Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ихтилофлар урчиб кетган. Қўштирноқ ичидаги шайхлар ихтилофлар чиқариб ўзларини ҳақ тараф сифатида иддао этганлиги сабабидан илмсиз кишилар ўзлари билмаган шайхларига эргашиб кетишмоқда. Шундай кишиларнинг фикрларидаги гумонларини кетказишлик учун Пайғамбар алайҳиссалом дан ихтилофнинг ёмонлиги борасида бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Масалан: Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмоғимиз лозим. У зот бизни ихтилоф қилишдан қайтариб турсалар-у, биз ўзаро ихтилоф қилиб турсак, қандоқ бўлади?! Ҳадиси шарифда ихтилофнинг ёмон оқибати алоҳида таъкидланмоқда. Бу қалбларнинг ихтилофли бўлиб қолишидир.
Ҳа, бир-икки бор ихтилоф содир бўлгандан кейин, унинг таъсирида қалблар ихтилофли бўлиб қолса, Аллоҳ кўрсатмасин, кейин ўшандай қалб эгаларининг бошлари шубҳасиз келишмовчилик ва уруш-жанжаллардан чиқмай қолади.
Яна бир ривоятда эса Муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у киши қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иссиқ пайтда борган эдим, бир оят ҳақида ихтилоф қилган икки кишининг овозларини эшитиб қолдим. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар, юзларидан ғазаб билиниб турар эди. Бас, у зот:
«Албатта, сиздан олдин ўтганлар Китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалок бўлганлар!» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз саҳобаларидан иккиталарини бир оят ҳақида ихтилофга тушишларидан ғазабланишлари бежиз эмас экан. Чунки улар ўзлари сезмаган ҳолда, тарихдаги энг катта хатолардан бирини такрорлашаётган экан. У ҳам бўлса, илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилишдир. Олдин ўтган умматлар ўзларига келган илоҳий китоб ҳақида ихтилоф қилганлари учун ҳалокатга учрашган экан. Агар биз ҳам шу ишни қилсак, ўша қавмларнинг хатосини такрорлаган бўлмаймизми?!
Имом Бухорий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қуйидагиларни айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган оятни бир киши мен эшитгандан бошқача қироат қилаётганини эшитиб қолдим-да, уни қўлидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтирдим. Шунда у зот, иккингиз ҳам гўзал ишдасиз, дедилар. Шўба розияллоҳу анҳу, менимча, ихтилоф қилманглар. Албатта, сиздан аввалгилар ихтилоф қилдилар ва ҳалок бўлдилар, дедилар, деб айтди».
Демак, динимизда бир нарсани икки хил адо этиш мумкин бўлган жойлар ҳам бор экан. Маълум бир оятни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир хил, ҳалиги са-ҳобий розияллоҳу анҳу бошқа бир хил қироат қилган эканлар. Ихтилоф бўлиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ажрим қилишмоқчи бўлишган экан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, иккингизники ҳам тўғри, деб уқтирганлар. Лекин шу билан бирга бундоқ масалаларда ихтилоф қилиш мутлақо мумкин эмаслигини ҳам қаттиқ уқтириб айтганлар. Ихтилофнинг ҳаром иш эканлигига, мусулмонлар ҳеч ва ҳеч ихтилоф қилмасликлари вожиб эканига далолат қилувчи баъзи ҳадисларни келтириб ўтдик. Уламоларимиз, бир гапни айтишдан ёки бирор ишни қилишдан олдин уни яхшилаб ўрганиб, зарар олиб келмайдиган бўл-са, кейин уриниш керак, деганлар.
Асланқулов Аброрбек
Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси




