Боболаримиз эшитганларимиз ва қўҳна манбалардан ўқиганларимизга таяниб айтишимиз мумкинки, қадимда одамлар икки тоифага бўлинган. Олим ва авомга. Олим дейилганда илмли, ҳунарли, бирор мутахассисликка эга киши англашилса, авом дейилганда илмсиз, тайинли касб-кори йўқ, оддий кишилар тушунилган.
Оддий инсон ўзининг илмсизлигини билган ва уламолик даъвосини ҳам қилмаган. Уламоларнинг эса илм ҳосил қилишда ўзларига хос йўл-йўриқлари мавжуд бўлган. Мана шу қоидалар умум эътироф қилинган ҳолат ҳисобланган.
(Тўғри, баъзида оддий инсонлар ичидан ҳам фавқулодда истеъдодли кишилар етишиб чиққан, лекин биз, бу ўринда,умумий одат ҳақида фикр билдирамиз).
Аммо бугунги кунда кузатилаётган ҳодиса шуки, айримлар уламоларимиз китобларини ўқиб (уқибмас), дарҳол ўзгариб қолишади. Ўзларини илмлилар сафида кўришади. Ва лекин воқеъликда, гарчи ўзлари буни тан олишмаса-да, уларни том маънода илм эгаси деб бўлмайди. Чунки улар ўқиётган китоб уламолар китоблари бўлса-да, уни тафаккур қилаётган ақл авом ақлидир. Оқибат натижада уламолардан ҳам, оддий инсонлардан ҳам бўлмаган янги «қоришма» тоифа пайдо бўлмоқда.
Хўш, бунинг натижаси нимага олиб боради?
Улар илм аҳлининг китобларини оми ақллари ила тушунишади ва нотўғри тушунчаларига таяниб, ўзларини ўзлари замон уламолари тушунмаган масалаларини тушунган ва уларни ислоҳ қиладиган инсонлар деб эълон қилишгача боришади.
Бунга сабаб эса беақл инсон наздида ақл эгалари ҳам беақл кўринишидир. Улар билан баҳслашиш имкони йўқ, чунки улар баҳс қилиш қонун қоидасини ҳам билишмайди. Ва бунинг устига улар учун илм ўрганиш йўллари ҳам тўсилгандир, сабаби, улар ўзларини аллақачон «олим» санаб бўлишган, ўзларида илмга олишга ортиқча эҳтиёж сезишмайди.
Таъбир жоиз бўлса, уларни туяқушларга ўхшатиш мумкин: «Қуш каби уч» десанг ‘Туяман’ дейди, «Туя каби юк кўтар» десанг «қушман» дейди.
Бундайларга Аллоҳдан ақл ва саломатлик сўраб қоламиз!
Абдулҳамид Туркмоний саҳифасидан таржима қилинди.
Таржимон Р.Охунжонов






