SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
Умму Ҳабиба Рамла бинт Абу Суфён (розияллоҳу анҳо)
22.03.2018 / Bo‘limda Islom tarixi, Maqolalar, Yangiliklar

Умму Ҳабиба Рамла бинт Абу Суфён (розияллоҳу анҳо)

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо динда собитқадамлик, садоқат ва сабр борасида жуда гўзал намуна бўлганлар. Уларнинг ҳаёти қийинчиликларга тўла бўлган. Бу – мушрик  қариндошлари ва муртад(диндан қайтган) эрининг  ундов ва тазйиқларига қарамасдан динида собит қолиб, ёлғизлик ва фақирлик машаққатларини бошдан кечирган аёлдир. Бу – Ҳабашистонда бўла туриб, икки олам сарварига узоқ масофадан туриб никоҳланиш шарафига эришган бахтли аёлдир.

Исмлари Рамла. Отаси Қурайш қабиласининг катталаридан бўлмиш Абу Суфён ибн Ҳарб, онаси эса Софийя бинти Абул-Ос. Машҳур саҳобий ва халифа Муовия розияллоҳу анҳу эса уларнинг акаси.  Нубувватдан 17 йил олдин Маккада таваллуд топдилар. Энг биринчилардан бўлиб ислом динини қабул қилдилар. Убайдуллоҳ ибн Жаҳшга турмушга чиқдилар ва қиз фарзандли бўлишди. Қизларига Ҳабиба деб исм қўйишди. Шу сабабли ҳам уларни “Умму Ҳабиба”, яъни “Ҳабибанинг онаси”   деб чақиришган. Кўпчилик бу онамизни айнан мана шу “Умму Ҳабиба” кунялари билан танийди. Эр-хотин ислом динини бирга қабул қилишди ва Ҳабашистонга ҳам бирга ҳижрат қилишди. Аммо Ҳабашистонда эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш ислом дининидан чиқиб, насронийлик динини қабул қилади.

Саъийд ибн Ос розияллоҳу анҳу Умму Ҳабиба онамизнинг қуйидаги сўзларини ривоят қилади:

“Тушимда эрим Убайдуллоҳ ибн Жаҳшни жуда ёмон ва ҳунук аҳволда кўрдим. Бундан даҳшатга тушдим, тушимни қандай  таъбир қилишни билмадим, аммо эримга нимадир бўлишини кўнглим сезди. Эрталаб уйғонганда эрим шундай деди: “Ей, Умму Ҳабиба, мен барча динларни ўрганиб чиқдим ва насронийликдан кўра афзал динни кўрмадим, унга яқинлашган пайтимда ислом динини қабул қилдим, энди ислом динидан чиқдим ва насронийлик динини қабул қилдим,” – деди. Мен: “Аллоҳга қасамки, сизнинг бу ишингизда ҳеч қандай яхшилик йўқ,”- дедим ва кўрган тушимни айтиб бердим. Аммо менинг сўзларимга эътибор бермади, ароқ ичишга муккасидан кетди ва муртад ҳолида вафот этди. Шундай кунларнинг бирида яна туш кўрдим. Тушимда бир овоз мени “Йа, уммал-муъминийн”, яъни “Ей, мўминлар онаси” деб чақирарди. Ҳайрон бўлдим. Демак Росулуллоҳ мени ўз никоҳларига олар эканлар, деб таъбир қилдим.

Иддам тугаган куни эшигим таққиллади. Очиб қарасам, эшигим олдида Нажжошийнинг Абриҳа исмли жорияси турибди. Киришга изн сўради. Уйга кирганимиздан сўнг: “Подшоҳим мени сизнинг ҳузурингизга юборганининг сабаби, Росулуллоҳ ўзларига сизни никоҳлаб беришини сўраб подшоҳимга хат ёзибдилар, Аллоҳ сизни яхши хабар билан қувонтирди, Росулуллоҳ сизни ўз никоҳларига олиш истагида эканлар. Подшоҳим сизни никоҳлаш учун ўз номингиздан бир инсонни вакил қилишингизни сўрадилар,” – деди.”

