Аввалги хабарларимизда айтиб ўтганимиздек “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасида қишки таътил давомида профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун“Таълим сифатини ошириш, самарали ўқув методларини ўзлаштириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш тартиби ва талаблари”мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Навбатдаги семинар машғулотига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагок кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ўқитувчиси Г.Кадирова ташриф буюрди ва “Таълимда баҳолаш меъзонлари: форматив ва симматив баҳолаш” мавзусида маъруза билан иштирок этди.


Ўқитувчи аввало устозларимизга баҳолаш тизими тўғрисидаги низом ҳақида маълумот бериб ўтди. «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисидаги» низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизимини белгилайди.
Сўнг унинг ички қисмлари ҳақида таништириб ўтди. Ушбу низомга кўра: талабалар билимини баҳолашда малакавий амалиёт, курс иши, фан (фанлараро) давлат аттестацияси, битирув малакавий иши, шунингдек магистратура босқичида илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар ҳамда магистрлик диссертацияси бўйича мазкур Низомда белгиланган баҳолаш мезонлари қўлланилади.



Талабаларнинг билими қуйидаги мезонлар асосида:
талаба мустақил хулоса ва қарор қабул қилади, ижодий фикрлай олади, мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 5 (аъло) баҳо;
талаба мустақил мушоҳада юритади, олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 4 (яхши) баҳо;
талаба олган билимини амалда қўллай олади, фаннинг (мавзунинг) моҳиятни тушунади, билади, ифодалай олади, айтиб беради ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга деб топилганда — 3 (қониқарли) баҳо;
талаба фан дастурини ўзлаштирмаган, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушунмайди ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга эмас деб топилганда — 2 (қониқарсиз) баҳо билан баҳоланади.
Назорат турларини ўтказиш бўйича тузилган топшириқларнинг мазмуни талабанинг ўзлаштиришини холис (объектив) ва аниқ баҳолаш имкониятини бериши шарт.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими
Р.Саиджалолов






