Илмни йўл бошловчи, амални эса эргашувчи деб эътибор қилинган.
Қўлингиздаги китоб Қози Иёз ибн Мусо ал-Андалусий раҳматуллоҳи алайҳнинг «Аш-Шифо битаърифи ҳуқуқил Мустафо» асари ҳамда буюк аллома ва фақиҳ Али ибн Султон Муҳамммад Нуриддин Қори[1] ҳанафийнинг унга ёзган «Шарҳуш-Шифо фи шамаили соҳибил истифо» номли шарҳи асосида тасниф қилинган. Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 476-544, милодий 1083-1149 йилларда яшаб ўтган йирик алломалардан биридир. У киши Сабта (ҳозирги пайтда Испанияга қарашли) шаҳрида туғилган. У зот Андалусга илм талабида сафар қилиб, Қуртубада таниқли олимлардан таҳсил олади. Кўп машойихлар билан учрашиб, ҳадислар тўплайди ва ҳадис илмига катта эътибор қаратади. Ибн Хотима бу зот ҳақида: «У суннатни улуғлайдиган, илмига амал қилувчи, тақводор, обид, зоҳид, ҳақни сўзловчи, ҳадис лафзларининг турли йўлларини пухта эгаллашга эътибор берар эди. «Машариқ» номли китоби бунга айни гувоҳдир», деб келтиради. У киши усул, калом, фиқҳ, луғат ва тарих илмида ҳам замонасининг энг пешқадам алломаси бўлган. Тафсир ва Қуръон қироатида катта илм соҳиби булганлар. 515/1121 йилдан бошлаб қозилик мансабида фаолият юрита бошлаганлар. У киши фатво бериш, дарс бериш, ўқитиш, тасниф қилиш билан машғул бўлдилар. Марокашда вафот этдилар. «Аш-Шифо» асари у зотнинг қаламига мансуб мўътабар манба эканини Мақаррий «Азҳарур-риёз» асарида шундай таърифлайди: Бу китоб у зотни бутун машриқу мағрибга танитди, оддий одамларнинг ҳам, хосларнинг ҳам, арабларнинг ҳам, ажамларнинг ҳам тилида достон бўлди. Унинг муаллифи ҳам, ўқувчилари ҳам Аллоҳга яқин бўлдилар”. Аҳли илмлар орасида бу китобни мақтаб: “Агар “Шифо” бўлмаганда одамлар Мустафони яхши танишмас эди”, деган гап бор. Ҳозирги кунда ҳам Мавританияда айрим уламолар робеъул аввал ойи кирганда бу китобни илм мажлисларида дарс қилиб ўқиб чиқиши одатга айлантирган.
Яна шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, «Аш-Шифо» китоби шу вақтгача барча олим ва фозил зотларнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этган. Улар томонидан бу асарга кўплаб шарҳлар ва изоҳлар ёзиб қолдирилган. Айниқса, Шиҳоб Хуфожийнинг «Насиймур-Риёз шарҳу Шифау Қози Иёз» номли шарҳи, Шайх Ҳасан Адавий Ҳамзовийнинг «Ал-Мададул Файёз» номли мухтасар шарҳи, аллома Тақиюддин Аҳмад ибн Муҳаммад Дорий Ҳанафийнинг «Музийлул хафо ан алфазиш-Шифо» номли шарҳи, аллома Бурҳониддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Халил Ҳалабийнинг «Ал-Муқтафо фи ҳалли алфазиш-Шифо» номли шарҳи, Имом Суютийнинг «Манаҳилу-Сафо фи тахрижи аҳадисиш-Шифо» номли асари (бу шарҳда китобдаги ҳадислар, ривоятлар ва уларнинг даражалари баён қилинган), Аллома Мулла Алий Қорийнинг «Шарҳуш-Шифо фи шамаили соҳибил истифо» номли шарҳи шулар жумласидандир.
Айниқса, «Аш-Шифо» асарига ёзилган шарҳлар ичида Мулла Али Қори (асл исми Нуриддин Алий ибн Султон ибн Муҳаммад Қори) раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи алоҳида ўрин тутади. У зот болалик пайтларидаёқ Қуръони каримни ёд олиб, таровиҳ намозларида хатмга ўтганлари, қироат илмининг пешвоси бўлгани учун «Қори» деган нисбатни олган. “Мулла” сўзи форсча сўз бўлиб, катта аллома, фазлатли, ҳурматли шахсга нисбатан ишлатилган. Ҳадис, усул, тафсир, қироат, калом, мунозара, тарих, наҳву, тасаввуф илмларида етакчига айланган бу аллома нақлий ва ақлий илмларни жамлагани билан Ислом оламида машҳурдир. У зот Хуросоннинг Ҳирот шаҳрида туғилиб, бошланғич илмини ўша ерда олади. Ўша вақтда бу шаҳар илм ва уламолар билан обод бўлган. Сафавийларнинг биринчи подшоси Шоҳ Исмол ибн Ҳайдар Сафавий Ҳиротни эгаллагандан сўнг у ерда яшаш оғирлашади ва Маккага кўчиб ўтиб, ўша ерда яшаб қолади. Аллоҳ таоло у зотга ўткир зеҳн, ноёб истеъдод берган эди. Қолган илмлар билан ёнма-ён хаттотлик билан ҳам қизиқиб, бу билимни ҳам мукаммал эгалладилар ва замонасининг энг моҳир хаттотлари қаторига қўшилдилари. Ўз қўллари билан бир неча мусҳаф кўчирдилар. Шайх Саъдидин Мустақимзода: “У зотнинг қалами сулус, насх, хатларида худди ёзган асарларида тиллари каби ўткир қилич эди”, деган.
Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ гўзал хулқли, ўта парҳезкор, сабрли, дунё зеб-зийнатларидан қўл силтаган, илмига амал қилувчи уламолардан эдилар. У кишининг мана шундай улуғ инсон бўлиб етишишларида оталарининг ўрни катта бўлган экан. Меҳрибон падари бузрукворининг динни рўкач қилиб дунё топишни қаттиқ қоралаганликларидан таъсирланиб улғайган аллома барча ишларида Аллоҳнинг розилигини топиш учун холис ният қилар эдилар. Шогирдларига ҳам шуни руҳда тарбиялар эдилар.
Буюк аллома «Мирқотул мафотиҳ шарҳу Мишкотил масобиҳ», «Фатҳу бобил-иноя», «Ас-симарул-жанийя фи асмаил ҳанафийя», «Шарҳу фиқҳул акбар», «Зовул-маалий фи шарҳи бадил-амолий» ва «Шарҳу айнул-илм» ва бошқа кўплаб асарларини ёзиб қолдирди. Ҳижрий 1014-йил, милодий 1606-йилда Маккаи Мукаррамада вафот этади.
Шом диёридан етишиб чиққан замондош ва таниқли уламолардан бири Ваҳба Мустафо Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ юқорида айтиб ўтилган икки мўътабар манбадан фойдаланиб, ўзи тарафидан баъзи ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ҳолда «Шамоилул Мустафо» номли китобини таълиф этиб, нашр эттиришга муваффақ бўлди. Мустафо Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ 1932 йилда таваллуд топиб, 2015 йил 8 августда вафот этди. У киши аҳли сунна вал жамоанинг машҳур олимларидан биридир. Асосан фиқҳ билан кўпроқ шуғулланиб, тўрт мазҳаб фиқҳи ва усули бўйича китоблар ёзиб қолдирган. Бу аллома қаламига мансуб «Ал-фиқҳул исламию ва адиллатуҳу», Имом Самарқандийнинг «Туҳфатул фуқаҳо» асридаги ҳадис ва бошқа ривоятлар таҳқиқи, «Усулу-фиқил-ҳанафий», «Ал-фиқҳул ҳанафийюл-муяссар» каби бошқа китоблари юртимиз уламоларига таниш.
Айтиб ўтиш жоизки, мазкур асарни тилимизга ўгириш давомида бир қанча мураккабликларга дуч келинди. Бу асар ўқувчиларимизга тушунарли бўлиши, аниқликлар киритиш учун асл манба – «Аш-Шифо» ва унинг шарҳлари, айниқса, Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи ва бошқа кўплаб манбаларга мурожаат қилишга тўғри келди. Маълумотларни бир-бирига таққослаш ва солиштириш, мавҳум туюлган ибораларга аниқлик киритиш зарурати туғилди. Чунки арабча матнни нашр қилиш пайтида йўл қўйилган айрим хатоларни тузатиш ва англаш қийин бўлган қисқа жумлаларни тўлиқ тушиниш, сўнгра она тилимизда ифодалаш, ривоятларнинг қайси ҳадис китобларидан олинганига аниқлик киритиш эҳтиёжи пайдо бўлди.
Айнан «Аш-Шифо» асари ҳақида тўхталадиган бўлсак, у қисм, боб ва фасллардан иборат. Масалан, биринчи қисм тўрт боб ва ўнта фаслдан иборат. Ваҳба Мустафо Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ бу тақсимотдан воз кечиб, ҳар бир мавзу остидаги маълумотларга ўзига мос сарлавҳа қўйишни маъқул кўрганлар. Мавзу ичида ўзининг мухтасар фикр-мулоҳазаларини келтиради, лекин бу ҳамма мавзуларда ҳам кўзга ташланмайди. Айрим ҳолларда улар мавзу бошида, гоҳида охирида саноқли сатрларда қайд этилган. Тадқиқотимиз давомида оят ва ҳадислардан кейин берилган изоҳлар, шарҳлар, ҳадислар ривояти ва даражалари Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳларидан тўлиқ олинганига шоҳид бўлдик. «Шамоилул-Мустафо» китоби сийратга оид бошқа асарлардан ўз услуби ва баён йўналиши билан алоҳида ажралиб туради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига оятларда қандай ишоралар борлиги, Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотни қандай улуғлагани, бу улуғлаш Қуръони каримда қандай ўз ифодасини топгани, Роббиси ҳузурида у зотнинг мартабалари ва бошқа масалалар оят ва ҳадислар билан боғлаб исботланган.
Аллоҳ барчаларимизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари, амаллари, ахлоқий сифатлари, мусаффо шамоилларига зоҳиран ва ботинан эгашишимизни, у зотнинг шафоатларига нойил бўлиб, ҳалқаларидан жой олишимизни насиб айласин. Бу муборак илмий манбанинг нашр этиш йўлида қилган барча саъй-ҳаракатларимизни Аллоҳ таоло ҳузурида қабул этсин.
(Давоми бор)
[1] Ҳижрий 1014-йил, милодий 1606-йилда вафот этганлар. Ҳиротда туғилиб, Маккада яшаб, ижод қилганлар.