Сўнг  Холид ибн Саийд ибн Ос розияллоҳу анҳуга одам юбориб чақиртирадилар  ва уни ўз номидан вакил қиладилар. Сўнг жуда хурсанд бўлганларидан бу қувончли хабарни олиб келган Абриҳага қўлларидаги иккита кумуш билагузукни ҳамда оёқларидаги барча тақинчоқларини ҳам ҳадя қилиб берадилар.

Ўша куни кечаси Нажжоший Жаъфар ибн Абу Толиб ва у ердаги барча мусулмонларни ўз ҳузурига тўплади ва хутба қилиб шундай деди:

“Ал-Малик, ал-Қуддус, ас-Салам, ал-Муъмин, ал-Муҳаймин, ал-Азиз, ал-Жаббар исмлари соҳиби бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салам унинг бандаси ва элчиси ва Ийсо алайҳиссалом унинг башоратини берган зотдир.

Амма баъд: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан Умму Ҳабиба бинти Абу Суфённи ўзларига никоҳлаб беришимни сўраб хат ёздилар ва мен уларнинг илтимосларини бажардим ва Умму Ҳабибага маҳр сифатида 400(тўрт юз) динор бераман” .

Сўзларини тугатгач динорларни мусулмонларнинг олдига қўйди. Энди навбат  Умму Ҳабиба онамизнинг вакили Холид ибн Саъийдга келди. У турди ва:

“Аллоҳга ҳамд бўлсин, фақатгина Унинг ўзидан ёрдам ва нусрат сўрайман. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиздир, Унинг шериги йўқ ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, ҳамма диндан устун қилиш учун ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган элчисидир.

Амма баъд: Росулуллоҳ сўраган ишларига рози бўлдим ва Умму Ҳабиба бинти Абу Суфённи У зотнинг никоҳига топширдим, Аллоҳ бу никоҳни Росуллуллоҳга муборак қилсин,” – деди.

Динорлар Холид ибн Саъийдга топширилди. Тўпланганлар энди турмоқчи бўлишганди ҳам, бирдан Нажжоший: “Ўтиринглар, чунки пайғамбарларнинг суннати бўйича, никоҳдан кейин таом ейилади,” – деди ва таом олиб келишларини буюрди. Таом еб бўлингандан кейин барча йиғилганлар ўз уйларига тарқалишди.

Умму Ҳабиба онамиз айтадилар:

“Пулларни менга олиб келишганда, ҳаммасини менга қувонч хабарини олиб келган Абриҳага юбордим-да: “Ўзимда ҳеч қанча пулим йўқ ҳолимда буларни бугун сенга жўнатдим, бу 50 мисқол, буларни олгин-да ўзингни озод қил,” – дедим. У эса жўнатганларимнинг барчасини қайтариб юборди ва: “Подшоҳ сиздан ҳеч нима олмаслигимни буюрди, мен унинг кийимлари ва парваришига масъул жориясиман. Мен ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динига эргашдим ва Аллоҳга итоат этдим. Яна подшоҳ барча аёлларига ўзларидаги барча атирларни сизга беришларини буюрди,”- деди.

Эртаси куни менга турли хил мушк ва атирлар олиб келди, мен уларни олиб Росулуллоҳнинг ҳузурларига кетдим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доим мени ҳужрамда ана шу атирларни кўрардилар ва мени улардан қайтармасдилар.

Росулуллоҳнинг ёнига кетишимдан олдин Абриҳа келиб: “Сиздан битта илтимосим бор, Росулуллоҳнинг олдига борганингизда У зотга мендан салом айтинг ва У зотнинг динига эргашганимни билдиринг,” – деди. У менга жуда яхши муомала қилди, кўп меҳрибонлик кўрсатди. Ҳар сафар олдимга кирганида: “Илтимосимни ёдингиздан чиқарманг,” – дер эди.

Росулуллоҳнинг олдига борганимда хутба қандай бўлганини, Абриҳа менга қандай яхшиликлар қилганини айтиб бердим. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қилдилар. Сўнг мен уларга Абриҳанинг саломини етказдим, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ва алайҳа ас-салам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” – унга ҳам Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва барокатлари бўлсин,”- дедилар ”.  

Бу никоҳ ҳижратнинг еттинчи йили бўлиб ўтган. Аллоҳ уларнинг динда собитқадам бўлгани ва машаққатларга  гўзал ҳолда сабр қилганинг мукофотини бу дунёнинг ўзидаёқ кўрсатди. Мўминлар онаси бўлдилар, барча машаққат ва азиятларни унутиб юборишларига сабаб бўладиган бахтга сазовор бўлдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргаликда 4 йил бахтли ва осойишта умр кечирдилар.

Бундай бахт ва шарафга муносиб бўлиш истагида ҳар соҳада, ҳар жиҳатдан Росулуллоҳни рози қилишҳга уринардилар. Ўзларини Росулуллоҳнинг муҳаббати ва хизматига баҳшида қилдилар. Икки олам сарварининг муҳаббатини қозониш учун янада мукаммал бўлишга, нафақат У зотга, балки У зот ишлатадиган нарсаларга ҳам кучли эътибор бериб, асраб авайлар эдилар. Бу нарса уларнинг ҳар бир қилаётган ишлари ва ҳар бир  сўзлаётган гапларида ўз ифодасини топар эди. Росулуллоҳни ранжитиши ёки ҳафа қилиши мумкин бўлган ҳар бир ишдан жуда ҳам эҳтиёткор эдилар. Ўз оталари Абу Суфён билан бўлиб ўтган воқеа юқоридаги гапларимизнинг ёрқин исботи бўла олади, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Воқеа эса қуйидагича бўлганди:

Мушриклар Ҳудайбияда тузилган сулҳнинг бир бандига хилоф иш қилишади ва бунинг натижасида сулҳ бузилади. Кейинчалик уларни қўрқув ўраб олади, чунки улар бу нарса мусулмонларнинг уларга қарши уруш очишларига сабаб бўлишини кутишмаганди. Шунинг учун ҳам улар сулҳни чўздиришни хоҳлашади ва шу мақсадда Қурайш қабиласининг катталаридан бўлган Абу Суфённи Мадинага жўнатишади.

У пайтда Абу Суфён ҳали ислом динига кирмаган эди, аммо унинг қизи Росуллуллоҳнинг никоҳида эди. Шу сабабдан ҳам Росулуллоҳ унинг илтимосини қабул қилиб сулҳни чўзишига ишонарди. Аммо у ўйлагандек бўлмади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг илтимосини қабул қилмадилар. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳуларнинг олдиларига бориб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўндиришларини илтимос қилди, аммо улар ҳам унинг илтимосига жавоб қайтаришмади. У жуда ҳам ғамгин ҳолда қизининг эшигини қоқди. Эшикни очаркан, рўпарасида ўз отасини кўриб Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо бир лаҳза нима қиларини билмай қолдилар. Уйга киритиш ё киритмасликни билмас эдилар. Шу пайт отасининг мусулмонларга етказган барча азиятларини эсладилар. Исломнинг душмани ҳисобланмиш отасига қандай муомала қилишга ҳайрон эдилар. Шу хаёллар миясида айланар экан, ҳис-туйғулари ғолиб келиб отасини ичкарига киритдилар, ким бўлмасин, барибир у отаси эди, ахир.

Абу Суфён жуда чарчаган, ҳорғин аҳволда эди. Ахир, у бу ерларга жуда узоқ ва машаққатли йўл босиб келганди. Шу аҳволда ердаги тўшакка ўтирмоқчи бўлди, аммо Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо тезлик билан тўшакни олиб қўйдилар, чунки бу тўшакка доимо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирардилар-да, қандай қилиб ислом душманига бу муқаддас ўринга ўтиришга изн берсинлар. Абу Суфён қизининг бу ишидан жуда ҳайратга тушди ва ҳаттоки бироз жаҳли чиқиб сўради: “Қизим, мени бу тўшакдан қизғоняпсанми, ёки бу тўшакни мендан қизғоняпсанми?”. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо нима қилаётганларини жуда яхши англаб етаётганларини ифодалаб, шундай деб жавоб бердилар:

“Ота, бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаги, мен эса, Росулуллоҳнинг ўрнига тош-у ёғочлардан ясалган бутларга сиғинадиган мушрик инсон ўтиришига йўл қўёлмайман.”

Абу Суфён қизининг динига садоқати, Росулуллоҳга муҳаббати ва ҳаттоки у зотнинг буюмларига бўлган кучли эътибори ва ҳурматини кўриб қаттиқ ҳайратланди. Бу қандай меҳр? Ҳатто унинг буюмларига ҳам бунчалик даражада ҳурмат кўрсатиш… Бу нимани англатади? Қандай, ахир? Қизининг бундай муомаласи уни жуда ҳафа қилди. Қизига юзлана шундай деди: “Қизим, жуда ўзгариб кетибсан. Сенга қандайдир зарар текканга ўхшайди”. Бу сўзларига онамиз қуйидагича жавоб берадилар:

–                     Йўқ, ота, менга ҳеч қандай зарар тегмади, аксинча, Аллоҳ мени ислом нурига чиқарди. Сиз эса ҳамон ёғоч ва тошлардан ясалган, сизни эшитмайдиган ва кўрмайдиган бут-у санамларга ибодат қилишда давом этяпсиз. Қандай қилиб сиздек зийрак, фаросатли, узоқни кўрадиган инсон ҳалигача ислом нуридан узоқда, жаҳолат зулматларида қолиши мумкин?    

Қизининг бу гапларидан унинг ғазаби янада ошди:

–                     Наҳотки, сен мени ўз оталарининг динини қолдириб Муҳаммаднинг динига эргашади деб ўйласанг?

Шу сўзларни айтиб, ғазабланган ҳолида қизининг уйидан кетди.

Бу жойда Абу Суфён қизининг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати ва садоқатидан ғазабланди, аммо орадан бироз муддат ўтиб ислом неъматига мушарраф бўлгандан сўнг қизининг бахтидан қувонади ва ҳатто шундай қизи борлигидан фахр ҳиссини туяди.

 Умму Ҳабиба онамиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 30 дан ошиқ ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳижрий 44-йили, Муовия розияллоҳу анҳу халифалик даврида, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳа бетоб бўлиб қоладилар. Ёнларига Умму Салама ва Оиша розияллоҳу анҳаларни чақирадилар ва уларга юзланиб: “Орамизда қандайдир кўнгилсизликлар ўтиб қолган бўлиши мумкин, агар шундай бўлса мени кечиринглар ва Аллоҳга дуо қилиб мен учун мағфират сўранглар,” – дея илтимос қиладилар. Оиша онамиз илтимосларини қабул қилганлари ва дуо қилишларини айтганларида Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳа: “Мени хотиржам қилганингиз сингари Аллоҳ сизларни хотиржам қилсин,” – дейдилар.

 

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳа 664-йилда 73 ёшларида вафот этдилар ва “Жаннатул Бақий” қабристонига дафн қилиндилар.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин ва бизларга ҳам уларнинг ҳаётларидан ўрнак ва ибрат олишимизни насиб айласин.

 «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

 Ахмедов Охунжон

 

 

                                                                                                                                                   

What you can read next

БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга келади
БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга келади
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида футбол спорт мусобақаси
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида футбол спорт мусобақаси
Тилло узук воқеаси
Тилло узук воқеаси

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP